Тарбия

Тарбиядаги Хатолар

Ҳар биримизнинг фарзанд тарбиясида ўз қарашларимиз, фикрларимиз бор. Ҳаммамиз бола тарбияси ҳақида соатлаб гапиришимиз, йўл-йўриқ кўрсатишимиз мумкин. Биз эса бу гал анъанадан чекинган ҳолда тарбиядаги усуллар хусусида эмас, тарбияда йўл қўйиладиган хатолар ҳақидаги машҳурлар фикрлари билан ўртоқлашамиз. Дилшод РАҲМОНОВ, хонанда Менимча, фарзанд тарбиясида ота-она йўл қўядиган энг катта хато бу — бееътиборлик деб ҳисоблайман. Биз тан олишни истамаган баъзи номаълум ҳақиқатлар шунинг орқасидан пайдо бўлади. Яна битта хатомиз болага ҳар доим ҳам қандай муомала қилиш кераклигини ёддан чиқариб қўямиз. Биз катталар кун бўйи ишда чарчаймиз кечқурун эса улар берган саволга зўрға истамай жавоб берамиз, гоҳида силтаб ҳам ташлаймиз. Чарчаганимиз баҳонасида бундай қилиш жуда катта хато. Уларга вақт ажратиш керак. Бўлмаса борган биздан ҳам ҳаётдан ҳам безиб қолиши мумкин. Дилдора Ниёзова, хонанда Энг аввало ота-она фарзанди ёнида жанжаллашиши керак эмас. Бу болани уйдан узоқлаштиради. Яна боланинг ёлғон гапираётганини сезган заҳоти уни тўғри йўлга солиш керак. Агар сиз ёлғонга ҳеч қандай муносабат билдирмасангиз унда бола ота-онам индамас экан деб ёлғонни кўпайтираверади. Фарзандимизнинг ёлғонига кўз юмишимиз энг катта хато бўлади. Чунки у келажакда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Болани ўта эркин ҳам қилиб қўймаслигиммиз лозим. Болани маълум бир чегара доирасида тарбияласак, келажакда тартиб-интизомга ўрганади. Ўзи яхши одам бўлиб камолга етгандан кейин фарзандларига ҳам буни ўргатади. Сарвара ОДИЛХЎЖАЕВА, хонанда Ота-она фарзандни меъёридан ортиқ эркалатиши бу— унинг кечириб бўлмас хатоси дейишимиз мумкин. Ўзи биттагина болам бўлса, шуни ҳам эркалатмайманми дейиш нотўғри. Фарзандингиз нима иш қилса ҳам тўғри деб уни қўллаб-қувватлайверсангиз эртага у ҳаёт синовларига дош беролмайди. Чунки ҳаётда ҳамма унга ота-онасидек муносабатда бўлмайди. Қайсидир ҳаёт синовида қоқилса довдираб қолади. Ўзини дарров ўнглолмайди. Чунки у эрка бўлиб ўсганда.

Анвар СОБИРОВ, хонанда Эркак одам оила боши. Қизлар онадан, ўғиллар отасидан ўрнак олади. Оиладаги муҳит қандай бўлса фарзанд шундан ўрнак олиб улғаяди. Болаларнинг олдида бировларни ёмонламаслик керак. Чунки бола бамисоли оқ қоғоз.Унга нимани ёзсангиз, ўша нарса муҳрланади.Кимнидир ёқтирмасангиз, ўша одамни бола кўз ўнгида ёмон десангиз фарзандингиз ҳам шу руҳда улғаяди. Бу эса ота-онанинг хатоси ҳисобланади. Ота-она болага бировни ёмон кўришни эмас, ижобий нарсаларни кўра олишни ўргатиши керак. Яна ота-оналар кўздан қочирадиган бир жиҳатга тўхталибўтсам. Оилада фарзанд олдида аёлни жеркимаслик керак.Унинг улуғ, мўтабарлигини таъкидлаш лозим. Ўз уйида онанинг, сингилнинг, эъзозланганини кўриб улғайган бола келгусида ҳам ўз оиласидаги аёлларни иззат қиладиган бўлади. Адиба Мелиева тайёрлади