Саломатлик

Иситмани дори-дармонларсиз тушириш усуллари

Боланинг юқори ҳароратини дори-дармонларсиз тушириш мумкинми? Сизга ҳароратни махсус воситаларсиз пасайтиришнинг бир неча усуллари тўғрисида айтмоқчимиз.

Ҳўллаб артиш

Тана ҳароратини бир неча даражага пасайтиришнинг энг оддий усули ҳўллаб артишдир. Болани ечинтиринг ва баданини хона ҳарорати (23–25 °C) даги сувга ботирилган сочиқча ёрдамида артинг. Салфетка унчалик ҳўл ҳам, ҳаддан ташқари қуруқ ҳам бўлмаслиги: ҳўллаб артилгандан кейин тери устида нам томчилар қолиши керак.

Нам пайпоқчалар

Пайпоқчаларни совуқ сувда ҳўлланг, уларни яхшилаб сиқинг ва боланинг оёқларига кийдиринг. Унинг устидан эса яна бир жуфт қуруқ пайпоқ кийдиринг. 15-20 дақиқа ўтиб пайпоқлар исигандан кейин буни яна такрорлашингиз мумкин.

Муз

Муз – баланд ҳарорат билан курашишда ажойиб ёрдамчи ҳисобланади, асосийси – ундан ақл билан фойдаланиш.

Бунинг учун майда бўлакчаларга ажратилган музни полиэтилен пакетларга жойлаштиринг, сочиққа ўранг ва йирик томирлар ўтган жойларга: қўлтиқ остига, тизза тагига, чов соҳаси бурмаларига 5 дақиқа қўйиб туринг.

Агар зарур бўлса буни 15 дақиқадан кейин яна такрорласангиз бўлади.

Иситмани пасайтирувчи табиий воситалар

Кўпчилик мева ва ўсимликлар таркибида ҳароратни пасайтириш хусусиятига эга бўлган моддалар мавжуд. Бу моддалардан бири – кўплаб иситмани туширувчи дориларнинг таркибий қисми бўлган салицил кислота.

Олхўри ва цитруслилар, шунингдек смородина, гилос ва қулупнай таркиби унга бой бўлиб, бу меваларни ҳарорат кўтарилганда истеъмол қилиш жуда фойдали.

Бундан ташқари, жўка (липа) гули, малина, қайин ўсимтаси, жамбиллар тер ҳайдаш хусусиятига эгадирлар. Ўсимликлар одатдаги чойга қўшиб дамланади.

Яна бир фойдали табиий восита ҳисобланувчи асал бир вақтнинг ўзида ҳам иситмани тушириш ва ҳам тер ҳайдаш хоссаларига эга.

Шунингдек у бактериялар ва вируслар билан самарали равишда курашади ва иммунитетни мустаҳкамлайди.

Манба: Daryo.uz