— Турмуш қурганимга 2 йилу 7 ой бўлди. Барча таҳлилларни топширдик, текширувлардан ўтдик. Шифокорларнинг хулосаси: биз соппа-соғмиз. Лекин шу пайтгача ҳомиладор бўлолмаяпман. Ҳатто бачадон ичи инсеминациясини ҳам қилдирдик. Афсус, натижа бермади. Яна нималар қилишни тавсия этасиз?
Севара, Тошкент шаҳри
— Ҳозирги кунда бепуштликнинг 40 га яқин сабаби мавжуд. Барча турини аниқлаш саноқли клиникалар, жумладан, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан амалга оширилади. Агар барча текширувлар ўтказилган, тиббиётга маълум бўлган ҳолатлар аниқланмаган бўлса, бу бепуштликнинг ноаниқ тури ҳисобланади. Лекин қайси текширувлардан ўтганингизни яна бир бор кўздан кечиринг. Масалан, баъзилар эр-хотиннинг ўзаро мослик текширувини унутиб қолдиради. Бу эса муҳим текширув. Ростдан ҳам барча зарур таҳлилларни топширган бўлсангиз, энди ҳомиладорликка руҳан тайёргарлик кўринг. Асабийлашавериш ҳам муаммонинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлишини унутманг.
Манба: Darakchi.uz