Янги ўқув йилидан ташкил этилаётган 10-синфлар учун жами 31 номдаги дарсликлар нашрга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Республика таълим маркази директорининг ўринбосари Муножат Абралова маълум қилди, деб ёзади Uz24.uz.
“Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари мутахассислари томонидан жойлардаги таълим муассасаларининг ўқувчилар қамрови бўйича имкониятлари, моддий-техник базаси, зарур мебель, инвентарлар билан жиҳозлангани, кадрлар билан таъминланиши, дарсликларга эҳтиёжи тегишли тартибда ўрганилмоқда. Бу ўринда биринчи галдаги вазифа замон талабларига мос ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш, 2017-2018 ўқув йилидан 10-синф ўқувчиларини барча умумтаълим фанлари бўйича сифатли дарсликлар билан таъминлашдан иборат.
Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг қўшма қарори билан тасдиқланган ижодий гуруҳлар томонидан 10–11-синфлар учун ўқув дастурлари лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари учун жами 31 номдаги дарсликлар нашрга тайёрланмоқда”, - дейди Муножат Абралова.
Республика таълим маркази директори ўринбосари қайд этишича, 10-синфлар учун нашр этилиши режалаштирилган ҳар бир дарслик техник тафсилоти, яъни бичими, ҳажми, ҳарфлар кегли, қоғозининг оғирлиги, шаффофлиги, оқлиги, зичлиги, муқовалаш усули ва ҳоказолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги “Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида”ги 146-сонли қарорига асосан тайёрланди. Ҳар бир дарсликнинг оригинал макети устида ўндан ортиқ нашриётлар мутахассислари ва муаллифлар ижодий изланишлар олиб бормоқда. Янгилик сифатида айтиш мумкинки, аввалги дарсликлар икки хил рангда чоп этилган бўлса, 10-синф дарсликларини тўрт хил рангда нашр этиш режалаштирилган.
Янги дарсликлар ўқувчиларга ўрнатилган тартибда ижара тизими асосида берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига ота-оналардан бўлаётган мурожаатларда умумтаълим мактабларида 10–11-синфларни ташкил этиш юзасидан кўплаб таклифлар билдирилгани боис юртимиздаги умумтаълим муассасаларида 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими жорий этиладиган бўлди. Тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ жойларда ота-оналар ва ўқувчиларнинг бу борадаги фикрларини ҳам ўрганди. Унга кўра, умумтаълим мактабларининг 466 минг нафар 9-синф битирувчисидан 352 минг нафари 10-синфда, 114 минг нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш ниятида экани аниқланди.