Табиат сирларининг моҳиятига етмоқчи бўлган ҳар бир инсон атрофдан гўзаллик излайди. Бу гўзаллик гул, ранг, нур, жозиба ва бошқа кўринишларда кўп ҳолда алоҳида-алоҳида учраса, уларнинг ҳаммаси мужассам бўлган биргина мавжудот борки, у ҳам бўлса аёлдир.
Гул табиатда қанчалик нафис, нозик бўлса унга муомала ҳам шунчалик нозик, эҳтиёткорона бўлади. Аммо оилада аёл зотига, ёш қизалоққа кўпинча ҳам алоҳида ўғил боладан бутунлай фарқ қиладиган муомала лозимлигини эсда тутмаймиз.
Тўғри, оилада фарзанд туғилгандан унинг жинсига қараб муомала бошланади, дедик. Аммо бу ҳол кўпинча оналар эътиборида ўз ҳолича, оталар эътиборида эса бошқа бир турда олиб борилади.
Оналар фарзандларига фарзанд ролини, биринчи ўринда қизларига қиз фарзандлик ролини ўргатишлари керак. Шу ўринда оиланинг бошқа аъзоларини ҳам қиз болага қандай муомалада бўлишни ўргатиш оналар вазифаси. Ва энг асосийси, она қиз болага қиз болаликни, бўй қизликни, оналикни, бекаликни ва шунга ўхшаш минглаб мураккаб хусусиятларни ёшликдан жо қилиб бориши керак.
Она қизига сингдираётган бу хислат, фазилат ва хусусиятлар нафақат ҳозирги ота-она оиласи руҳий муҳитини соғломлаштиради, энг асосийси, қиз болани келгусида ўз оиласида соғлом руҳий муҳит ташкилотчисига айлантиради. Шундай экан, қиз боланинг ўғил болаларга нисбатан болаликдан ўсмирликка ўтиш даври илгарироқ бошланишини кўздан қочирмаслик керак.
Ўн-ўн икки ёшлик қиз боланинг юриш-туриши, гап-сўзи, мулоҳаза, фикр юритишлари катталарникидай кенг, жой жойига қўйиб айтилган бўлади. Баъзида улар ҳатто тантиқ-тантиқ гапиришади. Бундай тантиқликка дугоналар орасида, онаси олдида йўл қўйилса бўладиган бир ҳолдир. Аммо, оналар қизларининг оталари, айниқса, бегоналар олдида ўзларини бундай тантиқ тутиши ва гапиришига йўл қўймасликлари керак. Яхши тарбияли, иболи, мулоҳаза доираси кенг ота бирон ўринда бундай тантиқ мулоҳазага «ҳа шайтон, сен аралашмай тур, ўзимиз ҳал қиламиз», деб вазиятни юмшатиши мумкин. Аммо, бундай тантиқликка ўз ўрнида танбеҳ берилмаса, у тўхтатилмаса бундай қиз бола оила руҳий муҳитини жиддий бузиб қўйиши мумкин. Айни шу жойда айтиладиган яна бир мулоҳаза шундаки, қиз болани унинг айтган гапларини қайтариб ташлашлар орқали бутунлай “забонсиз” ҳам қилиб қўймаслик керак. Акс ҳолда у жамиятда, келин бўлиб борган муҳитда ўзини, ўзлигини топиб олиши қийин ҳол бўлиб қолади.
Ўн бир ёшли Гулноза эрталабдан онасига ёрдам бераяпти. Ўн уч ёшли акаси ва тўққиз ёшли укаси Эркин нонушта тайёр бўлишига яқин ўрнидан туриб ювинишди, мактабга тайёргарлик кўришди. Оила жам, нонушта қилинаяпти. Эркин бир неча кундан бери «фалон нарсани олиб беринг, дада», деган гапни бошлайди. Унга Гулноза, «мижғов, яна бошладингми», деб қарға қараш қилди. Дадаси нигоҳини Эркиндан олиб аввал қизига, кейин хотини билан кўз уриштириб кулимсираб қўйди.
Мана шу биргина иборадан кўриниб туриптики, Гулноза онасидан ёки бошқа бировдан бир вақтлар «мижғов» сўзини эшитган. Энди у оилада катталар ечиши керак бўлган ишга ўринсиз аралашяпти.
Бу ҳолатни оилада қандай юмшатиш керак. Отанинг юқорида айтганимиздай, индамай қўя қолгани маъқулми? Она шу жойнинг ўзида, «шайтон, сен аралашмай тур, ўзимиз ҳал қиламиз», дейиши керакми? Ёки…
Она қизига вақтини топиб «укангни ёки акангни даданг олдида бундай қайтармагин, сендан анча кўнгли совуйди ва сенга қўпол муомалада бўладиган бўлиб қолади», деб қўйгани маъқулми?
Ҳамма одоб ва ахлоқ китобларида битилганидай, қиз бола ота-она оиласида асира, меҳмон. Унга юмшоқ муомалада бўлиш, бор имкониятларда биринчи ўринда қиз болани манфаатдор қилиш лозим. Шундай экан, одоб, тарбия қиз бола учун энг қимматбаҳо мерос ва сеп бўлишини унутмаслик керак.
Демак, оила аъзоларини опа ёки синггилга меҳрибон қилиб тарбиялаш ва опа ёки синггилни оила аъзоларига меҳрибонликка ўргатиш ҳам биринчи ўринда ота-она, қолаверса бутун оила аъзоларининг зиммасида бўлади.
Қиз бола тарбиясида ҳам ота алоҳида ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо, оиладаги руҳий муҳит қиз бола билан боғлиқ ҳолларда онанинг ўрнини босадиган шахс топилмайди. Чунки, қиз бола ҳаётидаги жисмоний, ижтимоий, оилавий ва бошқа ҳар хил ўзгаришларни фақат оналаргина яхши билади ва буни айнан улар ҳеч унутмасликлари лозим.
Маҳмуд Йўлдошев,
психология фанлари номзоди
Манба: Tafsilot.uz