Тарбия

Муваффақиятли инсонлар ота-онасининг тарбия усулига хос 11 ўхшашлик

            

  1. Улар уй ишларида фарзандларининг ёрдамидан фойдаланадилар

Стендфорд университети профессори Жули Линкотнинг "Фарзанд тарбиялаш" китобида ёзилишича, болаларга уй ишларини ўргатиш ҳам катта сабоқ. Бу биринчи навбатда уларнинг меҳнат ва билим доирасини кенгайтирса, иккинчидан масъулиятли бўлиб вояга етишларига хизмат қилади.

Кейинчалик ҳам уй ишларида ёрдам берган болаларда шаклланган кўникма ишга жойлашганларида иш берувчи ва ҳамкасблар билан муваффақиятли алоқаларни йўлга қўйишларида ёрдам беради. Боиси, бу билан болаларда ишга мустақил кириша олиш, қийинчиликларни бардош билан енгиш, сабр ва меҳнатга чидамлилик хусусиятлари пайдо бўлган бўлади.

У мазкур хулосаларни чиқаришда Ҳарвард университети томонидан ўтказилган Grant Study – инсон муваффақиятига бағишланган энг узоқ давом этган тадқиқот натижаларига ҳам суянган.

Мисол учун, болага уйни тартибга келтиришни, қоғоз бўлакларини йиғишни, ўз кийим-кечакларини тартибга келтиришни ўргатиш орқали болалар ҳаётнинг бир қисмига айланиш учун меҳнат қилиш зарурлигини англайдилар.

  1. Улар фарзандларига ижтимоий муносабатларга киришишларига ёрдам берадилар

Пенсильвания штати университети олимлари 700 нафар иштирокчилар ўртасида уларнинг ижтимоий муносабатларга киришишини аниқлашга оид тадқиқот ўтказди. Иштирокчиларнинг болалар боғчаси ёшидан 25 ёшгача бўлган ҳаёти, деярли 20 йиллик муддат таҳлил қилинди. Асосий урғу муваффақиятли инсонларнинг болалик чоғларидаги ижтимоий кўникмаларига қаратилди.

Ўрганилган 20 йиллик тадқиқот ва хулосалар шуни кўрсатдики, ўз тенгдошлари билан тез муносабат ўрната оладиган, бошқаларга ёрдам қўлини чўзишга ошиқадиган, атрофидаги инсонларнинг ҳолатини, ҳисларини тушуна оладиган, ўз муаммолари юзасидан бирор ечим таклиф қила олиш кўникмасига эга болалар 25 ёшга қадар ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишар экан.

Ижтимоий муносабатлар кўникмаси ривожланмаган болаларнинг кўпчилигида келажакда жиноятчи бўлиш, ичкиликбозликка муккасидан кетиш, бошқаларга суяниб яшаш эҳтимоли юқори бўлар экан.

Болаларимизни ёшлигидаёқ одамларга қўшиш, уларга бошқалар билан муомалани ўргатиш уларни соғлом турмуш тарзига тайёрлаш билан баробар.

  1. Улар фарзандларидан юқори натижа умид қиладилар

Лос-Анжелесда жойлашган Калифорния университети профессори Нил Ҳалфон 2001 йилда 6,600 нафар болалар ўртасида сўров ўтказиб, ота-онанинг фарзанд келажаги хусусидаги ўрнини аниқлашга аҳд қилди.

Натижалар эса ўз фарзандига катта умид бағишлаган, буни фарзандига айтган ота-оналар охир-оқибат мақсадларига етишларини кўрсатган.

Ўз фарзандини коллежда ёки университетда ўқитиш истагида бўлган ота-она йиллар давомида буни фарзандига уқтириб келади ва фарзандини бунга руҳан тайёрлайди.

Сўровда иштирок этган, коллежда паст баҳо билан ўқийдиган 57 фоиз коллеж ўқувчилари ота-оналари болалик чоғларида коллеж ва уларнинг келажаги ҳақида кам гапирганини, коллежда таҳсил олиш билан боғлиқ оилавий қарорни ҳам мактабни битиришга яқин чиқарганликларини айтишган. Аълочи ўқувчиларнинг 96 фоизи эса ота-оналаридан болалик чоғлариданоқ коллеж ва университетда таҳсил олишлари зарурлиги ҳақидаги фикрларни кунора эшитганликларини таъкидлашган.

Руҳиятда кимнингдир умиди бошқа бировнинг ҳаётига таъсир қилиши, "Пигмалион таъсири" номли руҳий таъсир кучи аниқланган. Яъни, ота-она боласидан энг яхшисини умид қилса, бола ҳам бунинг учун ҳаракат қилади.

Унутманг, бола ҳар доим ота-оналари умиди оғушида ўсиб-улғаяди.

  1. Эр ва хотин ўртасидаги соғлом ва мустаҳкам муносабат ришталари

"Муваффақиятли инсонлар бахтли жуфтликларнинг меваларидир," деган машҳур фикр бор. Соғлом дарахтнинг меваси соғлом бўлганидек, бир-бирига яхши муносабатда бўлган эр-хотин, ҳурмат ва самимийлик муҳим ўрин тутган оила фарзандлари ҳам руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етади.

