Биласизми?

МТМларда 6 ёшли тарбияланувчилар учун синов гуруҳлари йўлга қўйилади

Жорий йилнинг кузида қатор МТМларда 6 ёшли тарбияланувчилар учун синов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади. KUN.UZ мухбири 27 август куни мактабгача таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама этилган биринчи республика анжуманида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шиннинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Болаларни мактабга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш мақсадида 2018 йилнинг кузида қатор МТМларда 6 ёшли тарбияланувчилар учун синов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳозирда мактабгача тайёргарликни ташкил этиш учун гуруҳ хоналарини тайёрлаш ва малакали педагогик кадрларни қабул қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Агрепина Шин "болалар боғчаси"нинг чин маънодаги "мактабгача таълим муассасаси"га айланиш вақти келгани, бу йўналишда хориж тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг бепул таълим олишига доир синов дастурлари йўлга қўйилишини таъкидлади.

Кичик ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантиришга оид давлат талабларига мувофиқ ЮНИСЕФ халқаро болалар фонди билан биргаликда халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури компетентлик ёндашувга  асосланади ва илғор хорижий тажрибани ўзида акс эттириб, шахснинг ҳар томонлама шаклланиши, болада мотивацияни рағбатлантиришни, нафақат тарбиячи, балки ота-оналар ҳам фойдаланадиган ютуқлар харитасини жорий қилишни назарда тутади.