Бугунги кунда стоматологга ўз вақтида бориш кераклиги, акс ҳолда бу ёмон оқибаталарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилади."Ортодокс" тиббий порталида тиш шифокорига боришни орқага сурувчиларни кутаётган хавфли вируслардан бири тўғрисида британиялик тадқиқотчилар маълумоти тақдим этилди, деб ёзади Kun.uz.
Британия тадқиқотчилари кенг кўламли тажриба ўтказиб, унинг натижасида одамдаги папиллома вируси (ОПВ) милкларнинг яллиғланиши, тишлар тушиши ва бошқа стоматологик муаммолар билан бевосита боғлиқ эканини аниқлашди.
Тадқиқот давомида 3,5 минг беморни мунтазам кузатиб борилди.
Маълум бўлишича, одам папиллома вируси билан боғлиқ муаммолар туфайли шифокорларга икки карра кўп мурожаат қилган беморларнинг милк ва тишлари носоғлом бўлиб чиққан.
Шунингдек инсондаги папиллома вируси ва оғиз бўшлиғи саратони ўртасидаги боғлиқлик эса тиббиёт ходимларида янада кўп ташвиш уйғотди.
Одам папиллома вируси папиллома вируслар оиласига мансуб бўлиб, ҳозирги кунгача унинг 100 га яқин тури аниқланган. Ҳар бир вирус тартиб рақами билан рақамланган бўлиб, бир-биридан ирсий ахбороти билан фарқланади. Одам папиллома вируси хавфли ўсма касалликларини келтириб чиқаришига кўра юқори, ўрта ва паст онкоген гуруҳларига ажратилади.