Одатда, соғлом кичкинтойлар 7 ойлигида мустақил ўтиришни ўрганиб, сўнг эмаклашни бошлашади. Эмаклаш бола организми учун фойдали ва керакли жараён ҳисобланади. Бироқ айрим болалар эмаклашга қийналиб, бир йўла юриб кетишади.
1. Бола эмакламаслигининг асосий сабабларидан бири раxит касаллиги бўлиши мумкин. Мушаклар сустлиги боланинг эмаклай олмаслигига олиб келади.
2. Кўпинча болалар майдончаси (манеж)дан чиқмаган, қўлда кўтариб юришга ўрганган ёки чақалоқлигида маҳкам йўргакланган болаларнинг эмаклаши ҳам қийин бўлади.
3. Семизроқ, йўғон суякли кичкинтойлар эмаклашга эринишади, аммо уларнинг қўлларидан ушлаб аста-секинлик билан ўргатишингиз мумкин.
4. Баъзи болалар эмаклаш нималигини тушунмай, дангасалик қилишади. Бу вазиятда фарзандингиз билан ёши тенг ёки ундан 2-3 ойлик катта болали дугонангизни меҳмонга чақиринг. Дангаса болакай ўзи каби дўстининг ҳаракатчанлигини кўриб, унга эргашади.
5. Болага ҳаракатланиши учун кенгроқ жой ҳозирланг. Ортиқча нарса-буюмларни олиб қўйинг.
6. Кичкинтой полни ялаб кўриши, даҳлиздаги оёқ кийимларни қизиқиб ушлаб кўриши мумкинлигини ҳисобга олинг-да, уйни доим озода тутинг.
7. Шунингдек бола эмаклашни бошлаганда хожатхона ва ҳаммом эшиклари ёпиқ туришига аҳамият беринг. Биринчидан, боланинг у хоналарга эмаклаб кириши гигиенага тўғри келмайди, иккинчидан у ердаги кимёвий воситаларни қизиқиб, оғзига солиш хавфи бор.
8. Агар полингизни сирғалувчан, силлиқ ламинат ёки паркет бўлса, бола эмаклаганда йиқилмаслиги учун полга гиламлар тўшаб қўйинг.
9. Эмаклашни бошлаган болага, тиззаларига қалин мато тикилган кийимчалар ҳарид қилинг. Шунда боланинг нозик тиззалари лат емайди.
Манба: Darakchi.uz