Савол: Бизнинг фарзандимиз йўқ. Турмуш ўртоғим билан келишиб, фарзандликка бола олишга қарор қилдик. Қандай кишилар бола олиш ҳуқуқига эга ва бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига кўра, фарзандликка олишга фақат вояга eтмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.
Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича алоҳида иш юритиш тартибида, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.
Ака-укалар ва опа-сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга йўл қўйилмайди, фарзандликка олиш болаларнинг манфаатларига мувофиқ келган ҳоллар бундан мустасно.
Фарзандликка олишда қуйидаги шахслар устунлик ҳуқуқига эга бўладилар:
- турар жойидан қатъий назар фарзандликка олинувчининг қариндошлари;
- фарзандликка олинувчи бола оиласида яшаётган шахс;
- ака-ука, опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар;
- ўгай ота ва ўгай она;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
- касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар.
Ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1999-йил 12 апрелдаги 171-сон қарорига 3-илова сифатида қабул қилинган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”Низомга кўра, болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.
Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:
- никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);
- оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;
- иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;
- иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;
- фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий- маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;
- санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.
Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.
Васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида оиланинг турмуш шароитларини, болаларни тарбияга олишни истаганларнинг моддий таъминланганлик ҳолатини текширади, текшириш далолатномасини тузади ва текшириш далолатномаси асосида уларни ҳисобга қўяди. Ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчилар эътиборига қарор қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун муддатда етказилади. Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисобда турган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобда турган ва ота-оналар қаровисиз қолган, шу жумладан тарбиялаш ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидаги вояга етмаган болаларнинг дастлабки танлаб олинишини амалга оширади.
Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилага берилади, тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра улар бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.