Мақоланинг биринчи қисмида машҳур педагог, “Йил ўқитувчиси” мукофоти соҳиби Рон Кларкнинг ўз ўқувчилари учун ишлаб чиққан 55 қоидадан 20 тасини тақдим қилган эдик. Қуйида мазкур қоидаларнинг 15 тасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
21-қоида.
Синфда одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қиламиз. Ҳар қандай топшириқни бажаришда баҳамжиҳат ва самарали ҳаракат қиламиз. Буларга эришиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилишимиз керак:
- Берухсат ўрнингиздан турманг. Истисно: агар тобингиз қочса, дарҳол чиқиб кетинг.
- Қуйидаги ҳолатлардагина гапиришингизга рухсат берилади:
Қўлингизни кўтарганингиздан сўнг, сизга мурожаат қилсам;
Сизга савол берган вақтимда, унга жавоб қайтариш учун;
Тушлик вақтида;
Сизга бирон топшириқ берсам (масалан, гуруҳ бўлиб ишлаш вақтида).
22-қоида.
Ўзингиз билан идишда сув олиб келишингиз ва уни партангиз остига қўйишингиз мумкин. Дарс ўтаётган вақтимда сув ичиш учун мендан рухсат сўрашингиз шарт эмас. Шунингдек, ўзгаларга кўрсатмасдан ва менга эшиттирмасдан бирон нарса тановвул қилишингиз ҳам мумкин.
23-қоида.
Мактабдаги бошқа ўқитувчиларнинг исмини билиб олинг ва уларга исмлари билан мурожаат қилинг. Масалан, “Хайрли тонг, жаноб Греҳем” ёки “Хайрли кун, Отиз ҳоним”. (Эслатма: агар синфхонада бўлсангиз, унда ўқитувчилар билан бемалол гаплаша олмайсиз, сабаби бу вақтда “гапирмаслик” қоидаси ишга тушади (21-қоида). Ўқитувчилар билан мактаб ичида ва ташқарисида фақат дарсдан ҳоли вақтда, таътил вақтида, топшириққа биноан ва синфларни алмаштириш вақтида гаплашишингиз мумкин)
24-қоида.
Ҳожатхонадан фойдаланганингиздан сўнг, унитаз сувини тортишни ва қўлингизни ювишни унутманг. Қўлингизни ювгандан сўнг, сувни ўчириш учун жўмракни бурашда ҳожатхона қоғозидан фойдаланинг (жўмракни қўлингиз билан ушламаслик мақсадида). Имкон қадар ювилган қўлларингиз билан кир жойларни ушламасликка ҳаракат қилинг.
25-қоида.
Мактабимизга тез-тез меҳмонлар келиб туришади. Агарда меҳмонлардан биронтаси бизнинг синфни кўришни ихтиёр этса, унда икки нафар ўқувчини меҳмонни кутиб олиш учун кириш эшиги олдига юбораман. Меҳмонимиз келгач, у билан кўришиб, уни ичкарига таклиф қиласиз. Меҳмонни синфга олиб киришдан аввал, мактаб бўйлаб кичик экскурсия ўтказганингиз ҳам маъқул.
26-қоида.
Ошхонада (буфет) жойларни бутунлай банд қилманг. Агарда кимдир ёнингизга ўтиришни сўраса, уни бажонудил таклиф қилинг. Ҳеч кимнинг раъйини қайтаришга ҳаракат қилманг. Биз – бир оиламиз ҳамда бир-биримизга ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишимиз зарур.
27-қоида.
Агар мен ёки бошқа ўқитувчи бирон ўқувчи билан гаплашаётган ёки унга танбеҳ бераётган бўлсак, ўша ўқувчига қараманг. Чунки ўзингизда ҳам бирон муваффақиятсизлик бўлса ёки сизга танбеҳ беришса, ўзгаларнинг сизга қарашларини хоҳламаган бўлардингиз. Шу сабабли, бундай вазиятда сиз ҳам бошқаларга қараманг. Агар сизга танбеҳ бераётган бўлсам, унда ўзгаларнинг қараб тургани учун жаҳл қилманг ва бу ҳолатдан безовта бўлманг. Ҳаммасини менга қўйиб беринг ва бу вазиятга ечим топа оламан.
28-қоида.
Агар уйга вазифа масаласида бирон саволингиз бўлса, унда менга қўнғироқ қилишингиз мумкин. Қўнғироғингизга жавоб бера олмасам, унда тахминан қуйидаги кўринишда хабар қолдиринг:
“Салом, мистер Кларк. Мен ___________________. Менга уй вазифаси билан боғлиқ қуйидагича ёрдам керак: ___________________________. Менга соат ___гача қўнғироқ қилишингиз мумкин. Раҳмат”.
Ва асосийси, ушбу хабарни 14 марта қолдиришингиз шарт эмас.
29-қоида.
Амал қилишингиз лозим бўлган овқат билан боғлиқ бир қатор этикет қоидалари мавжуд бўлиб, мен уларни “Менинг этикет алифбом” (My ABC’s of etiquitte) деб номлаганман.
