Агар қизамиқ бўлмаган ёки эмланмаган киши касал одам билан муомала қилса, қизамиқнинг юқиш эҳтимоли 100 фоизга яқинлашиб қолади.
Қизамиққа чалиниш мумкин бўлган ҳолат
Қизамиқ 2,5 яшар болаларга ҳам, катталарга ҳам юқади. Бироқ сўнгги йилларда бу касалликнинг ўсмирлар ва катталарда учраши кескин кучайган. Янги туғилган чақалоқларда оналаридан ўтган туғма иммунитет бўлади. Агар она илгари қизамиқ билан оғриган бўлса ва унда иммунитет ҳосил бўлган бўлса, бола бир ёшга етгунча, айниқса, она сутини эмаётган болалар она иммунитети билан ҳимояланган бўлади. Бундай болалар қизамиқни осон ўтказади ва шундан сўнг уларда қизамиққа қарши мустаҳкам иммунитет ҳосил бўлади.
Касалланиш мавсуми
Қизамиқ кўпчилик ҳолларда декабрь-май ойлари давомида учрайди.
Қизамиқ қандай юқади?
Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Қизамиқнинг вируси ташқи муҳитга бемор киши акса урганда, йўталганда ва сўзлашганда юқори нафас йўлларидан сўлак томчилари билан бирга чиқади. Қизамиқ вируси ташқи муҳитда икки соат давомида сақланиши мумкин, шунинг учун у икки соат аввал бемор киши ўтирган хонага кирган соғлом одамга ҳам юқиб қолиши мумкин. Қизамиққа чалинган киши тошма тошишидан 2-4 кун олдин юқумли ва касаллик ўткир кечадиган даври давомида инфекция манбаи бўлиб қолаверади.
Инкубация даври ўртача икки ҳафта давом этади. Бу давр 7 кундан 28 кунгача давом этиши мумкин. Касалликнинг 5-6 кунига келиб, унинг вируси оғиз-ҳалқум бўшлиғидан қонга ўтади ва организмнинг барча органлари ва тўқималарига тарқалади.
Қизамиқ вируси кўпроқ нафас олиш тизими, ошқозон ва марказий асаб тизими тўқималарини зарарлайди.
Касалликнинг биринчи белгилари
• Юқори ҳарорат (40,5°C гача)
• Оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўллари шиллиқ пардаларининг яллиғланиши
• Конъюнктивит
• Тошма. Тошма касалликнинг учинчи кунида пайдо бўлади ва кейинги уч кун ичида бутун танага тарқалади, сўнг уч кун ичида бироз доғлар қолдириб, йўқолиб кетади.
Қизамиқнинг асоратлари
Қизамиқнинг энг хавфли жиҳати – унинг асоратларидир. Унинг асоратлари қаторига ларингит (ҳалқумнинг ўткир яллиғланиши), ларинготрахеобронхит (нафас йўлларининг инфекцияси), пневмония (ўпканинг яллиғланиши), отит (ўрта қулоқнинг яллиғланиши), тепки (ҳалқумнинг зарарланиши), бош миянинг яллиғланиши (энсефалит), миокардит (юрак мушакларининг яллиғланиши) киради.
Қизамиқни даволаш
Қадимда момоларимиз қизамик бўлган одамга қизил кўйлак кийдиришган ва бу давонинг бир тури эканига ишонишган. Бугунги кунда ҳам мазкур ирим сақланиб қолган. Аммо замонавий тиббиётда касалликдан фақат ўз вақтида эмлатиш орқали ҳимояланиш мумкин, деб тавсия қилинади. Қизамиқ билан оғриган беморларнинг қоронғироқ хонада тинч ётишларини таъминлаш зарур (конъюнктивитда ўткир ёруғлик кучли оғриқ беради). Оғиз чой содасининг эритмаси билан чайқаб турилади, асоратларнинг олдини олиш учун кўзларга сульфасил ва бошқа антибактериал томчилар томизиб турилади.
Пневмония ёки бошқа бактериал асоратлар ривожланган тақдирда антибиотиклар қабул қилиш тавсия этилади. Касалликнинг олдини олиш ва даволаш учун катта дозаларда А витаминидан фойдаланиш мумкин (фақат шифокор назорати остида!)
Қизамиқнинг олдини олиш
Бугунги кунда қизамиқдан асорат қолмаслиги ва ҳатто ўлим ҳолатлари вужудга келмаслиги учун кўпгина мамлакатларда қизамиққа қарши мажбурий профилактик эмлашлар жорий қилинган. Эмлашдан сўнг ҳатто касаллик юққан тақдирда ҳам у асоратсиз, енгил шаклда кечади.
Маълумот учун,1963 йилда қизамиқ вакцинаси ишлаб чиқилгач, бу касаллик билан оғриган ва вафот этганлар сони юз мартага камайган.