Фарзандимизга ўз жамоасида муносиб ўрин эгаллаши учун биз катталар ҳам ёрдам бера оламиз. Болаларнинг жамоадаги ўрни турли ёшда турлича кўринишда намоён бўлади.
Фарзандингиз тенгдошлари орасида кимлигини биласизми? Етакчи, юлдуз ёки кузатувчи...(I қисм)
7 ёшдан 10 ёшгача: Заковатлилар етакчи
Ушбу ёшда болалар учун ўқиш катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам энг ақлли болалар “етакчи”га айланади. Болада ўз ўрнини англаб етиш ва бошқа болалар учун жавобгарлик ҳисси пайдо бўлади. Улар “етакчи” учун зерикарли туюлиши мумкин, шунда у ўзини ёлғиз ҳис қила бошлайди. Бу ҳолатда унинг мулоқот доирасини кенгайтириш зарур бўлади.
Яхши дўст эса “юлдуз”га айланади. У доим кўчиришга рухсат беради ва ортиқча ручкасини бўлишади. Баъзан улар машҳурлигини сақлаб туриш учун ҳаммага ёқишга уринади. Масалан, ўзига зарар қилиб бўлса ҳам, дарс давомида бошқаларга айтиб туриш каби. Болага у иродасиз одам деган номни орттириши мумкинлигини тушунтириш лозим.
Мактабдан ташқарида дўстлари бўлган болалар эса “кузатувчи”га айланади. У умумий шўхликларда мамнуният билан иштирок этса-да, синфдошлари билан яқин муносабатлардан ўзини олиб қочади. “Кузатувчи”га болаларнинг унга нисбатан дўстона муносабатини қўллаб-қувватлаш зарурлигини тушунтириш керак.
Фақат ўқишга қизиқадиган ва жуда ҳам итоаткор болалар “оқ қарғалар” ҳисобланади.
“Ажратиб қўйилганлар” эса одатда болалар томонидан “ҳеч нарсага ақли етмайди” деб ҳисобланганлардан иборат бўлади. Ўқитувчиларнинг “севимли” ўқувчилари ҳам баъзан улар қаторидан жой олади. Улар ёлғизликдан қутулиш учун синфдаги энг сабрли болалар – “юлдузлар” билан дўстлашишга уриниб кўриши лозим.
11 ёшдан 14 ёшгача
Ўсмирлик ёшининг бошларида ўринлар мазмуни бироз ўзгаради. Қарама-қарши жинс вакилларининг эътиборини ўзига жалб қила олган ҳамда ўқитувчилар билан мунозараларда синфдошларининг манфаатларини ҳимоя қила оладиган болалар “етакчи”га айланади. Катталарга нисбатан қўполлик қилмаслиги учун уларга баҳс чоғида ўз талабларини асослаш мақсадга мувофиқ эканлигини тушунтириш лозим.
Синфдаги энг ёқимтой ва аксарият синфдошларининг муҳаббатини қозонган болалар “юлдуз”га айланади.
“Кузатувчилар” эса тенгдошларини кичкина ҳисоблаб, уларга юқоридан қарай бошлайди. Улар каттароқ ёшдаги дўстларга эга бўлганлиги учун синфдаги обрўси анча ошиши мумкин.
Замонавий кийинмаган ўғил ёки қиз болалар “оқ қарғалар”га айланиши мумкин. Ёшларнинг замонавий мусиқага бўлган қизиқиши тобора ошиб бораётган бир пайтда қайсидир мусиқачилар гуруҳини бошқасидан ажрата олмаслик ҳам бошқалардан ажралиб қолишга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай гуруҳлар қанчалик ғашингизга тегмасин, фарзандингизга воқеалар ривожидан хабардор бўлишига рухсат беринг.
“Ажратиб қўйилганлар” эса хавфли гуруҳни ташкил этади. Улар синфдошлари билан алоқани бутунлай узиб, ўхшаш муаммога эга болалар орасидан дўст топишга интилади. Ажралиб туриш учун эса улар дарслардан қочиш, чекиш ёки бошқа ёмонроқ одатларни ўзлаштириши мумкин. Уларга ёрдам бериш учун спорт тўгаракларига беришингиз мумкин. Янги машғулот ва янги танишлар туфайли уларнинг ўзига бўлган ишончи ортади.
Мақолани тайёрлашда “Воспитай!” сайти маълумотларидан фойдаланилди.