Саломатлик

Ўсмир ёшда боланинг суяги тез синадими?

Ўсмирлик пайти боланинг суяги бирор-бир шикаст, йиқилиш сабабли тез синиши мумкин. Айниқса, оёқнинг оёқ ва қўлнинг найсимон суяклари синиш хавфи баланд бўлади. Чунки бу суяклар бошқаларига нисбатан тезроқ ўса бошлагани сабабли, нозиклашади. Ундан ташқари, ўмров суяги, қовурға ва умуртқа поғонасини ҳам турли шикастлардан эҳтиётланг. Энг хавфлиси шундаки, бу каби синишлар аксар ҳолларда аниқланмай қолади. Бола бирор-бир оғриқдан шикоят қилади, аммо ота-оналар “уриб олгансан”, дея бунга унчалик аҳамият беришмайди.

Маслаҳат: Бола бирор жойини уриб олса ва оғриқдан шикоят қилса, албатта, шикастланган жойни ҳар эҳтимолга қарши ренгент текширувидан ўтказинг.

Кўпроқ кальций беринг: ўсиш ёшидаги болалар таомномасини балиқ, пишлоқ, сельдерей, сутли шоколад, петрушка, туршак, йогурт, пиёз, қаймоқ, исмалоқ ва творог маҳсулотлари билан бойитинг.

Шифокор билан қўшимча равишда болага кальций, фосфор, витамин D воситалари бериш борасида маслаҳатлашинг.

Боланинг умуртқа поғонаси ва оёқ кифтини кузатинг! Бу ёшда болаларда сколиоз касаллиги ривожланиб кетиш хавфи катта. Шунинг учун ўқувчиларга рюкзак эмас, гоҳ ўнг, гоҳ чап елкага илиб олиш мумкин бўлган сумка тавсия этилади.

Мюнхгаузен синдроми

Ўсаётган болалар баъзи ҳолларда буғин, мушак, суяк, юрак, қорин, биқин оғриғидан шикоят қилишади. Гуё қаршингизда ёш бола эмас, кекса бир киши тургандек. Аввалига ота-она бундан хавотирга тушади, кейин эса унчалик эътибор беришмайди. Бунинг асл сабаби, танадаги номутаносиблик билан боғлиқ. Суяклар чўзилади, бўғин ва мушаклар эса, тез ўсаётган суяк ортидан ҳали қувиб етмагани сабаб оғрийди. Боланинг бўйи ўсган-у, аммо юрак ҳали кичкина ва у ўсаётган танага қон етиштириб беришга қийналади. Ортиқча оғирлик натижасида юрак тез ёки секин ура бошлайди, баъзи ҳолларда юракда шовқин ҳам пайдо бўлади. Керакли чорани уз вактида қўлламасангиз, бу бола саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин. Бу даврда бола иложи борича камроқ стресс ҳолатларига тушиши керак.

Оғир юк кўтартирманг. Фарзандингизнинг бўйи отасидан ҳам узиб кетиши, унга худди отаси каби оғир юк кўтариши ёки жисмоний меҳнат қилиши мумкин, дегани эмас.

Одатда “бола дегани ўтирмаса хам булади, деб катталарга жой бўшатишини талаб қилишади. Ўсаётган бола ҳам жисмонан чарчайди. Айнан шу сабабли, ўсмир болалар ҳаво етишмаганида ёки бир жойда туравериб, ҳушдан кетиб қолишлари мумкин.

Спорт машғулотлари билан шуғулланинг, бу айниқса, ўсиш давридаги болалар учун лозим.

Боланинг юрак уришини текшириб туринг! 5-6 ёшдаги боланинг юрак уриш ритми 1 дақиқада 90, 10 ёш боланики 80, 15 ёш – 70 бўлиши керак. Юрак уришини бола хотиржам турган пайтда сананг. Фаол ҳаракат ёки ҳаяжонланишда юрак тезроқ уради.

Қиз болалар 11-12 ёшда фаол равишда ўртача 7-10 см. га ўсади. Сўнгра бу ўсиш жараёни бироз секинлашади. 13-14 ёшда эса ўғил болаларнинг бўйи узая бошлайди. Ўғил бола 10-15 см.га ўсади, баъзилари эса, ҳатто 20-25 см. га қадар чўзилиши ҳам мумкин.

Манба: Darakchi.uz