Биласизми?

Кичкинтой хуррак отса...

Болакай уйқусида хуррак отаётгани сезиб қолсак, “ҳа, отасининг боласи-да” деб, мийиғимизда кулиб қўямиз. Аммо бир қарашда беозор кўринган бу ҳолат боланинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Болакайнинг хуррагига қуйидаги 8 белги ҳамроҳлик қилса билингки, отоларенголог ёки педиатр шифокорга мурожаат қилишга асос бор.

  • Уйқуда қаттиқ терлаш. Бу симпотик нерв тизимининг ҳаддан ортиқ фаол ишлаши туфайликислород етишмовчилигини келтириб чиқаради.Бурун орқали етарли кислород ололмаган организм тери орқали нафас олишга ҳаракат қилади. Шу сабабдан бола кучли терлайди.
  • Бола нафас олганида кўкрак қафаси ботиб қолиши. Бу ҳам организмнинг нафас олишга бўлган интилиши натижаси бўлиб, хуррак бартараф этилгач, ўтиб кетади.
  • Боланинг ноқулай ётиб қолиши. Баъзида кичкинтой бўйнини ҳаддан ортиқ чўзиб ухлайди. Чунки бу ҳолат нафас йўлларининг очилишига кўмаклашади.
  • Бош оғриғи. Агар кичкинтойингиз уйқудан уйғонгач бош оғриғидан шикоят қилса, билингки, танага етарли миқдорда кислород бормаяпти. Бу эса қон босимнинг ортиши ва бош оғриғига сабаб бўлади.
  • Болакай “тагини ҳўллаб” қўйса. Замонавий тадқиқотлар хуррак отувчи болалар кўп ҳоллардауйқуда тагини хўллаб қўйишга мойил бўлишини аниқлади. Хуррак отиши даволангач эса 66 фоиз болаларда энурез ҳам ўз-ўзидан ўтиб кетиши кузатилган.
  • Ойпарастлик ёки босинқираш. Бу ўзгаришлар ҳам уйқуда хуррак отиш, тўғрироғи мияга кислород етишмаслиги билан боғлиқ бўлиб, даво чоралари ўз вақтида амалга оширилса асоратларсиз бартараф этилади.
  • Болалар гипертонияси. Юқори қон босимидан азият чекадиган ҳар бир кичкинтой, албатта, отолоренголог шифокор текширувидан ўтиши лозим. Чунки инсон ҳар гал хуррак отганидабир сонияга нафас олишдантўхтайди, доимий тўхташлар эса танага кислород етказиб бера олмайди ва шундоқ ҳам хаста юракнининг фаолиятини янада мураккаблаштиради.
  • Семизлик.Кузатувчилар 30 фоиз ортиқча вазнли шумтакалар уйқусида хуррак отади, деган хулосага келишди. Агар дўмбоқ болаларда хуррак ўз вақтида даволанмаса гипертония, моддалар алмашинувининг бузилиши ва инсулинга чидамлиликнинг камайиши каби хасталикларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, хуррак бола вазн ташлашига ҳам ҳалақит бериши таъкидланмоқда.

“Отасининг болаларини” албатта шифокор кўригига олиб боринг. Юқорида саналган, аломатларнинг бир қанчаси фарзандингизда кузатилса, унинг саломатлигига бефарқ бўлманг! Ахир, кўзингиз оқу-қораси соғлом бўлса, сизнинг кўнглингиз ҳам хотиржам бўлади-ку...

Манба: Darakchi.uz