Туғуруқ муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланиши она ва болага ўз вақтида самарали тиббий ёрдам кўрсатишга, асоратли туғуруқларнинг олдини олиб, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қилади, деб ёзмоқда Kun.uz.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, ушбу дастурлар доирасида мамлакатимиздаги туғуруқхона муассасаларини жиҳозлашга 2017 йилда 17 миллион АҚШ доллари сарфланган бўлса, 2018 йилда 50 миллион АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, 2017 йил Инвестиция дастури доирасида, Молия вазирлигининг таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 73,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 8 та 764 ўринли (Тошкент шаҳри ва Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё) вилоят перинатал марказлари, шаҳар туғуруқ комплекси ва болалар шифохонасида ҳамда 13 та туман тиббиёт бирлашмаларининг 961 ўринли туғуруқ комплекси ва болалар бўлимларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича ўринбосари лавозимининг жорий этилаётгани ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларининг ташкил этилаётгани ҳам “Соғлом она – соғлом бола” ғоясининг эзгу мақсадига хизмат қилади.
Яна бир янгилик — қишлоқ оилавий поликлиникаларида эҳтиёж ўрганилган ҳолда гинеколог ва педиатр врачларнинг штатлар жадвали кўпайтирилаётганидир. Бу янгилик оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши, шубҳасиз.