— Яқинда 11 ёшли ўғлимга тепки чиқди. Даволандик, тузалиб кетди. Қўшниларим “Энди ўғлингиз бепушт бўлиб қолади” деб айтишяпти. Айтингчи, шу гап ростми?
Юлдуз АКМАЛОВА, Андижон вилояти.
Саволига тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-инфекционист Шавкат АЗИМОВ жавоб беради.
Сабаби оддий
Халқ орасида “тепки” номи билан машҳур бу хасталик тиббиётда эпидемик паротит деб номаланади. Бу вирусли инфекция оғиз ва бурун орқали қонга тушиб, организмдаги безларга зиён етказади. Одатда эпидемик паротит зарарлайдиган безлардан бири қулоқ атрофидаги сўлак безлари бўлиб, улар хасталик оқибатида шишиб кетади.
Белгилари
Тепки ҳароратнинг кўтарилиши, этнинг увушиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, иштаҳасизлик, оғиз қуриши, зарарланган безнинг шишиб кетиши каби белгилар билан намоён бўлади. Хасталикнинг инкубацион даври 11 кундан 23 кунгача чўзилиши мумкин. Белгилар намоён бўла бошлагач 9-10 кунгача бемор хасталик ташувчиси ҳисобланади.
Юқтириш осон
Эпидемик паротит ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Яъни вирусни ташувчи киши билан мулоқотда бўлиш, гаплашиш, ошхона ёки гигеник анжомларидан фойдаланиш тепкига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун хасталикка чалинган болакайни бошқалардан ажратиш, алоҳида парваришлаш лозим.
Даво чоралари
Бошқа вирусли хасталиклар сингари эпидемик паротитни даволашда ҳам вирусга қарши дори воситалари қўлланилади. Бундан ташқари, беморнинг иммунитетини мустаҳкамлашга ҳам аҳамият қаратиш лозим. Демак, илк белгиларни сезганингиз заҳоти болажоннинг ортиқча ҳаракатланмаслигига, каллорияли, аммо суюқ ва юмшоқ таомлар тановул қилишига, етарли миқдорда сув ичишига аҳамият беринг. Шунингдек, сўлак ажралишини жадаллаштирувчи аччиқ, нордон, шўр таомлардан сақланиш тавсия этилади.
Бепуштликка олиб келадими?
Юқорида таъкидлаганимиздек, бу вирус организмнинг без тўқималарида яхши ривожланади. Мояк ҳам сперматазоид ишлаб чиқарувчи без ҳисоблангани боис, вирусдан зарарланиш эҳтимоли мавжуд. Агар вирус моякка ўтган бўлса шиш, оғриқ, яллиғланиш каби белгилар кузатилади. Моякнинг яллиғланиши оқибатида сперматозоид ишлаб чиқарувчи ҳужайраларга зарар етиши мумкин. Агар беморда юқоридаги белгилар кузатилмаса, хавотирга ўрин қолмайди. Одатда ўсмирлик чоғида тепкига чалинган ва нотўғри даволанган болалар ўртасида бепуштлик эҳтимоли юқори бўлади. ҳар қандай ҳолатда ҳам, албатта, шифокор кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Олдини олиш
Бугунги кунда эпидемик паротитдан ҳимояланишнинг энг самарали усули эмлаш ҳисобланади. Бу икки босқичда амалга оширилади: 1 ҳамда 6 ёшлигида КПК вакциналари билан эмлаш мақсадга мувофиқ. Агар бу амалиёт ўз вақтида тўғри амалга оширилса, кичкинтойнинг хасталикка чалиниш хавфи анча пасаяди.
Эгизак фарзандли аёл тепса кетадими?
Болага тепки чиқса, кўпчсилик ота-оналар эгизак фарзанд кўрган аёлни қидиришга тушадилар. Аслида бу “даво чораси” ҳеч қандай фойда келтирмайдми. Чунки ҳар бир соғлом фикрли инсон вирусли хасталикни “тепиб” даволаш мумкин эмаслигини яхши англайди. Унда нима сабабдан “тептиргач” касаллик чекинади, деб сўрашингиз мумкин. Шунчаки вирус ҳужум қилганида иммунитетимиз бироз сустлашади, бир муддат ўтиб, ўз кучини тиклаб олгач эса, яна курашишни давом эттиради ва ғалаба қозонади. Натижада соғая бошлаймиз, “тептириш” айнан шу вақтга тўғри келиб қолади, холос. Иримларга ишонмай, шифокор кўригидан ўтишни маслаҳат берамиз.
Манба: Darakchi.uz