- A) Овқатланиш учун стол атрофига ўтиришингиз билан, энг аввало тиззангизга салфетка қўйишни (ёйишни) эсдан чиқарманг. Агар ошхона жиҳозлари салфеткага ўралган бўлса, унда уларни олиб, салфеткани тиззангизга қўйинг.
- B) Овқатланишни тугатгач, салфеткани столга, тарелканинг чап томонига қўйинг. Ўзингизни бетартиб қилиб кўрсатишни хоҳламасангиз, унда салфеткани ғижимламанг. Аммо салфеткани тахлаб қўйиш ҳам тўғри келмайди. Бу сизни яна ўша салфеткадан қайта фойдаланиш истагингиз борлигини кўрсатади. Салфеткани ҳеч қачон стулда қолдирманг. Бу билан салфетка столга қўйишга арзимайдиган жаражада ифлос эканлигини кўрсатасиз. Яна баъзи жойларда, стулга қўйилган салфетка, ушбу ресторанга (овқатланиш жойига) бошқа қайтиб келмаслик ишорасини ҳам беради.
- C) Ҳеч қачон тирсагингизни столга қўйманг.
- D) Бир қўллаб овқатланинг. Фақатгина бирон нарса кесаётганда ёки нонга бирон нарса суртаётгандагина икки қўлингизни ишлатсангиз бўлади. Ҳеч қачон бир қўлингизда вилка, иккинчи қўлингизда стаканни бир вақтда тутманг.
- E) Ҳеч қачон қўлингизни яламанг. Агар қўлни тозалаш ниятида бўлсангиз, бунинг учун салфетка бор.
- F) Лабингизни чапиллатманг ва қаттиқ (овоз чиқариб) чайнаманг.
- G) Оғзингизни очган ҳолда чайнаманг.
- H) Оғзингизни тўлдириб, овқат еманг. Баъзи одамлар оғзига овқат солиб, бир вақтда гапиришади ҳам. Сиз бундай қилманг. Аввал еб олиб, кейин гапиринг.
- I) Агар тишингизга бирон нарса кириб қолса, ўша жойнинг ўзида олиб ташлашга уринманг. Аввал алоҳида хонага чиқиб, кейин олиб ташланг.
- J) Хўриллатиб ичманг.
- K) Овқатингизни ўйнаманг.
- L) Агар вилка, салфетка ёки шу каби бирон нарсангиз тушиб кетса, уларни ердан олиб, стол устига қўйманг. Бу жуда қўпол ва гигиенага тўғри келмайдиган иш. Агар ердаги нарсани олсангиз, унда уни официантга беринг ва ўтирганлардан узр сўраб, овқатланишни давом эттиришдан аввал албатта қўлингизни совун билан ювиб келинг. Яхшиси бирон жиҳоз ерга тушганда официантдан ўша жиҳозни янгилаб беришни илтимос қилинг ва ердаги нарсага тегманг.
- M) Деярли барча овқатларни тановул қилаётганда ошхона жиҳозларидан фойдаланинг. Қуйидаги 10 та овқатни истеъмол қилиш учун қўлингизни ишлатсангиз бўлади:
- Пицца
- Бекон
- Печенье
- Нон (ҳар доим ея олишингиз мумкин бўлган кичкина бўлакча кесиб (синдириб) олинг. Агар нонга бирон нарса суртмоқчи бўлсангиз, унда ноннинг барча бўлагига суртманг. Аввал биттада тишлай оладиган қисмингизга суртинг. Еб бўлгач, навбатдагисини суртасиз).
- Сўтали маккажўхори (уни узунлиги бўйлаб ейиш керак, кўндаланг айлантириб эмас)
- Хот-дог, гамбургер, сэндвич, шунингдек, бисквитларни ҳам.
- Картофель фри ва чипслар.
- Қовурилган жўжа.
- Сарсабил (ҳа, ўша сиз овқатга қўшиб ейдиган узунчоқ, яшил кўкат)
- Майда мевалар (масалан, узум), олма, апельсин, сабзи ва ҳ.к.
- N) Ҳеч қачон узоқроқдаги бирон нарсани олиш учун кимнингдир олдидан қўл узатманг. Яхшиси, керакли нарсани олиб беришларини сўранг. Масалан: “Илтимос, менга тузни узатиб юбора олмайсизми?”.
- O) Жойингизга ўтирмасдан туриб, ҳеч қачон овқатланишни бошламанг.
- P) Агар биз ресторанда овқатланаётган бўлсак, унда стол атрофидаги барча инсонларга овқатлари олиб келинмагунгача, тановул қилишни бошламай туринг.
- Q) Йўлнинг узоқлигидан, овқатнинг бемазалигидан ёки кўп кутишга тўғри келган вазиятларда шикоят қилманг ёхуд нолиманг. Ўзингизнинг салбий фикрларингиз билан ўзгалар кайфиятига таъсир қилманг.
