Тарбия

Тортинчоқ болага қандай ёрдам бериш мумкин?

Тортинчоқ болаларни ўз тенгдошларидан ажратиб турувчи тўсиқдан ўтиши улар учун қийинчилик туғдиради. Муносабатларни эҳтиёткорлик билан ўрнатувчи боланинг ота-онаси ўзини қандай тутиши лозим?

Тортинчоқлик қандай пайдо бўлади?

Нега бола тортинчоқ бўлиб қолади? Фарзандлари болалар боғчаси ёки майдончасида дўст топишга қийналадиган ота-оналарнинг кўпчилиги ўзига шундай савол билан мурожаат қилади. Психологлар уятчанликни ижтимоий вазиятлардаги ноқулайлик ҳисси сифатида таърифлайди. У болага ижтимоий ривожланишга халақит беради.

Боланинг шахс сифатида шаклланишининг дастлабки босқичларида унинг катталар билан мулоқоти катта аҳамиятга эгадир. У ўзига баҳо беришда тўлиғича уни тарбия қилаётган кишиларнинг фикридан мўлжал олади. Ота-оналардаги қўполлик, кескинлик, бечидамлик кичкина одамчада маълум бир ижтимоий вазиятларда тортиниш каби жавоб реакциясини юзага келтиради.

Боладаги тортинчоқликни қандай енгиш мумкин?

Боладаги уятчанликни енгиш учун ота-она бу муаммони ўз вақтида кўра олиши керак. Болага мутахассислар ёрдами ва янги кўникмаларни ишлаб чиқиш учун гуруҳ кўринишидаги машғулотлар керак бўлади. Бу гуруҳ бўлиб ўйналадиган турли ўйинлар бўлиши мумкин.

Шунингдек, бола учун янги ва кутилмаган вазиятларни келтириб чиқарувчи турли машғулотлар ҳам фойдалидир. Тасаввур қилиб ўйналадиган ўйинлар ҳам яхши: масалан, бола чўлга келиб қолади ва бошқа болаларга бу ер қўрқинчли эмаслиги ва чўлда ҳам сув ва егулик топиш мумкинлигини исботлаши керак. Тортинчоқ бола етакчи ролини бажариши ва бошқаларни ўзига жалб қилиши керак.

Бундан ташқари, болаларнинг катталар билан ўрнини алмаштириб ўйналадиган ўйинлар ҳам тортинчоқликни енгишга ёрдам беради.

Тортинчоқ боланинг ота-онаси ўзини қандай тутиши керак?

Ота-она боласини бошқа болалар билан мулоқот қилишга қанчалик кўп ундаса, бола шунча кўпроқ ўзини торта бошлайди. Болани тортинчоқликдан мажбурлаб чиқариб бўлмайди. Унинг ижтимоий шахсияти табиий йўл билан ривожланиши мумкин бўлган қулай шарт-шароитни яратиш лозим.

- Ҳеч қачон болангизни олдида "мени болам тортинчоқ" деманг. Бундай гапларни эшитган болада қўрқув ва шубҳалар янада ортади.

- "Тортинчоқ бўлсанг, ҳеч ким сени яхши кўрмайди, болалар сен билан ўйнамай қўяди" деган сўзларни унутинг. Бундай муомала боладан ўзига ишончи йўқ шахсни шакллантиради.

- Бошқа одамлар ва кичкина болалар билан саломлашганда жилмайинг ва фарзандингизни ҳам шунга ўргатинг.

- Масъулиятли ишларнинг бир қисмини болангизга юкланг. Масалан, у уйдаги қўнғироқларга жавоб қайтариши, дўкондаги керакли маҳсулотларни пештахтадан топиб, уни ўзи олиши, болалар майдончасида кимгадир янги ўйинни ўргатиши мумкин.

Фарзандингиз тортинчоқлиги туфайли келажакда ўзини ёлғиз ҳис қилмаслиги учун ундаги бу одатни ўз вақтида бартараф қилинг.

Мақолани тайёрлашда "Parenting.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.