Биласизми?

C витамини оққон касаллигини даволашда ёрдам бериши мумкин

C витаминини истеъмол қилиш баъзи оққон (лейкемия) касалликларига йўлиққан кишиларни даволашни самаралироқ қилиши мумкин. Бундай хулосага Дания ва АҚШ олимлари келди, деб ёзади Sof.uz.

Даниянинг илмий янгиликлар портали хабарига кўра, лаборатория тадқиқотлари истиқболли натижа кўрсатганидан кейин янги услубни Копенгагендаги Миллий касалхонада клиник синовдан ўтказишга қарор қилинган.

«C витаминининг кичик дозаси саратон ҳужайраларининг ўз-ўзини йўқ қилиш ички механизмини ишга туширишда ёрдам беради, улар кўпроқ нобуд бўлади. Бу ўлимга олиб келадиган касалликни даволаш самаралироқ ва осонроқ бўлишига умид қилиш учун асос беради», — деди тадқиқот муаллифи Кирстен Грёнбек.

Олимлар миелодиспластик синдром ва миелоид лейкозли беморларни даволашда қўлланиладиган азацитидин («Вайдаза») препарати таъсирини ўрганди. Дори ҳужайралар ДНКсидаги маълум генларга таъсир ўтказиб, уларни ўзини вирус билан зарарланган деб ўйлашга ва ўз-ўзини ўлдиришга мажбур қилади. C витамини билан уйғунлашганда, дорининг самарадорлиги икки-уч марта ошган, C витаминининг ўзи эса саратон ҳужайраларига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди.

Тадқиқот муаллифлари ҳозирча C витаминининг азацитидин билан ўзаро таъсири механизмини аниқ тушунтириб бера олмайди. Турли версиялар кўриб чиқилмоқда. Олимлар, шунингдек, ушбу услуб ҳали одамлар устида олиб борилган синовлар орқали тасдиқланмаганини таъкидламоқда.