– Ўнг кўкрагимда 2-3 миллиметрли тугун аниқланди. Шифокорлар дори-дармон ёрдамида муолажа қиламиз, дейишаётган бўлсада, хавотирим бор, бордию муолажа кор қилмаса-чи? Дугоналарим, «яна фарзандли бўлсанг, чақалоқни кўкрак сути билан парваришласанг, тугун ўз-ўзидан сўрилиб кетади» дейишаётганди. Балки шу усулдан кўпроқ фойда бўлар, сиз нима дейсиз?..
Савол «СМС» орқали келган
Саволга тиббиёт фанлари номзоди Нигора МАҲМУДОВА жавоб беради:
– Одамлар орасида «фарзандли бўлинса, кўкракдаги тугун сўрилиб кетади», «қиздирувчи мойларнинг фойдаси бор» деган янглиш фикрлар мавжуд. Афсуски, кўп ҳолларда билиб-билмай бажарилган усуллар акс таъсир кўрсатиши мумкин. Кўкракдаги хавфсиз ўсма ҳомиладорлик туфайли хавфли турга айланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қачонки кўкрак фаолиятида аниқланган ўзгаришлар туғиш ва бола эмизиш ҳисобига яхшиланиши шифокор томонидан тасдиқланса, ҳомиладорлик тавсия этилиши мумкин. Саратон ташхисидан қочиш эмас, вақтида тўғри даволаниш кейинги асоратлардан ҳимоялайди. Бугунга келиб, эрта аниқланган кўкрак бези саратони самарали даволанилаётгани сир эмас. Ўсма ўлчами 2 сантиметргача бўлганида жарроҳлик аралашуви, 2 сантиметрдан катта ҳолатларда эса жарроҳлик билан кимёвий гормонал терапия уйғунликда комплекс муолажа ўтказилади. Эрта аниқланган хасталикда кўкракни асраб қолиш фоизи юқори. Айтилган фикрдан келиб чиқиб, турли хил фикрларга чалғимасликни ва шифокор маслаҳатига амал қилишингизни айтиб қоламан.
Манба: Darakchi.uz