Тарбия

Онам мени урганда

Машҳур болалар ёзувчиси Астред Линдгреднинг фикрича, дунёдаги ваҳшийлик болалар хонасида бошланар экан.

1979 йилда Астред Лингреднинг бир нутқидан сўнг Швеция биринчи бўлиб болаларни оилада уриш мумкин эмаслиги ҳақида қонун чиқаради.

Астред Лингред ўз нутқида қуйидаги ҳикояни сўзлаб беради:

Бир она ҳеч қачон фарзандини урмасликка ўзига ваъда беради. Лекин шунга қарамай, бир куни ўғлининг бир ножўя ҳаракати туфайли уни жазоламоқчи бўлади. У даврларда болани чивиқ билан уриш кенг тарқалган жазо тури эди. Шунда она ўз фарзандига бориб кўчадан бир нечта чивиқ олиб келишини буюрган. У чивиқ билан уриб уни жазолашини боласига айтган. Бола узоқ вақтга йўқ бўлиб кетиб, бироздан сўнг кўзи ёшдан ишиб кетиб келган. Фақат қўлида чивиқ эмас каттагина тош бўлган. Онаси ҳайрон бўлиб, тошга қараса, бола унга йиғлаб: "Чивиқ топа олмадим, лекин мени жазолаш учун шу тошни топиб келдим, уни менга отсангиз бўлади", деган.

Шунда она ушбу ҳолатга боланинг кўзи билан қараган. "Онам менга оғриқ келтирмоқчи бўлса, нима фарқи бор, қандай йўл билан унга эришади, чивиқ билан урадими ёки менга тош отадими..." Шунда она йиғлаб юборади. Ким боласига тош ота оларкан...унда чивиқ билан уришнинг ундан нима фарқи бор?

Ҳеч қачон жисмоний жазо болани тўғри йўлга сола олмайди. Чунки бола бу жазога қандай қарашини биз ота-оналар билмаймиз. Бола ёмон иш қилиб қўйгани учун уни жазолашяпти, эсида қолиши учун уни уришмоқдалигини тушунмайди. У уни ҳимоя қиладиган, севадиган ва у ишонган инсон-она унга оғриқ келтираётганини ҳис эта олади, холос.

Шунинг учун Астред Лингред ваҳшийлик айнан болалар хонасида бошланади деб таъкидлаган. Чунки бола учун энг қадрли инсон - онаси унга оғриқ келтириб, буни ҳар хил гаплар билан тағин оқлаб тураётган бўлса, у ҳолда бошқалардан нима кутса бўлади, бошқаларга нимани раво кўрса бўлади?

Ахир дунёдаги ваҳшийликлар ҳам доимо ҳар хил оқловлар билан амалга оширилмайдими?

Қизимга ҳар доим бир нимадан қўрқса, "Қўрқмагин, мен сени ҳимоя қиламан", дейман. Бир куни уни бир қилиғи деб уршиб тураётганимда, "Сиз алдоқчисиз, қандай қилиб ҳимоя қиладиган одам, шундай уршиши мумкин", деб айтган.

Ҳақиқатдан болалар баъзида биздан ҳам ақлли бўладилар. Улар вазиятга умуман бошқа назар билан қарай оладилар.

Ота-оналар ҳеч бўлмаса психологлар, олимлар ва статистикага ишонишлари лозим. Болани уриб жазолаб уни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Фақат яхши тарбия болани яхши бўлишига ёрдам беради. Болани урганда эса, бола кучли бўлса, у ваҳший бўлиб катта бўлади, агар бўшроқ бўлса, у ҳолда аламли, уятчан, ўзини камситадиган инсон бўлиб етишади.

Албатта шундай давр бўладики, болани жазолашга тўғри келади. Лекин бунинг учун уришдан бошқа минг хил бошқа йўллар мавжуд. Ота-она бошқа йўл излашга сабри ҳам вақти бўлмайди, шунга осонгина болани уриб тинчитиб қўяди.

Онанинг жисмоний кучи мана шу 6-7 ёшли болага етади.

Қизиғи шундаки, ота-онанинг кучи одатда бир фарзандига етади. Кўпинча бу тўнғич фарзандидир. Уни энг кўп уршади, унга қўйилган талаб энг катта бўлади, уни уриш ҳам осонроқ бўлади. Ўйлаб кўрганмисиз ҳеч, нега?

"Мени ҳам ота-онам урган, кам бўлмадим", деб ўзингизни оқламанг. Шундай дея олаётганингиз ҳам сизни психологик заиф инсон бўлиб катта бўлганингиздан далолат бермоқда. Урмай тарбиялашнинг иложи бор. Ёшлигида жисмоний жазоланмаган минглаб бахтли меҳрибон фарзандлар мавжуд. Улар келажакда ажойиб ота-она бўладилар.

Тарбия бера олмаслик бу бошқа, урмаслик бу бошқа. Бирини-бири билан адаштирмаслик лозим.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz