Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзади Kun.uz.
Ушбу Низом Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ҳужжатда қайд этилишича, жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.
Жамғарма маблағлари:
• мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда қурилишларнинг манзилли рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;
• мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантиришга;
• юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;
• вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;
• вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;
• вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;
• таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этишга, шунингдек, вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.
Низомга мувофиқ, жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Кенгаш раиси ҳисобланади.