Оила катталари бўлган қайнона ё бувижонлар ҳомиладор келинларнинг тахминан қачон кўзлари ёришини бир нигоҳ билан тахмин қила оладилар. Ва бу тахмин аксар ҳолларда тўғри чиққани боис, бу “каромат”лари нимага асослангани билан қизиқардим. Буни қарангки, туғруқ яқинлашганини кўрсатувчи ташқи аломатлар анчагина экан.
Дард тутишидан аввал аёл организмида ва унинг ташқи кўринишида ҳам бир қанча ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Аёл бу ўзгаришларга эътиборли бўлса, ўзини ҳам руҳан, ҳам жисмонан туғруққа ҳозирлаши осон кечади. Туғруқ олди аёл организмида эстроген миқдори ошиши аёлнинг кайфияти ва ҳаракатида бир қанча ўзгаришларга олиб келади. Бу ўзгаришлар ҳомиладор аёлларда турли шакл ва вақт оралиғида намоён бўлади.
Ёлғончи дард. Ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида пайдо бўлиши мумкин. Одатда ҳомиладор аёл иккинчи уч ойликда Брэкстон-Хикс тўлғоғини ҳис қила бошлайди. Аммо ёлғончи тўлғоқ Брэкстон-Хикс тўлғоғидан фарқли ўлароқ шиддатлироқ давом этади. Бу икки тўлғоқ тури ҳам бачадонни туғруққа ҳозирлашга хизмат қилади ва оғриқ қаттиқ, мунтазам давом этмайди. Ҳақиқий тўлғоқ эса мунтазам бўлиб борган сари кучайиб ва тезлашиб боради. Ёлғончи тўлғоқдан қўрқманг ва хавотирга тушманг.
Қорин пасайиши. Туғруқдан 2-3 ҳафта аввал бола бачадон пастига “ёпишади”, ва уни пастга тортади. Бу вақтга қадар қорин бўшлиғи тепалигида жойлашган қорин энди тос соҳасига “тушади”. Ҳомила энди ички аъзоларни эзмайди. Шу сабабли ҳомиладорликнинг охирги 2-3 ҳафталарида аёл бироз енгил нафас ола бошлайди. Жиғилдон қайнаши, кекириш ҳам йўқолади. Аммо юриш, ўтириш аксинча қийинлашади. Эндиликда бачадон оғирлиги ошқозон ва диафрагмага эмас, сийдик қопига тушгани боис ҳожатхона “чақириқлари” сони ошади. Бачадон пастга тушиши чов қисми пайларида оғриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Оёқ ва белда ҳам оғирлик сезилади. Иккинчи ва кейинги ҳомиладорликларда эса қорин туғруқдан бироз аввал пастга тушади. Баъзи ҳолларда эса бу ҳолат умуман ҳомиладорда кузатилмаслиги мумкин.
Вазн тушиши. Туғруқдан 2 ҳафта аввал ҳомиладор аёлда 0,5-2 кг миқдорида вазн тушади. Бунинг сабаби, организмда ортиқча суюқлик чиқиб кетиши ва шишлар камайишида.
Ич юмшаши. Гормонлар ичак мушакларини ҳам бўшаштиради ва аввалига қабзият, ич қотишидан қийналган ҳомиладор энди ич бўшаши сабабли 2-3 маротаба ҳожатга чиқиши мумкин.
Иштаҳа пасайиши. “Сен иккита жон учун ейишинг керак”, дейишади ҳомиладор аёлларга. Аммо туғруқ олди аёлда иштаҳа камайиши кузатилади, бу организмни тўлғоққа ҳозирланаётганига далолат қилади.
Ҳиссиётчанлик ўзгариши. Туғруққа яқин аёлнинг руҳий ҳолати, кайфияти ўзгаради. Бўлажак она тез чарчайди, кўпроқ дам олишни, ухлашни истайди, ҳеч нарса қилгиси келмайди. Бу одатий ҳол - аммо бундай кайфиятга қарамай бўлажак она туғруққа тайёргарлик кўриши лозим. Шунингдек, туғруқ олди аёлда ёлғиз қолиш истаги ҳам туғилиши ҳам табиий ҳол.
Бола ҳаракатларидаги ўзгаришлар. Болажонда ҳам туғруқдан олдин сокинлик кузатилади. Унинг ҳаракатлари камаяди. Бунинг сабаби эса, етарлича вазнни тўплаб олган болажонга энди бачадон торлик қилади ва у аввалгидай она қорнида умбалоқ оша олмайди. Ҳамда, у ҳам айни онаси каби машаққатли иш олдидан ўзига куч йиғиш пайида.
Ноқулайлик ҳисси. Туғруқдан бир неча ҳафта аввал бўлажак она қорин пасти ва думғаза соҳасида ноқулайликлар ҳис қила бошлайди. Бу ноқулайликлар ҳайз олди ёки ҳайз кунлари ноқулайликларини эслатиши мумкин. Қорин ва белда унча қаттиқ бўлмаган, тортувчи оғриқ пайдо бўлади. Бу каби ноқулайликлар тос боғламларининг тортилиши, бачадонга қон қўйилишининг ошиши ва бачадон тубининг тушиши оқибатида юзага келади.
