Тарбия

Фарзандингиз тенгдошлари орасида кимлигини биласизми? Етакчи, юлдуз ёки кузатувчи…(I қисм)

Фарзандингиз ўз тенгдошлари орасида қандай ўринни эгаллашидан хабарингиз борми? Етакчи, юлдуз ёки кузатувчи… Балки у “ажратиб қўйилганлар” сафидадир. Мақолада болаларга ўз жамоасида муносиб ўрин эгаллаши учун қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.

Етакчи

Болалар гуруҳларида энг юқори ўринни “етакчи”лар эгаллайди. Қоида бўйича улар ўғил болалар ва қиз болаларда алоҳида бўлади. Етакчиларни доим яхши кўришмаса-да, одатда унга бўйсунишади.

Юлдуз

Юлдузларни жамоада ҳамма яхши кўради. Улар “етакчилар” билан рақобат қилишга уринмайди ва барча билан яхши муносабатда бўлади.

Жамоада кўпчиликни “ўртачалар” ташкил қилади. Бундай болалар ўзига хос жиҳатларини кўрсатишдан қўрқади ва “етакчи”ларнинг фикрини маъқуллайди.

Ҳар қандай жамоада 1—2 нафар “кузатувчи” топилади. Улар дўст танлашда инжиқ бўлади. Агар уларнинг ўзи бошқа болалар билан бирга ўйнашни истаса, болалар уларни ўйинга қўшади.

Ҳаммадан ажралиб турувчи “оқ қарғалар”га эса анча қийин бўлади. Бундай болалар одатда қизиқишлари ноодатий бўлган истеъдодли болалар бўлиб, улар кўпинча кулгуга қолади.

Қувғин қилиш бу “рад этилган”ларга нисбатан қўлланиладиган усулдир. Бундай болалар барчага талпинади, бироқ ҳеч ким у билан ўйнашни истамайди.

Болаларнинг жамоадаги ўрни турли ёшда турлича кўринишда намоён бўлади.

bolalar2

3 ёшдан 6 ёшгача

Кичкина “етакчи” ҳеч кимга тинчлик бермайди. Уйда бувисини қўшиқ айтишга мажбурлаган болакай, болалар боғчасида ким нима ўйнашини ҳал қилади. Бундай “етакчи”нинг ота-онаси вақти келиб унинг ўрнини бошқа бола эгаллаши мумкинлигига фарзандини тайёрлаши керак. Шунингдек, болани бошқаларнинг қизиқишларини ҳурмат қилишга ўргатиш зарур.

“Юлдузлар” эса энг қизиқарли ўйинчоқларга эга ва уларни қизғанмайдиган болалардир. Унга бошқа болалар унинг ўйинчоғини олишдан аввал рухсат сўраши лозимлигини тушунтириш керак. Бола дўстликни “сотиб олишга” уринмаслиги ва баъзан кимгадир йўқ дейишдан қўрқмаслиги зарур.

“Кузатувчилар” хотиржам болалар бўлиб, катталар билан мулоқотни афзал кўради. Бундай болаларни умумий ўйинлар чарчатиши мумкинлиги учун уларда қатнашишга мажбурлаш ярамайди. Яхшиси унинг кимга қизиқаётганлигини билиб, ўша бола билан дўстлашишига ёрдамлашиш керак.

“Оқ қарғалар” эса одатда барча учун қизиқарли нарсаларга бефарқ бўлади. Унинг сақич қоғозлари ўрнига марка тўплаши бошқа болаларнинг кулгусига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ унинг маркалари ичига сақич ёпиштиргичларини қўшиш орқали уни тенгдошлари сафига қўшиш мумкин.

“Ажратиб қўйилган” болалар эса одатда йиғлоқи, чақимчи, қизғанчиқ ва урушқоқ болалар бўлади. Агар фарзандингиздан бошқа болалар ўзини олиб қочаётган бўлса, унга ўзини бошқача тутиш орқали тенгдошлари билан яқинлашиш мумкинлигини тушунтириш лозим.

Давоми: Фарзандингиз тенгдошлари орасида кимлигини биласизми? Етакчи, юлдуз ёки кузатувчи...(II қисм)

Мақолани тайёрлашда “Воспитай!” сайти маълумотларидан фойдаланилди.