Кутубхона

Икки қиз ҳақида эртак

Бир қизча бўлган экан. Кунлардан бир куни онаси ёввойи картошка кавлаб келгани ўрмонга юборибди. Қизча белкураги билан саватни қўлига олиб, ўрмонга борибди ва чакалакзорга кириб қолибди. Чакалакзорда оқ қирчумолининг ини ва иннинг тагида уя бор экан. Қизча уя атрофини тимирскилаб ёввойи картошка қидира бошлабди, бир вақт белкураги сонидан чиқиб кетиб, тўппа- тўғри ҳалиги уя ичига бориб тушибди Қизча ҳарчанд уринмасин, белкуракни ололмабди, шундан кейин бақириб одамларни ёрдамга чақира бошлабди. Бирдан қалин чакалакзордан катта йўлбарс чиқиб келибди, унинг бошини яра босиб, йиринглаб кетган экан. --Ҳой қиз, янглишмасам, ёрдамга чақирдинг, шундайми? Мен сенга ёрдам беришга тайёрман,белкурагингни ҳозир олиб бераман. Лекин, сен бошимдаги ярани йирингдан тозалашинг лозим бўлади. Менга бошқа илтифотинг керак эмас, - дебди йўлбарс. --Вой буважон- эй! Сиз фақат менга белкурагимни олиб беринг., мен эса сиз учун ҳамма нарсани адо этишга тайёрман. Йўлбарс белкуракни олиб берибди-да, қизча ваъдасини устидан чиқармикин деган хаёлда сабр қилиб қараб турибди. Қизча учи ўткир таёқчани олиб, ярани йирингдан тозалай бошлабди. Йўлбарс ундан: --Ҳойнаҳой, теримдан қўланса ҳид келса керак-а?—деб сўрабди. Ҳақиқатан ҳам путос боғлаган яралардан чиққан ҳидга чидаб бўлмаскан, аммо қизча: --Йўқ, йўқ, буважон, ҳечам ундай эмас,-деб жавоб берибди. Йўлбарс қайта-қайта сўрасаям, қизча уни саволига бир хилда жавоб қилибди. Қизча ўз ишини тугатиши билан бирдан йўлбарснинг териси ўзгарибди, бутунлай янгиланиб, яралардан тозаланиб ялтираб турганмиш. Йўлбарс қизга: -Саватингни менга бер, сенга яхшигина қилиб ёввойи картошка солиб берман,-дебди. Қизча ўзи тўқиган саватчасини узатибди, йўлбарс унга кўрсатмай саватга соф олтин ва кумушларни тўлдириб солиб, устини яхшилаб беркитибди-да, қизчага: --Мана, ол саватчангни,тез уйингга бор.борганингдан кейин ака ва опаларингни, қариндош-уруғларингни чақириб, эшикни ичкаридан маҳкам бекитгин-да, сўнг саватчани оч,--дебди. Қизча йўлбарсга миннатдорчилик билдириб, у билан хайрлашибди, уйга келиб ака-опалари, қариндош-уруғларини чақирибди, эшикни ичкаридан маҳкам ёпиб, саватчасини очибди. Қараса, саватчаси олтин ва кумушга лиммо-лим эмиш! Орадан кўп вақт ўтмай бу янгиликдан қўшниси хабардор бўлиб қолибди, унинг ҳам қизи бор экан, у қизига дашном бериб, қарғай кетибди: --Бошқаларга бир назар ташла! Ўрмондан сават-сават олтин, кумуш олиб келиб ака-укаларига инъом қиляпти. Сен бўлсанг ёввойи картошкадан бўлак ҳеч нарса топа олмайсан. Белкуракни ол-да, оқ қирчумолиларнинг инига бор, қўшни қиз нима қилган бўлса, сен ҳам шундай қил, - деб қизини уйдан қувиб чиқарибди. Қўшни қиз ўрмонга етиб борибди. У белкуракни сонидан ажратиб олиб қирчумолиларнинг инига улоқтириб, йўлбарсни ёрдамга чақира бошлабди, йўлбарс келгандан кейин унинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга сидқидилдан ваъда берибди. Йўлбарс белкуракни олиб берибди-да, бу хизмати эвазига яраларини йирингдан тозалашни ундан илтимос қилибди. Қўшни қиз ишга киришганда, йўлбарс ундан: -Ҳойнаҳой, теримдан қўланса ҳид келса керак?- деб сўрабди. -Вой буважон, нимасини айтасиз, шундай жирканжлики! -Ҳай, майли. Бўлди қила қол. Тўқилган саватчангни менга бер, мен сенга бирор нарса солиб бераман,-дебди йўлбарс. Қўшни қиз дарҳол саватини унга узатибди. Йўлбарс унинг саватига тўлдириб заҳарли илонларни солиб, бундай дебди: --Уйга борганингдан кейин, онангни чақир-да, эшикни ичкаридан яхшилаб беркитиб ол, кейин саватингни оч. Қўшни қиз худди йўлбарс айтгандай қилибди. Уйга келгандан сўнг онасини чақирибди, она-бола олтину кумушларни бўлишиб оламиз, деган хаёлда саватнинг оғзини очишибди. Қарашса, у ердан даҳшатли заҳарли илонлар чиқиб кела бошлабди. Она –бола оёқларини қўлларига олиб қочишибдики, бошқа бу жойларда улар қораларини кўрсатишмабди. Тилинг бошингга этади, деганлари шу бўлса керак. Кхмер халқ эртаги