Шиллиқ тиқиннинг очилиши. Бу туғруқ яқинлашганининг асосий хабарчиларидан биридир. Ҳомиладорлик даврида бачадон бўйнида махсус секрет (желега ўхшаш тиқин) ишлаб чиқаради. Бу секрет турли микроорганизмларни бачадонга киришидан ҳимоя қилади. Туғруқ олдидан эса эстроген гормони таъсири остида бачадон бўйни юмшайди ва бу тиқин ташқарига чиқади. Аёлда оқ, рангсиздан тортиб бироз қишғиш-пушти ёки сариқ-қўнғир рангда ажралма келиши кузатилади. Бу ажралмада бироз қон излари ҳам кўриш мумкин ва бу хавфли эмас, балки табиий ҳисобланади. Ажралма келгани энг яқин кунларда тулғоқ бошланишига далолат қилади. Ажралма бир маротаба ёки кун давомида оз-оздан келиши мумкин. Ҳомиладор аёл қорин пастида бироз тортувчи оғриқ ҳис қилиши мумкин.
Шиллиқ тиқин очилиши аёл организмининг ўзига хослигига боғлиқ бўлиб, баъзи аёлларда туғруқдан 2 ҳафта аввал кузатилса, бошқа ҳомиладорларда эса то туғруққа қадар ҳам очилмаслиги мумкин. Тиқин очилиши билан тулғоқ дарди бошланмаса шифохонага боришга шошилманг, шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Аммо тиқин 2 ҳафтадан аввал очилса ва қизил рангли бўлса шифохонага бориш мақсадга мувофиқ.
Одатда, бўлажак онада бу белгиларнинг икки-учтасини кўрилса, баъзи ҳолларда тулғоқ яқинлашганини билдирувчи белгилар умуман кузатилмаслиги ҳам мумкин. Бу организмнинг тулғоққа ҳозирлик кўрмаётганини билдирмайди. Фақат ҳар бир аёл организми ўзига хос хусусиятлари бўлиб, баъзиларда бу аломатлар етарлича сезилмайди. Туғруққа тайёргарликда энг асосийси кўтаринки кайфиятда бўлинг ва ҳаммаси яхши бўлишига ишонинг, қурқувга йўл берманг.
Туғруқ олди парҳез: тажрибали қайноналар туғруқ они яқинлашган сари келинболаларни хамир ва оғир овқатлардан тийилишга чақирадилар. Ва бу чақириқ замирида бўлажак она саломатлиги ҳақида қайғуриш ётади. Туғруққа яқин оғир овқатлар истеъмол қилиш туғруқ онини қийинлаштириши мумкин. Она организми туғруққа тайёргарлик кўриш ўрнига истеъмол қилинган оғир овқатларни ҳазм қилиш учун энергия сарфлайди. Шу билан бирга, охирги ойларда бола вазни тезда ошиб боргани боис, она туғишга ҳам қийналади. Албатта, бу дегани туғруққа яқин оч қолишни билдирмайди, ҳар бир ишда бўлгани каби олтин меъёрни топиш лозим.
- 8 ойдан сўнгра енгил ҳазмли таомлар истеъмол қилинг.
- Кечки пайт ошқозон ичак тизимига оғир келадиган таомлардан ўзингизни сақланг. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида аёл уйқусизликдан қийналади, ошқозонни тўлдириб олиш эса бу муаммони янада чуқурлаштиради. Турли хил қайнатма шўрвалар эса ҳам куч бўлади, ҳамда ошқозон тизимини зўриқтирмайди.
- Гўштли қовурма таомлар ўрнига, буғда пишган сабзавот ва дуккакли ўсимликларга бой таомлар истеъмол қилинг.
- Ҳар куни ҳеч бўлмаганда зайтун ёғи қушилган бирор бир салат тури енг ёки 1-2 чой қошиқ зайтун ёғи ичинг. Бу бавосил (геморрой)ни олдини олади ва тери чўзилувчанлигини орттиради. Айнан шу сабабли ҳам 8 ойдан сўнгра ҳомиладор аёлга ҳар куни бир неча томчи ёғ томизилган сабзи шарбати (1 ёки ярим стакан) ичиш тавсия қилинади.
- Мева, сабзавот ва сут маҳсулотлари истеъмол қилинг. Фақат турли цитрус меваларига зўр берманг, чунки бу мевалар болада аллергия ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
Қин йиртилишини олдини олувчи муолажалар
Массаж қон ва модда алмашинувини яхшилагани сабабли терининг чўзилувчанлигини оширади. Массажни туғруқдан 1.5 ой аввал қилиш тавсия қилинади:
34-ҳафтада - 3 кунда 1 маротаба;
36-ҳафтада - кун ора;
38-ҳафтада - ҳар куни.
Массаж туғруқдан бир неча кун аввал бошланса ҳам зарар қилмайди. Массаж учун ҳар қандай табиий мой ишлатиш мумкин. Турли синтетик ёки минерал ёғлар, крем ёки лосьондан фойдаланмаганингиз маъқул.
Ассосий қоида эса - массаж сизга ноқулайлик туғдирмаслиги, аксинча ёқимли бўлиши лозим. Массажни бошлашдан аввал шифокорингиз билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.
Массажни кечки пайт, илиқ душ олгандан сўнгра қилиш тавсия қилинади. Қўл ва қин тоза бўлиши муҳим!
Ўзингиз учун қўлай ҳолатда ўтирган ёки ётган ҳолатда қин ва унинг атрофига табиий ёғни суртиб енгил ҳаракатлар билан массаж қилинг. Массажни узоғи билан 5-7 дақиқа давом эттиринг.
Мумкин эмас: вақтидан аввал туғруқ хавфи бўлган ҳолатларда ва ҳар қандай инфекцион, замбуруғли ёки жинсий йўллари касалликларида.
Кавсар АСҲОБОВА