Иллинойс университети кичик профессори Роберт Хьюз ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, уруш-жанжал одатий ҳолга айланган, ажрашиб кетган ва муаммолар гирдобидаги хонадон фарзандлари одамови, руҳий тушкун бўлади ва ҳаётда отасиз ёки онасиз ўсган болалардан ҳам муваффақиятсизроқ бўлишади.

Шу сабабли, оилада турмуш ўртоғингиз билан соғлом ва самимий, бахтиёр муносабатларни ўрнатинг ва фарзандингиз руҳиятига ижобий таъсир қилинг.

  1. Уларнинг билим доираси кенг ва даражаси юқори бўлади

2014 йилда Мичиган университети руҳшуноси Сандра Танг томонидан ташкил этилган тадқиқот натижаларидан маълум бўлдики, коллежни тамомлаган оналарнинг аксариятининг фарзандлари ҳам худди шу даражага эришар эканлар.

Мазкур тадқиқотга 1998 ҳамда 2007 йиллар мобайнида мактабгача таълим муассасасига қатнаган 14 минг нафар ўспиринлар жалб қилинган.

Олимлар сўровлар жараёнида қизиқ бир жиҳатга дуч келишган. Яъни, 18 ёки ундан ёш бўлган онадан туғилган фарзандда ўзлаштириш кўрсаткичи жуда паст бўлиб, уларнинг кўпчилиги мактабни зўрға битирган ва бир қисмигина коллежга ўқишга кирган экан.

2009 йилда Боулинг Грин Штат университетида руҳшунос Эрик Дубов 856 нафар кўнгилли ота-оналар ўртасида ҳам шунга ўхшаш, ота-оналарнинг таълимий даражасини аниқлашга мўлжалланган тадқиқот ва сўров ўтказилди. Унга кўра, муваффақиятли инсонларнинг аксарияти туғилганида ота-оналари 40 ёш атрофида бўлган.

6. Улар фарзандларига ҳисоб-китобни эрта ёшданоқ ўргатишади

2007 йилда АҚШ, Канада ва Англияда мактабга чиқиш арафасида бўлган болалар ўртасида тадқиқот ўтказилади. Натижа шундай бўлдики, болада ҳисоб-китоб қобилиятининг шакллангани унинг келажагига ижобий таъсир қилар экан.

Мактабга чиққан боланинг математик амаллар, қўшиш ва айиришни билиши, рақамларни таниши ва уларнинг тартибини фарқлай олиши унга бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштиришига ёрдам беради. Боиси бундай болаларда миянинг фикрлаш даражаси кенгайган бўлади.

Айниқса, математика фанини яхши ўзлаштираётган бола бошланғич синфда китоб ўқиш қобилиятини ҳам осонлик билан шакллантиради.

  1. Улар болалари билан яхши мулоқотни йўлга қўйишади

Фарзандни тинглаш ва унга ёрдам бериш – тарбия жараёнида ота-она эътибор қилиши зарур бўлган энг муҳим жараён. 2014 йилда америкалик 243 нафар кўнгилли иштирокчилар ўртасида сўров ва тадқиқот ўтказилади. Уларнинг барчаси болалигида камбағал оилада вояга етган ва йиллар ўтиб, ўз кучи билан муваффақиятга эришган инсонлар эди.

Маълум бўлишича, бу инсонлар мактабда ҳам юқори баҳо олишган ва фанларни яхши ўзлаштиришган экан. Коллеж ва университетда ҳам ўзлаштиришда яхши натижалар кўрсатишган. Сўровда уларнинг барчаси болалигида ота-онаси билан яқиндан мулоқот қилишганини қайд этган.

PsyBlog руҳият мавзуларига ихтисослашган блогда ёзилишича, фарзандининг сўроқларига, саволларига муносабат билидиршга эринмаган ота-она ўзи билмаган ҳолатда унга дунёни кашф қилиши ва келажаги учун пойдевор қуришига ёрдам берар экан.

Миннесота университети руҳшуноси Ли Раби ҳам болаларни қийнаётган, ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни билиш учун аввал уларни тинглаш кераклигини айтади.

  1. Улар тушкунлик ва пессимистик ҳолатга деярли тушмайдилар

Тушкунликка кам тушадиган ота-оналар феълида устун бўлган ижобий кайфият болаларга ҳам юқади.

The Washington Post нашрининг ёзишича, ота-она фарзандининг тарбияси билан жиддий шуғулланиши лоизм бўлган ёш 3 - 11 ёшлар оралиғи экан. Айни шу давр оралиғида фарзандда феъл-атвор, тарбия шаклланади, у ҳаёт ҳақидаги илк хулосаларни чиқараётган бўлади.

