Ёз жазирамасида кичкинтойлар соғлиғига дахлдор талайгина муаммолар юзага келади. Негаки, ушбу фаслда муздек сув ичган ёки музқаймоқ еган, меваларни ювмасдан тановвул қилган, ҳовузда чўмилаётиб, қулоғига сув кирган, дарахтдан йиқилган ва оёқ-қўли шилинган болаларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Уларнинг мавсумий “муаммо”ларидан яна бири “иссиқлик” тошишидир.
Нега иссиқлик тошади?
Об-ҳавонинг кескин исиши ёш болалар, айниқса гўдакларни қийнаб қўяди. Бола организми катталарникидан анчайин фарқ қилгани боис кун исиб кетганида унинг организмида суюқлик ишлаб чиқариш даражаси ортади, яъни тер безларидан тер ажралиши кучаяди. Бу танани қизиб кетишдан сақлайди. Агар бола жуда қалин кийинган, ўралган ёки баданига турли кремлар суртилган бўлса, тер ажралиши жараёни бузилади. Натижада, тер ташқарига чиқиш ўрнига тер безларида тўплана бошлайди. Бу эса, ўз навбатида, терига пушти-қизил тошмалар тошиши билан намоён бўлади. Иссиқлик тошган жой қаттиқ қичишади, қашиганда эса унга инфекция тушиб, йиринглаш пайдо бўлиши мумкин. Мазкур майда тошмалар яна тери бўғимлари орасида қизаришлар юзага келишига сабаб бўлади. Қизариш эса бичилишни келтириб чиқаради.
Ўз-ўзидан тузалмайди
Қиқирлаб куладиган соғлом болакай ҳар бир онанинг қувончи! Аммо иссиқлик тошиши уни қайсар, уйқусиз ва иштаҳасиз қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун теридаги тошма ва бичилишларга ўз-ўзидан ўтиб кетадиган ҳолат, деб қараманг. Улардан қутулишнинг энг осон йўли — бу одатий гигиеник муолажалардир.
Тошмаларга қарши курашамиз!
- Болалар гигиеник кукунидан фойдаланинг. Уни кафтингизга тўкиб, боланинг баданига оҳиста ишқаланг. Тери юзаси қизарган бўлса, болалар кремидан фойдаланманг.
- Болакай ётган ёки ўтирган хонани тез-тез шамоллатиб туринг. Лекин елвизакдан асранг.
- Болани чўмилтиришингиз билан қалин қилиб ўраш шарт эмас. Намлик баданига бироз сингишига имкон беринг.
- Ёз фаслида болани тез-тез чўмилтиринг. Кунига камида бир марта бўлсин.
- Табиий толадан тикилган кийимларни кийдиришга ҳаракат қилинг.
- Ётоқ чойшаблари ҳам пахта толасидан бўлгани маъқул.
- Кичкинтойингиз ётган ёки ўтирган хонадаги ҳароратни мунтазам кузатиб боринг, хона ҳарорати + 20 С атрофида бўлиши лозим.
- Бола учун гигиеник воситаларнинг ҳам мавсумбопини танланг. Таркибида ёғлари бор кремларни ёзда қўллашни тавсия этмаймиз.
- Ширинтойни кийинтиришда ҳаво ҳароратини ҳисобга олинг. Масалан, битта қалин кўйлакча ўрнига иккита юпқасини кийдиринг. Ҳаво исиб кетса, устки кўйлакни ечиб қўйиш мумкин бўлади.
Иссиқлик асорат берса...
Агар иссиқлик тошмалари ва бичилишлар одатий муолажалардан кейин ҳам икки-уч кунда ўтиб кетмаса, аксинча, кўпайиб борса ва тошма ранги ўзгартирса, бу боланинг терисига инфекция тушганлигидан далолатдир. Бундай пайтда ўзибилармонлик билан турли малҳамларни суртмай, болалар шифокорига мурожаат қилишни маслаҳат берамиз.
Педиатр, олий тоифали шифокор, Ҳилола РИЗАЕВА тавсиялари асосида
Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади
Халқ табобати усуллари
Мойчечак, иттикинак (череда), тирноқгул (календула). Бу гиёҳларнинг ҳаммасидан тенг миқдорда олиб (ҳар биридан 3 ош қошиқ), ярим литр сувга дамлаб қўйилади. Дамлама совугач, докадан ўтказиб, уни бола чўмиладиган сувга қўшиш фойдалидир. Ҳар гал чўмилиш олдидан дамлама янгитдан тайёрланади.
Ёнғоқ дарахти барглари. Тахминан 10 дона барг бир стакан сувда 10-15 дақиқа қайнатилади. Совутиб, сузиб олингач, кичкинтой чўмиладиган сувга қўшилади.
Марганцовка эритмаси. Марганцовкани сувга қўшиб, оч пушти ранг ҳосил қилинади. Бола чўмилиб бўлгач, ана шу сувда чайинтириш лозим.
Дафна (лавр) япроғи. Етти дона қуруқ баргни бир стакан қайнаган сувга дамланади. Бу дамлама билан терининг қизарган жойларини артган маъқул. Фақат эҳтиёт бўлинг, айримларда дафна барги аллергияни келтириб чиқариши ҳам мумкин.
Сода. Истеъмол содасининг эритмаси билан иссиқлик тошмалари ҳўлланса, қичишиш ва ачишиш йўқолади.
Тупроқ. Момоларимиз уйда пахса урилаётган ва сомон сувоқ қилинаётганда унга ишлатиладиган тупроқдан озгина олиб қўйишган. Гўдак иссиқликдан қийналаётганида шу тупроқни сувда эритиб, бола чайинтирилса тошмалар тез йўқолади. Синовдан ўтган бу усулнинг сезиларли наф бериши ва безарарлигига тажрибада кўп бор гувоҳ бўлинган.
Манба: Darakchi.uz