Бир латифада шундай дейилади: ҳаёт сенга икки марта текин тишларни беради, учинчиси учун эса пул тўлашга тўғри келади. Биз мана шу иккинчи марта текинга олган тишларимиз ҳақида гаплашамиз. Хўш, болакайнинг сут тишлари неча ёшда тушади?
«Биринчи»ларнинг вазифаси
Сут тишлар чақалоқнинг 6 ойлигидан чиқиши мумкин. Аммо меъёрда у 8 ойдан сўнг ёра бошлайди. Сут тишлар доимийсига қараганда, кичикроқ, илдизи қисқароқ бўлади. Бу тишлар вақтинчалик бўлса-да, кичкинтойга 13-15 йил хизмат қилади. Боланинг 6-7 ёшидан бошлаб, бу тишлар ўрнини доимийларига бўшатишни бошлайди.
Қайсиси қаерда?
Сут тишларнинг тушиш тартиби ҳақида гап очишдан аввал, унинг жойлашишини аниқлаб олайлик. Бунинг учун пастки ва юқори жағни иккига бўламиз. Демак, тўрт бўлак жағ ҳосил бўлди. Жағнинг ҳар бир бўлагида 2 та курак, яъни олдинги тиш (марказий ва ён), 1 та қозиқ ва 2 та катта озиқ тишлар бўлади.
Вақти келди!
Іар бир сут тишларининг ўз тушиш вақти бор. Доимий тишлар ривожланиб, бош кўтариши билан сут тишлар илдизи сўрилишни бошлайди. Шу жараёнда тиш қимирлаб қолади. У буткул сўрилгач, доимий тиш унинг ўрачасидан итариб чиқиб, унинг жойини эгаллайди. Сут тишлари қай тартибда чиққан бўлса, улар шу тартибда янгиланади.
Кимда қандай?
Сут тишларининг тушиши, одатда, ўнг ва чап томондаги «эгизи» билан бир вақтда рўй беради. Қиз болаларда бу жараён ўғил болаларга қараганда эртароқ бошланади. Шунингдек, аввал пастки жағ тишлари, сўнг юқоридаги «эгизи» тушади.
Аниқлик киритамиз
Ушбу жадвалда сут тишларининг доимийсига алмашишининг меъёрий кўрсаткичлари берилган.
Сут тишлар | Илдиз сўрилишининг бошланиши | Алмашинув
(сут тиш тушиши) |
Пастки марказий курак тишлар | 5 ёшдан бошлаб, 2 йил давом этади | 6-7 ёшда |
Юқори марказий курак тишлар | ||
Пастки ён курак тишлар | 6 ёшдан бошлаб, 2 йил давом этади | 7-8 ёш |
Юқори ён курак тишлар | ||
Юқориги кичик жағ тишлар | 7 ёшдан бошлаб, 3 йил давом этади | 8-10 ёш |
Пастки кичик жағ тишлар | ||
Юқори қозиқ тишлар | 8 ёшдан бошлаб, 3 йил давом этади | 9-11 ёш |
Пастки қозиқ тишлар | ||
Пастки катта жағ тишлар (иккинчи моляры) | 7 ёшдан бошлаб, 3 йил давом этади | 11-13 ёш |
Юқори катта жаҳ тишлар (иккинчи моляры) |
Шу тариқа, бирин-кетин барча 20 та сут тишлари тушиб, доимий сут тишлар билан алмашади.
Нега сут тиши тушмаяпти?
Бунга қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- табиатан ўзига хослиги;
- рахит;
- инфекция ёки сурункали хасталиклар;
- –наслий мойиллик.
Борди-ю, сут тишлар тушмай, доимий тишлар унинг ортидан чиқиб келаётган бўлса, албатта, кичкинтойни стоматологга олиб боринг. Сут тишлар илдизи сўрилиш жараёнида бўлгани учун уларни олиб ташлаш қийин эмас. Шундан сўнг доимий тишлар ўз ўрнини эгаллайди. Фарзандингиз тишлари икки қатор ўсаётган бўлса, ҳавотир олманг, бу бола тишламига таъсир этмайди. Улар «келишиб», ҳамма ўз ўрнини топиб олади. Шунчаки, унга мутахассис кўриги ва вақт керак, холос.
Тавсия: Бола кўпроқ қаттиқ мева ва сабзавот ейиши керак. Масалан, сабзи ва олма сут тишларнинг тезроқ тушиб, доимийси мустаҳкам бўлиб ўсишига ёрдам беради. Шунингдек, болаларга кальцийга бой маҳсулотларни беришни ҳам унутманг.
Шифокор – стоматолог Саодат ШОМИРЗАЕВА тавсиялари асосида Камола БОШБЕКОВА тайёрлади.
Манба: Darakchi.uz