Саломатлик

Кичкинтой бош мия ички босими билан туғилса...

«Бола бўлгандан кейин йиғлайди-да! Кеча-кундузни алмаштириб қўйган, чилласидан кейин ҳаммаси жойига тушади» бундай гаплар тез-тез қулоққа чалиниши рост. Лекин бу хато фикр! Соғлом бола ҳеч қачон инжиқлик қилмайди ва уйқуси бузилмайди. Борди-ю, бундай ҳолатлар тез-тез кузатилса, билингки гўдагингиз соғлигида бирор ўзгариш бор. Бунинг сабаблари жуда кўп бўлиши мумкин. Айниқса, бош мия ички босими кўтарилганда бола ўзини лохас сезади. Кичкинтойга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, кейинчалик, боғча-мактаб даврида ҳам оғир феъл-атвори билан барчани қийнаши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун бемор болакайни тўғри парвариш қилиш зарур. Бу ҳақда болалар невропатологи Лола ШОДМОНОВА маълумот беради.

НЕГА ШУНДАЙ БЎЛАДИ?

Бош мия – асаб тизимининг марказий бўлими. Уни махсус суюқлик – ликвор ювиб туради. Бу жараён тинимсиз давом этади. Лекин баъзан ушбу суюқлик мия қоринчасида ёки мия ва калла суяги орасида тўпланиб, бош мия томирлари ва тўқимасига босим ўтказади. Айнан шу ҳолат боланинг умумий аҳволига таъсир қилади. Бола ҳаддан зиёд асабий, йиғлоқи бўлиб қолади, уйқуси бузилади, тез уйғонади, кўп қусади, бошини кескин орқага тортади, бошидаги лиқилдоқ доим ҳаракатда бўлади. Мутахассислар бунинг сабабини ҳомиладорлик ва туғруқнинг қай тарзда кечгани билан боғлашади. Эслаб кўринг: балки ҳомиладорлик пайтида шамоллагандирсиз ёки бирон касаллик билан оғриган бўлишингиз мумкин. Йўлдош кўчиши ёки кеч токсикоз ҳам боланинг бош мия ички босими кўтарилиши билан туғилишига таъсир қилади. Туғруқнинг чўзилиб кетиши, боланинг гипоксия (кислород етишмаслиги) билан ёки киндигига ўралиб туғилиши ҳам мазкур ҳолатга сабабдир.

ТАШҲИС ТЎҒРИМИКАН?

Фарзандингиз аҳволидаги ҳар қандай ўзгаришни сезишингиз заҳоти шифокор-педиатр ҳузурига боринг. Кўрикда боладаги белгилар ҳақиқатан ҳам асаб тизимига боғлиқ эканлиги аниқланса, даволовчи шифокор сизларни невропатолог ҳузурига жўнатади. У ерда тиббий кўрикдан ташқари, албатта қўшимча текширув усуллари – кўз тубини текширтириш ҳамда бош мия УТТ (нейросоно­графия) ўтказилади. Ташҳис тасдиқланса, керакли даво чораларини қўллаш керак.

АҚЛИЙ РИВОЖЛАНИШИГА ТАЪСИР ҚИЛМАЙДИМИ?

Мутлақо. Аксинча амалиёт бундай болаларнинг иқтидорли бўлиб, хотираси кучли, ҳар томонлама ривожланган, фикри теран, мусиқий ва бадиий тафаккурга эга эканлигини кўрсатмоқда. Ота-онадан талаб этилгани, вақтида дори-дармонларни бериб, боланинг кўпроқ дам олишига қўйиб бериш.

ҚАНДАЙ ПАРВАРИШ ҚИЛАМИЗ?

1. ВАҚТИДА ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТИНГ. Бош мия ички босимининг кўтарилиши ташҳиси қўйилган болалар маълум муддатларда тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Мутахассиснинг илк кўриги қанча эрта бошланса, муолажа шунчалик самарали кечада. Бола ёшига етмай, муаммо бартараф этилади, аҳволидаги ўзгаришлар бошқа қийнамайди. Кейинчалик ҳам шифокор буюрган дори-дармонларни соатма-соат (ўз вақтида) қабул қилишни канда қилманг. Акс ҳолда, бу жараён узоқ вақт чўзилиб, кейинчалик фарзандингизнинг феъл-атворига ҳам таъсир қила бошлайди: у уришқоқ ва тажовузкор, инжиқ, мулоқотга қийин киришадиган бўлиб улғаяди.

Биласизми:

Одатда, бу касалликнинг зўрайиши баҳор-куз мавсумига тўғри келади. Бу даврда невропатолог билан маслаҳатлашиб, ўқув юкламасини камайтиришга ҳаракат қилиш, бош мияда қон айланишини яхшиловчи ва тинчлантирувчи дори воситаларни қабул қилиш керак.

2. МЕҲР КЎПРОҚ БЎЛСИН. Бош мия ички босими кўтарилган болаларнинг аҳволига ҳатто об-ҳавонинг бузилиши ҳам таъсир қилади. Бундай пайтда уларнинг боши қаттиқ оғрийди, ўзи беҳол ва инжиқ бўлиб қолади, гапга кирмайди. Онадан талаб қилинадигани бола қайси ёшда бўлмасин, унга кўпроқ меҳр-эътибор кўрсатиш. Чақалоқ бўлса, вақтингиз борми-йўқми, уни кўпроқ қўлда олиб юришга, қучоқлашга ҳаракат қилинг. Қўлингизда бўлган маҳал, сиздаги сокинлик аста-секин унга ўтиб, тинчланиши осон бўлади. Унга кўпроқ табассум қилинг, биргаликда кулишинг, сокин овозда ҳар бир ҳаракатингизни изоҳлаб, у билан суҳбатлашинг, шунда бола ўзини хавфсиз ва қулай сезади ва бошидаги оғриқдан чалғийди. Боғча-мактаб ёшидаги боланинг куни қандай ўтгани билан алоҳида қизиқинг, нималар уни қийнаётганлигини сиздан яширмай, рўй-рост гапириб беришига қўйиб беринг. Бош мия ички босими кўтариладиган болалар баъзан мулоқотга қийин киришиб, тенгқурлари билан низога бориши мумкин. Бундай пайтда масалани адолат билан ҳал қилиш, боланинг қайси ҳолатда ноҳақ эканлигини тушунтириш муҳим. Акс ҳолда у ўз соғлиғини рўкач қилиб, худбин бўлиб катта бўлади.

3. ЭМИЗИШ ФОЙДА БЕРАДИ. Она сути мўъжизага қодир! Бола эмишни истагани заҳоти, овқатлантиринг, ўзингиз билан бирга ётқизинг. Шунда бола бошидаги оғриқ анча камайганини сезасиз.

4. САЙРГА ВАҚТ АЖРАТИНГ. Тоза ҳаво бош миядаги қон айланишини тезлаштиради. Шунинг учун кунига икки маҳал, эрталаб ва оқшом тушишидан ярим соат олдин албатта, очиқ ҳавода сайр қилиши керак. Сайр учун арчазор ёки дарахтли жойларни танлаганингиз маъқул. Бу боланинг ташқи муҳитга тезроқ мослашишига ёрдам беради, лохасликдан сақлайди. Шароит бўлса, баҳор-ёз мавсумида тоғли ҳудудда дам олишга ҳаракат қилинг.

5. ДАМ ОЛИШИГА ҚЎЙИБ БЕРИНГ. Бош мия ички босими кўтарилган болалар бошқа тенгқурларига қараганда тез толиқади. Кун тартибини режалаштиришда ҳам шунга алоҳида эътибор бериш керак. Фарзандингиз улғайганидан кейин ҳам мактабдан келгач, бир соат давомида дам олишига (ухлашига) эътибор беринг. Шунингдек, унинг кунига 2 соатдан кўп телевизор кўрмаслиги ҳам муҳимдир. Компьютер ўйинларини эса кунига ярим соатдан кўп ўнамаслиги лозим.

6. ҲАРАКАТ КЎП БЎЛГАНИ ЯХШИ. Ҳар куни 1 соат давомида бола билан гимнастика машқлари билан шуғулланиш керак. Болани махсус гимнастика тўгарагига жойлаштиришингиз мумкин. Эрталабки бадантарбия машқларини ҳам канда қилманг. Акс ҳолда бола кун давомида ўзини ланж ва беҳол сезади. Бундан ҳам яхшиси, ҳафтада уч марта болани сузишга беришдир. Лекин жароҳат билан боғлиқ бокс, кураш, баскетбол, волейбол, футбол, югуриш каби спорт турлари қатъий тақиқланишини унутманг.

7. УҚАЛАШ МУОЛАЖАЛАРИГА ҚАТНАНГ. Малакали массажчи 5-6 муолажадаёқ боланинг таранг мушакларини ростлаб, ундаги гипертонус аломатларини йўқотади, натижада бошдаги қон айланиши яхшиланади. Қарабсизки, боланинг йиғлоқилиги йўқолади, уйқуси яхшиланади. Лекин бунинг учун даволовчи массаж муолажасини камида йилига 3-4 марта олишга тўғри келади.

8. ОВҚАТЛАНИШ ТАРТИБИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ. Таомнома оқсил, витамин ва минераллларга бой бўлиши керак. Бола гўштли маҳсулотлар, айниқса, балиқ, бедана тухуми, жигар, калла-пойча каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиши лозим. Наҳорга сабзи, лавлаги, исмалоқ, петрушка шарбатини аралаштириб ичиши ҳам фойдали.

Биласизми:

Хитойда бу касалликни даволашда тут дарахти пўстлоғининг қайнатмасидан фойдаланилади.

Россияда эса саримсоқпиёзнинг спиртли тиндирмаси ёрдамида мазкур касаллик даволанилади.

Мевалардан кўк олма, шотут ва анор, сут маҳсулотларидан қатиқ ва сузмани кўп-кўп тановул қилиши талаб этилади. Бу маҳсулотлар сийдик ҳайдовчи таъсирга эга бўлгани учун миядаги қон айланиш яхшиланишига ҳам хизмат қилади.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси