Тарбия

Йиртилган китоб

Кечгача китобнинг ярмини қидирдим. Йўқ. Ерга кирганми е кўкка чиққанми, хуллас йўқда. Китоб чиқараётганлар ҳам мундоқ устини қаттиқ муқова қилиб, ичини ҳам мустаҳкам қилишмайдими. Яна инглиз тили дарслиги.  Энди нима қиламан? Бу ўзимнинг  китобим бўлса ҳам майли. Синфдошим Фарҳоднинг китоби. У жудаям тартибли, аълочи бола. Агар китобни йиртиб қўйганимни билса борми? Эҳ, нима қилсам экан? Йиғламоқдан бери бўлиб ён қўшнимиз дугонам Наргизаникига югурдим. Юрагим ҳаприқиб дарвозани тақиллатдим. Хайрият дарвозани Наргизанинг ўзи очди. -       Ҳа, рангинг рус тили дарсидан шеърни ёдламагандек оқариб кетибди?  Наргиза ўзи шунақа. Иловасиз гапиролмайди. Ҳамма унинг наштар сўзларидан қўрқиб туради. -       Наргиз, бугун мактабда ҳеч ким сумкамга тегмаганмиди? -       Ие, қизиқмисан? Ким сенинг сумкангга тегади? Ахир кимсан, директорнинг қизи бўлсанг. Сенинг пишагингни пишт дейишга ҳам қўрқамиз-ку! – кесатди Наргиза. -       Қўй, шу гапларни. Ахир сен ёнимда ўтирасан. Инглиз тили китоби иккаламизга берилганди. Йўқотиб қўйдинг. Шунга ФАрҳодникини олиб тургандим. Кимдир Ярмини йиртиб қўйибди. Ўша ярмини қидирмаган жойим қолмади. Наргиза пинагини ҳам бузмади. Дунёни сув босса ўрдакка нима ғам дегандек елкасини қисди. Нима қилишимни билмай туриб қолдим. Эртага синф раҳбаримиз Унсиной опага айтмасам бўлмайди шекилли. Энди Фарҳоднинг олдида нима деган одам бўлдим? Кечқурунги овқат ҳам томоғимдан ўтмади. Нега? Нима учун синфдошларим мени бунчалик ёмон кўришади? Айбим директорнинг қизи бўлганимми? Ахир ҳеч ҳам бундан керилиб уларни беписанд қилган жойим йўқ. Аксинча, онам мактабдаги барча ўқувчилардан ҳам кўра менга талабчанроқ. Ҳамма вазифани биринчи бўлиб менга юклайди. Ҳеч қачон мени мақтаб гапирмайди. Уйда гапирсам,  Сени ҳамманинг олдида мақтасам уят бўлади. Одамлар гап қилишади, дейди. Одамларга ҳам ҳайронман. Нега бўлган бўлмаган нарсаларни гап қилавераркин? Эрта тонгда туриб папкамни яна бир қараб чиқдим. Тополмадим. Нонушта ҳам томоғимдан ўтмади. Онам: - Ҳа, тумшайиб ўтирибсан?- деб сўради. Индамадим. Аммо мактабга яқинлашаётганимда юрагим безовта питирчилади. Фарҳод китобини сўраши аниқ. Аксига олиб биринчи соат инглиз тили эди. Қўнғироқ чалинди. Юрак ҳовучлаб ўтирсам, тиржайиб Наргиза кириб келди. Менга қараб тиржайиб қўйди. Нега тиржаяди, куйдирилган каллага ўхшаб, ё китобни... Йўғ-е, шунчаликка бормас. Негадир дарс тугай деб қолди ҳамки Фарҳод кўринмади. Катта танаффусда бир синф пастда ўқийдиган синглисидан сўрадим. Томоғи оғриб, иссиғи чиқаётганмиш. Биринчи марта бировнинг касаллигини эшитиб хурсанд бўлиб кетдим.   Ахир Фарҳод тузалгунча китобни топишим мумкин. Сўнг ҳамма синфдошларимдан китобнинг ярми ҳақида сўрадим. Ҳаммаси келишиб олгандек кўрмадим дейди-я. Дарслар тугади. Чарчоқни ҳам унутиб ҳамма ташқарига югурди. Атроф бирам гўзал-эй! Баҳор жуда ажойиб фаслда. Ҳавода асал ҳидидидек ёқимли ва муаттар ифор кезади. Ҳамма жойдан асалариларнинг ғувиллагани эшитилади. Кеч куздан буён қуриб-қовжираб ётган ариқда сув ошиб-тошиб оқади. Капалаклар нозланиб қанот қоқади. Шу манзараларга маҳлиё бўлиб кетаётгандим, ариқ бўйида оқариб турган нарсага кўзим тушди. Яқинроқ бордим. Ҳа, бу ўша. Устига “ENGlLISH 7” деб ёзилган китоб. Уни авайлаб олдим. Сал намиқиб қолибди. Ҳечқиси йуқ, муҳими топдим-ку. Лекин у бу ерга қандай келиб қолди экан? Шунда китобни варақладиму, ичидан икки буклоғлиқ қоғоз топдим. Унда шундай сўзлар ёзилганди: “Агар китобни топсанг сенга қойилман. Аммо айтиб қўяй Фарҳодни тинч қўй. Ажаб эмас китобни деб ораларингдан ола мушук ўтиб қолса. Ким айтди сенга иккичида кўнгил йўқ деб. Бу фақат огоҳлантириш. Хушёр бўл директорнинг эркатойи.” Ажи-бужи ёзувни кўриб кулгим қистади. Хат муаллифини  ёзувидан танигандим. Лекин бировнинг сирини очишни ёмон кўраман. Менимча, сиз ҳам унинг кимлигини дарров билдингиз.

Саида Рустам қизи