Кесар йўли билан туққан аёллар кейинги ҳомиладорликларида табиий йўл билан туғишни истайдилар. Бунинг иложи борми? Кесар йўли билан туққан аёлнинг кейинги туғиши табиий бўлиш имконияти 60-80 фоизни ташкил этади. Бунга кўплаб факторлар таъсир қилиб, улардан бири илк туғруқ кесар йўли билан ўтказилишига бўлган сабабдир.
Мисол учун, биринчи фарзанд табиий туғилган бўлиб, иккинчиси туғилиш пайти думбаси билан жойлашгани сабабли кесар орқали туғдирилган бўлса, учинчи ҳомиладорликнинг табиий туғиш билан якунланиш эҳтимоли юқори бўлади. Лекин илк туғаётганда тўлғоқлар давомида кучанмай, болани ўзи туға олмагани сабабли шошилинч кесиш билан бола туғдирилган бўлса, у ҳолда кейинги туғруқ ҳам кесар йўли билан якунланиши мумкин.
Кесар йўли билан туққан аёлга иккинчи ҳомиладорлигида туғруқ қайси йўл билан ўтказилишини ҳеч ким олдиндан аниқ айта олмайди. Бу нарса фақат режалаштирилиши мумкин. Агар ҳомиладор аёл кесар йўли орқали туққан бўлиб, кейинги фарзандини табиий йўл билан туғишни мақсад қилган бўлса, бу ҳақда ўз гинекологи билан батафсил маслаҳатлашиши керак. Шунда гинекологнинг розилиги ва баъзи шартларнинг бажарилиши талаб этилади.
Бу шартлар:
1. Олдинги туғишда бачадон Т ёки вертикал эмас, горизонтал кесилган бўлиши керак. Муҳими шундаки, қоринда кўринадиган кесилиш жойи баъзида бачадондаги чок билан фарқ қилиши мумкин.
2. Ҳомиланинг чиқиш йўллари етарлича кенг бўлиши даркор. Албатта, буни аниқ билишнинг иложи йўқ, лекин гинеколог кўрик ўтказиб, тахмин қилиши мумкин.
3. Табиий туғишни режалаштирган аёл бачадонида миома ёки шиш мавжудлиги туфайли жарроҳлик операцияси ўтказмаган бўлиши шарт.
4. Ҳомиладор аёлда кесар учун зарурият мавжуд бўлмаслиги керак (масалан, йўлдош билан боғлиқ муаммолар, шиш мавжудлиги ва бошқалар).
5. Туғруқ давомида зарур бўлиб қолса, кесар муолажасини ўтказиш ва ҳомилага керакли тез ёрдам кўрсата олиш учун шароит бўлиши муҳим.
6. Ҳомиланинг туғиш йўлларига чақалоқ боши билан жойлашган бўлиши керак.
Қуйидаги факторлар кесардан сўнг табиий туғишга тўсқинлик қилиши мумкин:
- ҳомиладор аёлнинг ёши катталиги;
- ҳомиладор аёлнинг вазни ўта юқорилиги;
- туғилаётган боланинг вазни 4.0 кгдан ортиқлиги.
Мабодо табиий равишда туғишга аёлнинг кучи етмаса ёки бошқа тиббий ҳолатлар туфайли шошилинч кесар талаб этилса, бундай ҳолат режалаштирилган кесар жаррохлигидан кўра хавфлироқ бўлади. Бунда ҳомила саломатлигига ҳам зиён етиши мумкин. Шунинг учун туғиш йўлини танлаш борасида ҳамма томонларни ўйлаб қарор чиқариш лозим.