Кутубхона

Шаҳарда ёзни соз ўтказиш йўллари

Агар фарзандингиз оромгоҳга ёки қишлоқдаги қариндошларникига кетмаган бўлса, уни таътил вақтида қизиқтириш учун бир нечта маслаҳатларни таклиф қиламиз.

  1. Янги нарсаларни ўрганамиз

Агар қизингиз ёки ўғлингиз ҳали велосипед учиб кўрмаган бўлса, буни ўрганишнинг айни вақти. Оилавий сайр уюштиринг ва ўрганиш жараёнини байрамга айлантиринг. Болани янги ишда рағбатлантириш учун мукофотлар ўйлаб топинг.

Шунингдек, болани ролик, скейтбордда учишга, бадминтон, фрисби ўйнашга, бумеранг, варрак учиришга ўргатиш мумкин.

  1. Чайла қурамиз

Хонадон — ёзги об-ҳавода вақт ўтказиш учун тўғри келмайдиган жой. Ҳовлига чиқинг, истироҳат боғига боринг ёки, яхшиси, шаҳар ташқарисига отланинг ва у ерда ўзингизга янги “бошпана” қуринг. Синч ва том учун қуруқ таёқлар топинг. Уйчани дарахт шохлари ёки барглар билан ёпиш мумкин. Қурилишдан сўнг дам олиш учун албатта бутерброд ва ширинликлар тайёрланг.

  1. Кино ёки мультфильм суратга оламиз

Қўлингизга камера (ёки оддий смартфон) олинг ва ижод қилишга қараб олға! Бироқ сценарийни олдиндан тайёрлаб қўйинг. Боланинг дўстларини чақиринг, ролларни тақсимлаш, декорацияларни ясаш, суратга олиш учун жой танлаш — буларни фарзандингизнинг ўзига қўйиб беринг. Сиз унга шунчаки ёрдамчи бўлинг ва ишнинг катта қисмини мустақил равишда бажаришига имкон беринг.

  1. Хазина қидирамиз

Металл қути олиб, ичини “хазина” — митти ўйинчоқлар, хат, тангалар, журнал парчалари ва ҳоказо — билан тўлдиринг. Ҳовлингизга ёки шаҳардаги қайсидир жойга уни кўмиб қўйинг. Шундан сўнг харита чизиб, топишмоқлар ўйлаб топинг ва бола билан хазина қидиришга отланинг.

  1. Очиқ концерт ва рақсларга борамиз

Ёзда ҳар қандай шаҳарда очиқ ҳавода ўтадиган турли тадбирлар кўп бўлади, булар концертлар, рақс дарслари, йога, ўйинлар бўлиши мумкин. Агар сиз фаол ҳаёт тарзини олиб борсангиз ва бундай тадбирларда мунтазам қатнашсангиз, фарзандингизни ўзингиз билан олиб боринг.

  1. Сув жангини уюштирамиз

Жазирамада бир-бирининг устидан сув қуйишдан ҳам ёқимлироғи борми? Айниқса, денгиз ёки ҳар қандай сув ҳавзаси сиздан узоқда бўлса. Сув автоматини сотиб оламиз, пуфакларни сув билан тўлдирамиз, пластик бутилкалар қопқоғини тешиб, ичига сув соламиз — ва сув жанги сари олға!

  1. Тунни юлдузлар остида ўтказамиз

Оилангиз билан шаҳар ташқарисига сафар қилинг. Ўзингиз билан чодир, зарур озиқ-овқат, иссиқ кийимлар олинг. Ўзингиз олдиндан юлдузлар харитасини яхшилаб ўрганиб, болага асосий юлдуз туркумларини кўрсатинг ва Сомон йўли нималигини тушунтиринг. Шаҳар ташқарисига чиқиш имконияти бўлмаса, буни ўз ҳовлингизда ҳам уюштирсангиз бўлади.