Бугунги кунда анча оммалашган 3D-чоп этиш технологияси турли соҳаларда фаол қўлланилмоқда. Польшанинг In Utero 3D компанияси ушбу технологиядан фойдаланишнинг яна бир антиқа усулини ўйлаб топди. Компания ходимлари тез орада ота-она бўлиш арафасида турган кўзи ожиз одамларга ўз хизматларини таклиф қилмоқда. 3D-принтер ёрдамида чоп этилган ҳали туғилмаган чақалоқнинг йирик моделлари уларга ўз жигарбандларининг юз, қўл ва оёқларига тегиш орқали уларни ҳис этиш имкониятини беради.
“Мен қўп фарзандли онаман. Шунинг учун ҳомиладорлик пайтидаги туйғуларни ўз танамда ҳис қилганман. Айниқса, бўлажак фарзандимнинг юз қирраларини кўришга имкон яратган ультратовуш сеанслари хотирамга яхши муҳрланган. Ўшанда мен мана шу сингари ширин ҳиссиётларни кўзи ожиз оналар билан бўлишишни истагандим” – дейди In Utero 3D компанияси раҳбари Александра Витковска.
Компания 3D моделларни кўзи ожизларга атиги 1 еврога сотади. Бу, албатта, жуда арзон. Польшадан бошқа давлатларда истиқомат қилувчиларга компания 1 евро ёки 1 доллар эвазига ультратовуш текшируви натижаларига асосан 3D-принтерга мўлжалланган янги файл яратишади ва уни электрон почта орқали мижозга юборишади. Шу тариқа истаган киши 3D-принтер ёрдамида файлни чоп этиб олиши мумкин бўлади. Чоп этишга тахминан 4 соатдан 7 соатгача вақт кетиши мумкин. Албатта, ясалган моделлар ҳар доим ҳам юксак даражада бўлмаслиги мумкин. Аммо у кўзи ожиз оналарга туғилажак фарзандларини илк маротаба ҳис этиш орқали чексиз қувонч бағишлаши аниқ.
Мавлон Марасулов