2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Франция мактабларида уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Бу тўғрида «SKY News» нашри хабар тарқатмоқда.
Ушбу қарор Франция таълим вазири Жейн-Майкл Бланкур томонидан илгари сурилган. Қарорда мазкур ташаббус қуйидагича изоҳланади: “Шу кунларда ўқувчи ёшлар ўз смартфонларига жуда боғланиб қолмоқда. Ҳаттоки, танаффус вақтларида ҳам бу воситалар уларнинг қўлларидан тушмаяпти. Бу эса таълим самарадорлигига ўз таъсирини ўтказмоқда.
Яъни, ақлий меҳнатдан чарчаган бола танаффус вақтида турли хил жисмоний ҳаракатлар қилмайди ёки дўстлари билан жонли мулоқотда суҳбатлашмайди. Бунинг натижасида эса болада мактаб дастури дарсликларидан тезда чарчаш ҳамда виртуал мулоқотга боғланиб қолиш ҳолати кузатилади”.
Эслатиб ўтамиз, Францияда уяли алоқани чеклаш ҳақидаги қарор мавжуд бўлиб, унда фақат мактаб биносининг ичида ва дарс вақтида ишлатиш ман қилинган эди. Ушбу янги қарорга биноан эндиликда француз ўқувчиларининг нафақат мактаб ичида, балки мактаб ҳовлиси ва унинг атрофида ҳам уяли алоқа воситаларидан фойдаланиши тақиқланади.