Кутубхона

Гаджетлар ва стол ўйинлари. Қай бирини танлаймиз?

Ижтимоий тармоқлар ва ахборот технологиялари асрида деярли ҳар бир оилада гаджетлар бор ва замонавий одамни уларсиз тасаввур қилиш қийин. Бироқ стол ўйинлари оила аъзоларининг бўш вақтини мароқли ўтказиш воситаси сифатида бемалол гаджетларнинг ўрнини боса олади. Болалар учун бундай ўйинлар бир қатор ижобий хусусиятларга эга.

Хўш, гаджетларнинг фойдали жиҳатлари нимада?

Улар бизнинг ҳаётимизни енгиллаштиради ва сониялар ичида ахборот олиш имкониятини беради. Қолаверса, болалар техникани катталарга қараганда жуда тез, деярли йўргакдан ўзлаштириб олади. Қулайликдан ташқари, у замонавий ва ҳаммабопдир.

Агар ундаги ижтимоий тармоқлар оқимини саралаш ва ахборотга ақлли ёндашувни ўрганса, баъзи мобил дастурлар болаларни ҳатто саводга, математика ва чизишга ҳам ўргатиши мумкин. Билимни ошириш учун хизмат қилувчи мультфильмлар болаларнинг атрофимиздаги олам ҳақида янги билимлар олишига ёрдам беради.

gadjet

Бироқ гаджетларнинг салбий оқибатлари ҳам мавжуд.

Гаджетлардан жуда эрта ва чекланмаган миқдорда фойдаланиш албатта салбий оқибатларга олиб келади. Гаджет - смартфон ёки планшет бўш вақтни мароқли ўтказиш воситаси сифатида қўлланганда, боланинг ривожланиши фақат майда моторика ва кўриш таассуротлари билан чекланади. Энг муҳими ҳиссий қабул қилиш билан боғлиқ бошқа соҳаларга қизиқиш йўқолади.

Нима қилиш керак?

Кўпчилик психологлар ва педиатрлар ота-оналарга болаларни ҳаракат фаоллиги ва жонли мулоқот билан таъминлашни тавсия этади. Бола фақат телефон ёки компьютер билан ўйнамаслиги зарур. У анъанавий ўйинларни ҳам билиши керак, чунки кишининг тўлақонли ривожланиши одамлар ва нарсалар билан алоқа ўрнатиш орқали ва фақат реал ҳаётда юз беради.

Албатта гаджетлардан фойдаланишни бутунлай чеклаб қўйишга зарурат йўқ. Улар баъзан мактаб дарсларини тайёрлашда жуда қўл келади. Зарур материал ва маълумотларни интернетдан осонгина топиш мумкин. Муҳими берилиб кетмаслик! Бола планшет, смартфон ёки компьютер билан қанча вақтини ўтказаётганлигини кузатиб бориш лозим.

Шуни ёдда тутингки, агар ота ёки онанинг ўзи бутун бўш вақтини гаджет билан ёки ижтимоий тармоқларда ўтказса, бола бу каби хулқ-атворни нормал ҳисоблай бошлайди.

Болани гаджетлардан қандай чалғитиш мумкин?

Энг самарали усуллардан бири бу барча оила аъзолари билан ўйналадиган стол ўйинларидир. Вақтни бундай ўтказиш усуллари эрамиздан аввалги асрлардаёқ юзага келган ва ҳозирга қадар оммабоп ҳисобланади.

Стол ўйинларини ҳамма жойга олиб бориш мумкин, ҳар қандай шароитда ва деярли чекланмаган ўйинчилар сони билан ўйнаш мумкин. Бундай ўйинлар учун қўшимча маблағ ҳам талаб этилмайди, барча зарур нарсалар ўйин қутисининг ичида мавжуд бўлади. Айнан шунинг учун улар кўплаб мамлакатларда бўш вақтни оила даврасида ўтказишнинг асосий кўриниши ҳисобланади.

Стол ўйинларининг қандай фойдали жиҳатлари бор?

Ўйин жараёнида авлодлар ўртасидаги чегара йўқолади, қариндошлик алоқалари ва оиладаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Болалар ота-оналари билан бирга ўйнай туриб, ўзларини улар билан бир хил мақомда ҳис қилади, ота-оналар учун эса бу ишдан кейин дам олиш учун ажойиб имкониятдир.

birga o‘ynash

Стол ўйинлари болаларни ўз ҳаракатлари ва қарорлари учун масъулиятни ҳис қилиш, мағлубиятларни ҳам тан олиш ва бошқаларнинг муваффақияти учун ҳам хурсанд бўлишга ўргатади. Шунингдек, улар ёрдамида болалар ўзини ва тенгдошларини яхши тушунишни ўрганади, ақлий ва руҳий ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Деярли барча стол ўйинлари ҳиссий ва ижтимоий интеллектни ривожлантириш механизмига эга бўлиб, боланинг хаёлот олами, тасаввурлари, зийраклиги, мустақиллиги ва фикр юритиш жараёнини ривожлантиришга ёрдам беради. Стол ўйинлари ёрдамида болаларнинг хотираси мустаҳкамланади, улар ўз ҳаракатларини таҳлил қилишни ўрганади.

Ўйин туфайли болалар реал ҳаётда асқотадиган турли ҳиссиётларни бошдан кечириш бўйича бебаҳо тажрибага эга бўлади.

Болалар тез улғаяди ва барча маълумотларни ўзига қабул қилиб олади. Шунинг учун уларнинг келажаги бугун биз улар учун қандай ўйин ва ўйинчоқларни танлашимизга чамбарчас боғлиқ.

Фарзандингиз учун қай бири яхшироқ - стол ўйинларими ёки гаджетлар, буни ўзингиз ҳал қилинг.

Мақолани тайёрлашда "Parents.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.