Савол: Ўғлим Ўзбекистонда туғилган. Мен, яъни онаси ўзбекман, отаси тожик миллатига мансуб. Бу йил ўғлим 16 ёшга тўлади. Ўғлим биометрик паспорт олаётган вақтида ўзбек миллатини танлаш ҳуқуқига эгами? Мен отаси билан қонуний ажрашганман. Отаси томонидан ўзбек миллатини олиш учун рухсат керак бўладими?
Жавоб: “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 21-бандига кўра, паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнида боланинг миллати ота-оналарнинг миллати бўйича аниқланади, агар ота-оналар турли миллатларга мансуб бўлсалар, паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини беришда фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг миллати паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатини олувчининг хоҳишига кўра отаси ёки онасининг миллати бўйича ёзилади.
Демак, ўғлингиз паспортини расмийлаштираётганда икки миллатдан бирини танлаш ҳуқуқига эга. Боланинг oтасидан миллатини расмийлаштириш учун рухсат олиш талаб этилмайди.