Табиийки, боланинг тарбиясига уни ўраб турган муҳит каби, у танлайдиган ўйин ва ўйинчоқлар ҳам таъсир кўрсатади. Аммо бунинг биз доим ҳам пайқамайдиган тескари жиҳати ҳам бор. У ҳам муҳим бўлиб, эътибор талаб қилади, шу туфайли, мақолада болалар ўйинлари ва ўйинчоқлари уларнинг дунёқарашига қандай таъсир қилиши, бир умрга татийдиган таассурот қолдиришини кўриб чиқамиз.
Келинг, стандарт ўйинчоқлардан бошлаймиз — улар ҳар бир дўконда топилади. 5—6 ёшли болалар учун ўйинчоқларни кўриб чиқамиз — айни шу вақтда болада энг ёрқин таассуротлар шаклланади. Кичик моторикани ривожлантирадиган ёрқин абстракт кубиклар, ҳалқа ва коптоклардан у ассоциация (тасаввур, ҳис-туйғу, фикр ва шу кабиларнинг бир-бирини эслатадиган ўзаро боғланиши) босқичига ўтади.
Қизлар учун қўғирчоқлар
Барби, Винкс каби юзи бўёққа чапланган, оёқлари узун соҳибжамол болалар онгида аёллар гўзаллиги, кийиниши ва ўзини тутиш тимсолини ҳосил қилади. Қизалоғингиз ишлашни истамайдиган, инжиқ, аммо кийим ва безаклар харид қилишга ҳирс қўйган “малика” бўлиб ўсади. Ўйлаб кўринг, фарзандингизда шундай феъл-атвор бўлишини истайсизми?
Бундан умуман қўғирчоқ сотиб олиш керак эмас, деган хулоса чиқарманг. Танловга ақл билан ёндашинг, холос. Ҳомиладор барби сотиб олинг, токи болада оналик жараёнига ва ўз фарзандларини парваришлашга қизиқиш уйғонсин. Бир йўла бир неча хил кўринишдаги қўғирчоқларни олиб беринг, шунда қизингиз идеаллар турлича бўлишини тушунади. Қўғирчоқлар учун кийимларни қизалоқ билан бирга тикинг, шу тариқа, унинг харид қилишга бўлган қизиқиши тикиш ва тўқиш маҳорати билан алмашади.
Ўғил болалар ўйинчоқлари
Улар учун ҳам деярли шу қоидалар амал қилади. Машиналар моделларини жуда тез-тез алмаштириш керак эмас, яхшиси, бор машиналарни тузатиш учун мос келувчи конструктордан фойдаланинг. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун эса лего конструктор сотиб олинг, ахир ўз қўли билан ясаган ўйинчоқларга бола эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади.
Аскарлар, қурол-яроғ таққан жангчиларнинг пластик фигуралари, роботларни ҳақиқий мини-жанглар ташкил қилиб, болада тактика ва стратегия маҳоратини ривожлантиришда қўлланг. Шу билан бирга, уни аскарлар дўстлиги ва инсон ҳаётини қадрлашга ўргатинг.
Қароқчилар кемаси, қилич ва костюмлар ёрдамида саргузаштлар ўйинини ўйнанг, токи болада жасурлик, фантазия ва ўз-ўзини ҳимоя қилиш хусусиятлари пайдо бўлсин. Ундаги потенциал тажовузни (агрессия) мусобақа ва спортга йўналтиринг. Спорт ўйинчоқлари бунда фақат қўл келади.
Компьютер ўйинлари ва дастурлар
Улар болаларни бошқа ўйинларга қараганда кўпроқ жалб қилади ва уларни компютер қаршисида ўтириб, ҳаракатсиз туришга мажбурлайди. Шундай экан, уларнинг таъсирини зарарли дейиш мумкин. Компьютер ўйинлари реакция ва бошқа малакаларни мукаммаллаштириши ҳақидаги гаплар — беҳуда. Клавиатурадаги тугмани босаркан, ўғлингиз яхшироқ югуриш, сакраш ёки ўқ отишни, қизингиз эса, гул ўстириш, сабзавот етиштириш ва ҳайвонларга ғамхўрлик қилишни ўрганиб олмайди.
Бу ерда чора битта — уларга реал ҳаётда шунга ўхшаш фаолиятни таклиф қилинг. Масалан, ўғлингизни тирга олиб борсангиз ёки жанг санъати тўгарагига ёздирсангиз, тез орада унга бу ҳаракатларни мониторда эмас, реал ҳаётда амалга ошириш қизиқарлироқ туюла бошлайди. Қизингиз эса сизга ҳовлида экинларга қарашса, ферма ўйинлари зерикарли бўлиб қолади.