Тарбия

Нега болалар бизни тинглашни истамайди?

Ота-оналардан энг кўп эшитиш мумкин бўлган шикоят бу болаларнинг "қулоқсизлиги"дан шикоятлардир. Улар фарзандлари уларни эшитмаслиги, бир неча марта такрорлаш, бақириш ва уришишга тўғри келишини баён қилишади. Аслида болаларнинг бизни эшитмаслиги ва қулоқ солмаслиги учун ўзимиз айбдормиз. Бу ҳолат нима сабабдан юз беришининг баъзи сабабларини келтириб ўтамиз.

  1. Биз фарзандимизнинг кўзига қарамаймиз

Болалар, айниқса кичик ёшда бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифага эътиборни жамлашга қодир бўлмайди. Шунинг учун агар бола машинаси билан оввора бўлса, бизнинг юқоридан келаётган сўзларимиз унгача етиб бормайди. Шу сабабдан боланинг эътиборини ўзингизга қаратишингиз керак. Унинг кўзларига тик қараб, қўлидан ушлаб, исми билан мурожаат қилиб сўзланг.

  1. Болаларга жуда узун ва қийин кўрсатмалар берамиз

"Оёқ кийимингни ечиб, қўлларингни ювиб, овқатланишга ўтир", — биз учун бу илтимос жуда осондек кўринади. Лекин бола учун бу эслаб қолиш қийин бўлган алгоритм бўлиши мумкин. У топшириқларнинг кетма-кетлигини унутиб қўйганлиги туфайли, уларнинг баъзиларини бажармаслиги мумкин. Шунинг учун илтимосларимизни қисқа ва жўн қисмларга бўлиш лозим.

  1. Биз кўп гапирамиз

Узундан-узоқ тушунтириш ва маърузалар болани чалғитади, у нутқимизнинг асосий мазмуни нимадан иборат эканлигини унутиб қўяди. Аниқ ва қисқа кўрсатмалар ёки огоҳлантиришлар беринг. Бирор нарса юзасидан узоқ гапиришдан қочинг. Битта гапнинг ўзи етарли: "Дивандан сакраш мумкин эмас! Бу хавфли!". Кейин эътиборни бошқа нарсага қаратинг.

  1. Овозимизни баландлатамиз

Болага овозимизни кўтариш орқали биз уни хавотир ва қўрқувга соламиз. Шунда у фақат жазодан қутулиб қолиш учун илтимосларимизни бажаради. Биз шунчаки қарорларимизда қатъий туришимиз лозим. Бола мультфильмни ўчириш ҳақидаги фикрингизни ўзгартира олмаслигига кўзи етгандагина, илтимосингизни бажаришдан ўзини олиб қочмайди.

tanbeh

  1. Сўзларимизнинг шу заҳотиёқ таъсир қилишини кутамиз

Психологлар томонидан болалар эшитганларини бир неча сониядан кейин қабул қилиши аниқланган. Шунинг учун боладан айтилган ишни ўша заҳоти бажаришни талаб қилмасдан, унга бироз вақт бериш лозим. Ҳадемай ўйинни якунлаб, ухлашга ётиш кераклиги ҳақида огоҳлантиринг.

  1. Биз илтимосларимизда -ма қўшимчасини ишлатамиз

"Тегинма, тақиллатма, ўрмалама!" Ҳатто катта кишилар ҳам -ма қўшимчасини ташлаб кетади, болалар эса азалдан бунга мойил. Инкор шаклидаги илтимосларнинг ўрнига болага қизиқарли таклиф қилиш мумкин: "Кел, ҳеч ким эшитмаслиги учун эшикни ёпиб қўямиз".

  1. Фарзандимизга тинмай танбеҳ берамиз

Агар биз фарзандимизга кун давомида "Эҳтиёт бўл! Йиқилиб тушма! Босиб олма! Қаерга чиқиб олдинг!" каби сўзларни такрорлайверсак, бола учун бу одатий сўзларга айланади ва у танбеҳларга умуман аҳамият бермай қўяди. Уларнинг сонини қисқартириш керак.

  1. Биз ҳам фарзандларимизни тингламаймиз

Болалар бизнинг ҳаракатларимиздан нусха олади. Агар кун давомида боланинг сўзларига, ҳикояларига, саволларига ва умуман мурожаатларига эътибор қилмасак, у ҳам биз билан худди шундай йўл тутади.

Мақолани тайёрлашда "Я Happy мама" сайти маълумотларидан фойдаланилди.