Фарзанди яхши овқатланиши учун ота-она нималарга ҳам тайёр демайсиз! Австралиялик она Лалех Мохмеди оригинал усул ўйлаб топди — сабзавот, мева ва бошқа фойдали маҳсулотлар ёрдамида у икки ёшли ўғли Жейкобнинг ликопчасида машҳур болалар мультфильмлари қаҳрамонларини тасвирлаган ҳолда, ҳақиқий шоҳасарлар яратади.
The Daily Mail ёзишича, ҳаммаси бир йил олдин бошланди. Лалех Жейкоб фойдали озуқалардан ҳеч бўлмаганда бир бўлакча ейиши учун унинг ликопчасига шер “расмини чизди”.
Шер болага жуда ёқиб тушди ва уни жон деб еб қўйди. Биринчи муваффақияти Лалехга илҳом бағишлади. Ўшандан буён унинг “пазандалик рассомчилиги” маҳорати мисли кўрилмаган даражага етди, у ўз шоҳасарлари суратларини жойлайдиган Instagram саҳифасига эса 50 мингга яқин киши обуна бўлди.
Лалехнинг айтишича, Жейкоб ўз ликопчасида қайси мультфильм қаҳрамонини кўришни исташи ҳақида онасига бир кун олдин билдириб қўяди. Лалех персонажни интернетда қидириб кўриб, уни ясаш учун қандай маҳсулотлар керак бўлишини ўйлаб кўради.
Ўз ижодида у ҳар қандай мева ва сабзавотлардан фойдаланади, булар авокадо ва кивидан тортиб, бақлажон ва папайя, шунингдек, гўшт, балиқ, денгиз маҳсулотлари, тухум ва ҳатто спагеттигача.
Баъзан Лалех ўз “палитра”сига ширинликларни ҳам қўшади. Асосийси, барча масаллиқлар фойдали бўлиши керак. Одатда битта расмни яратишга Лалехнинг 25—30 дақиқа вақти кетади.
Онасининг ижод намуналари Жейкобга шунчалик манзур келадики, у уларнинг ушоғини ҳам қолдирмай еб қўяди.
Лалех ўз меҳнатларига сира ҳам ачинмаслигини, ахир шу туфайли ўғли фойдали егуликларни истеъмол қилаётганини айтди.