Саломатлик

Шифо маслаҳат: “фарзандимнинг соғлиғидан ҳавотирдаман"

— Ўғлим бир неча кундан буён ёзилиш вақти ачишиш безовта қилаётганини айтаяпти. Ўтиб кетар, дея эътибор бермаётгандим, билсам, пешоб ажралиши ҳам муаммо бўлаётган экан. Наҳот бу цистит бўлса?! Хасталик болалар ҳам кузатиладими?

Дилрабо Қаҳҳорова, Самарқанд вилояти

М. АЛИМОВ, эндоуролог жарроҳ

— Цистит — сийдик қопининг инфекцион яллиғланишидир. Касалликнинг болалар ва ўсмирлар орасида учраши асосан 3-12 ёшларда кўпроқ кузатилиб, қизлар ўғил болаларга нисбатан беш марта кўпроқ хасталанишади. Иммунитетнинг пасайиши, совуқ қотиш, турли хил дори препаратларини истеъмол қилиш, гормонал бузилишлар касалликнинг ривожланишига сабаб бўлувчи омиллар ҳисобланади. Тиббиётда болалар ва ўсмирлар ўртасидаги циститнинг бир нечта турлари тафовут қилинади. Ҳар бири ўзига хос клиник белгилар билан намоён бўлади. Беморда тез-тез пешоб ажратиш, ёзилиш вақти ачишиш ва безовталик, қовуғ олд соҳасида оғриқ, инжиқлиқ, уйқусизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниш каби белгилар шулар жумласидандир.Касалликни ташхислашда умумий пешоб тахлили, буйрак ва пешоб йўллари ультратовуш текшируви, цистоскопия – қовуғ ичини махсус асбоб билан кўриш орқали амалга оширилади.

Фарзандингиздаги ўзгаришлар циститга ишора қилаётган бўлса, албатта шифокор кўригига олиб боринг. Ўз вақтида бошланган муолажа касалликдан тўлиқ халос бўлиш имкониятини оширади. Мутахассис буюрган даво чораларидан ташқари, қуйидаги ҳолатларга ҳам диққат қилинг:

  • Парҳез: аччиқ, шўр, газли ичимликлар, сирка, майонез, дудланган таомлар мумкин эмас;
  • Совуқ қотишдан сақланиш лозим;
  • Бадантарбия машқларини канда қилмаслик;
  • Кечаси ётишдан олдин суюқлик ичишни чегаралаш тавсия этилади.

Манба: Darakchi.uz