- R) Агар сиз овқат учун қайси ошхона жиҳозини ишлатишни билмаётган бўлсангиз, унда энг аввал тарелкангиздан узоқроқда жойлашган вилка, қошиқ ва пичоқлардан фойдаланинг. Чап томонингизда салатлар учун вилка ташқи томони билан туради, унинг ёнида эса овқатга ишлатиш учун вилка ички томони билан туради. Ўнг томонда суюқ овқатларда фойдаланиш учун қошиқ, унинг ёнида эса чой ёки кофени аралаштиришга мўлжалланган қошиқча туради. Улардан кейин салат учун пичоқ, унинг ёнида овқатда ишлатиш учун пичоқ жойлашган бўлади. Тарелканинг юқори қисмидаги жиҳозлар десертда ишлатиш учун мўлжалланган.
- S) Овқатланиб бўлгач, ўзингиздан тарелкани суриб қўйманг. Яхшиси у турган жойида қолаверсин. Агар овқатланиб бўлганингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз, унда вилка ва пичоқни тарелка устига эни бўйлаб диагонал тарзда қўйинг. Вилкани тишларини пастга, шунингдек, пичоқни ҳам ўткир қисмини пастга қаратиб қўйинг. Сизга яқин тарафда вилка туриши керак.
- T) Ҳеч қачон ишлатилган ошхона жиҳозларини қайтиб столга қўйманг. Уни тарелка устида ёки овқат идишининг ўзида қолдиринг.
- U) Агар бирон ошхона жиҳозини ишлатмаган бўлсангиз, унда уни тарелка устига ёки овқатга солманг. Уларни турган жойида қолдиринг.
- V) Официантга буюртма бераётганда, савол сўраётганда ёки раҳмат айтаётганда ҳар доим унга қараган ҳолда мурожаат қилинг.
- W) Официант сиздан буюртма қабул қилаётганда, унинг исмини сўранг. Имкон борича унга тез-тез исми билан мурожаат қилинг.
- X) Агар сиз бирон иш билан ташқарига чиқмоқчи бўлсангиз, унда албатта стол атрофидагилардан узр сўраган ҳолда туринг.
- Y) Сизга десерт ёки шунга ўхшаш нарса таклиф қилишаётганда, “Сиз нима деб ўйлайсиз?” ёки “Ўзингиз нимани хоҳлаган бўлардингиз” каби саволлардан кўра, “Қандай вариантлар бор?” деб сўраганингиз маъқул. Натижада ресторанда йўқ маҳсулотларни санашга кетадиган вақтни иқтисод қилиб қоласиз.
- Z) Ҳеч қачон официантга хизматкордек муомала қилманг. Уларга ҳурмат ва мулойимлик билан мурожаат қилинг. Унутманг, улар буюртма олиб, сизга овқат олиб келадиган инсонлар. Ахир официантлар томонидан қандайдир ёмонлик қилинишини хоҳламайсиз-ку.
30-қоида.
Овқатланиб бўлгач, стол устини тозалашни унутманг. Полда чиқинди қолмаганига эътибор қилинг. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, ўзингиздан бирон чиқинди қолмаслиги учун жавобгар бўласиз. Ён-атрофни ифлос қилмаётганингизга ишонч ҳосил қилишингиз керак.
31-қоида.
(ушбу қоида ўша мактабда амал қилган. Тарж. изоҳи)
Меҳмонхонага жойлашган пайтимизда, биз кетганимиздан сўнг хонани тозалайдиган ходимлар учун ёстиқ остига чойчақа қўйиб кетиш мақсадга мувофиқ. Кунига 2 ёки 3 доллар бериш тавсия қилинади. Бу албатта хонанинг нархига ҳам боғлиқ.
32-қоида.
Автобусда кетаётганингизда ҳар доим олдинга қараб кетинг. Қолган ўқувчилар билан гаплашиш учун ўгирилманг, ойнадан ҳеч нарса ташламанг, ўрнингиздан турманг. Автобусдан тушиб кетаётганда, албатта ҳар доим ҳайдовчига раҳмат айтинг ва хайрли кун тиланг.
33-қоида.
Экскурсияга чиққан пайтимизда бегона инсонлар билан сизларни таништирсам, уларнинг исмларини эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Кетаётган вақтимизда эса уларга исмлари билан мурожаат қилган ҳолда миннатдорлик билдириб, хайрлашинг.
34-қоида.
Сизга шведча стол ёки синфдаги тадбир вақтида овқат таклиф қилишса, ҳеч қачон очкўзлик қилиб, ўзингизга керагидан ортиқ овқат олманг. Бу нарса четдан қараганда нафақат хунук кўринади, балки бошқаларга етарлича егулик қолдирмасдан, ўзгаларга нисбатан ҳурматсизлик ҳам қилган бўласиз.
35-қоида.
Қаердалигининг аҳамияти йўқ, мактабдами ёки экскурсиядами, агарда кимдир бирон нарсасини тушириб қўйса, уни олиб, эгасига қайтаринг. Ҳатто ўша нарса, эгасининг ёнгинасига тушган бўлса ҳам, хушмуомалалик билан эгилиб, олиб беринг.
Инглиз тилидан Хушнудбек Худайбердиев таржимаси.
Манбаа: www.xushnudbek.uz