Бунда эса ота-онанинг ўзи муносиб тарбия ва фазилатларга эга бўлиши керак. Фарзандига вақт ажрата олмаётган, иш туфайли чарчаб, ҳаётдан ҳасрат қиладиган оналарнинг фарзандлари ҳам худди шу "бечораҳол" кайфиятда улғайишади.

Ҳис-туйғулар ҳам микробга ўхшайди – жуда тез юқади. Руҳшунослар ҳам ҳис-туйғуларнинг одамдан одамга юқиши ҳақида асосланган далилларни айтишади.

Ҳаётда ҳам яқин дўстингиз хафа бўлса, сизда ҳам шундай кайфият ҳукмрон бўлади. Айниқса, фарзандга оналарнинг кайфияти тезроқ юқади. Агар онада бу ҳолат мунтазам давом этса, фарзанд ҳам бир умрга тушкун кайфиятли инсонга айланиб қолиши мумкин. Бу эса унинг ҳаётда муваффақият қозонишига бош тўсиқ бўлиши мумкин.

  1. Улар муваффақиятсизликка учраган фарзандини ҳам қўллаб-қувватлашади

Болани ёшлик чоғидаги хатолари учун кечириш – унга бундан тўғри хулоса чиқариш учун имкон бериш, деганидир. Болангиз хато қилса, сиз унинг тўғри хулоса чиқаришини ўйланг ва қувонинг.

Муваффақият ҳам маррага эришиш учун қилинган саъй-ҳаракат, омадсизликнинг натижасидир.

Стенфорд университети руҳшуноси Керол Двек йиллар давомида бу масалани ўрганиб боради. Унинг хулосаларига кўра, болалар муваффақият ҳақида икки хил ўйлашади.

Биринчи хил ўйловчилар назарида ҳаракат қилиш, бу – ҳаётни ўзгартириш учун эмас. Шунчаки, у ота-онадан мерос ақл-заковат ва омадни ишга солиш ва уларнинг ишончларини оқлаш учун зарур. Ўз навбатида, бу кабилар бирор нимага эришишда омадсизликни четлаб ўтишга ҳаракат қилишади.

Муваффақият ҳақида иккинчи хил қарашга эга инсонлар учун саъй-ҳаракат қилиш мавжуд тақдирни ўзгартириш ва ўзларини кашф қилиш учун керак. Уларга бунда ҳеч нарса, мисол учун, ота-онанинг эътирози ёки омадсизликдан қўрқиш ҳам халақит қилмайди. Шу сабали ҳам, ҳаётда кўпроқ омадсиз инсонларнинг фарзандлари юқорироқ натижаларни қайд этишади.

Яъни, фарзандингиз сиз унга ҳар қандай шароитда имкон беришингизин, қўллаб – қувватлашингизни ҳис қилсин.

Агар болага унинг билимини синаш учун имтиҳон қилишни айтсангиз, у руҳан қўрқоқ бўлади. Агар унга шоколад беришингизни айтиб, уни имтиҳон қилсангиз бола жон-жаҳди билан "курашга" киришади.

  1. Улар ишда ҳам муваффақиятли оналардир

Ҳарвард Бизнес мактабида ўтказилган илмий изланишлар натижаларига кўра, уйдан ташқарида ишлайдиган, ҳаётда муваффақиятли касбий ўрнига эга бўлган оналарнинг болалари ҳам муваффақият қозонишда давом этар экан.

Тадқиқот натижаларига кўра, ишлайдиган оналарнинг болалари мактабдаги ўқишларда масъулият билан ёндашиб, аъло ўқишга интилар эканлар. Ҳаётда ҳам бу каби болалар уйда ўтирган она қўлида катта бўлган болалардан кўра 23 фоиз кўпроқ маблағ ишлаб топишар экан.

Ишлайдиган оналарнинг ўғиллари эса уй юмушларига кўпроқ жалб қилинар, шу боис ҳам масъулият ҳиссини эртароқ англар ва шунинг оқибатида ҳаётда ҳам масъулиятли инсон сифатида муваффақият қозонар эканлар.

  1. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатлари юқори

Ҳар беш нафар америкалик боладан 1 нафари камбағал шарт-шароитда улғаяди ва уларнинг ота-оналари доим ҳам фарзандларини қўллаб-қувватлай олишмайди.

Ўз-ўзидан аёнки, фарзанднинг баркамол бўлиб етишиши бевосита унга яратиб берилган шароитлар билан ҳисоблашади. Иқтисодий қийинчилик боис, америкалик ота-оналар фарзандларини мактабга бериш ёки коллежда ўқитишда жиддий муаммоларга дкч келишади.

Юқоридагиларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, фарзанднинг муваффақиятли инсон сифатида камол топиши кўп жиҳатдан ота-она ва фарзанд ўртасидаги алоқаларга боғлиқ. Гўдаклигида эътиборли бўлинг, мактаб ёшида тарбия қилинг ва шароит яратиб беринг, ўспиринлик чоғида ёрдамлашинг ва ўсмирлик палласида болангизни тушунишга ҳаракат қилинг.

Фарзандингизнинг роҳатини кўриш сизга насиб қилсин!