Тарбия

Аразчи болани қандай тарбиялаш керак?

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, ҳафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман…

Саида, Зангиота тумани

Араз қандай пайдо бўлади?

Мутахассисларнинг фикрича, болалар уч ёшгача ўзлари учун муаммоли вазиятлардан тез чиқишади, тўғрироғи, тез унутиб юборишади. Бироқ улар катта бўла бошлагач, жамият (боғча, ижодий студиялар, мактабга тайёрлайдиган муассасалар, спорт комплекслари)га қўшилади. Энди бола ташқаридан ўзига диққат, эътибор талаб қила бошлайди. Агар у етарли даражада бўлмаса ёки болага умуман аҳамият берилмаса, араз, гина пайдо бўлиши мумкин. Ота-она боладаги ички норозилик айнан қайси вазиятда туғилганини кўп ҳолларда англай олмай қолади. У бора-бора йиғилиб, ҳақиқатан катта муаммога айланади.

Боғча ёшидаги болалар ўртасидаги зиддиятларнинг энг одатийлари — ўйинчоқ, турли ўйинлар, бир-бирининг жиғига тегиш, лақаб қўйиш кабилар. Шундай пайтларда ҳамиша катталар томонидан ғамхўрлик туйган болакайлар руҳиятида шок ҳолати юзага келади. Бу айниқса, катталарнинг аралашуви билан ўша болани тенгқурига нисбатан камситишса, мақтов сўзлари айтилмаса яққолроқ сезилади. Баъзи болалар ўз норозилигини очиқ-ойдин билдиради, уни хафа қилганлар кечирим сўрашларини кутади. Атрофдагиларнинг тавба-тазарру қилмаслиги аразни янада чуқурлаштиради.

Айрим ҳолларда боланинг аразлаши, хафа бўлишига ўзгаларнинг ғаламислиги сабаб бўлади. Масалан, бола боғчага келиб, биринчи кундан ўз ташаббуси билан тенгдошларига қўшилиб ўйнамоқчи бўлди. Бироқ болалар уни бегона кўриб, чиқиштиришмади. Боланинг норозилигини эса на тарбиячи, на ота-она эътиборга олди. Ана шу каби ҳолларда боланинг етарли баҳоланмаганлик ҳисси аразга олиб келиши мумкин.

Энди вазиятни сал бошқачароқ мисол билан таҳлил қилиб кўрамиз. Бола боғчага келиб, ўйнаб ўтирган тенгдошларини кўради. Уларга қўшилиб ўйнашга ҳаракат қилмай туриб, унга шунчаки эътибор беришмагани учун аразлаб, хархашани бошлайди. Вазият яхшилаб таҳлил қилиниб қаралса, бола бесабаб хафа бўлаяпти ва бунда ўзгаларни айблаяпти. Бу ерда биз ўрганмоқчи бўлган муаммонинг илдизи ётади. У ҳам бўлса ўз-ўзини баҳолашдир.

Сенга нима бўлди, болакай?

Аразчи кичкинтойларнинг энг характерли белгиларидан бири — бошқа болаларнинг муваффақиятини кўра олмаслик. Бундай фарзанднинг олдида биров мақталишини, энг ёмони, ким биландир солиштирганда унинг торози палласи босмаслигини катта изтироб билан қабул қилади. Бундай болалар доимий мақтов, ижобий баҳоланишга муҳтож бўлишади. Башарти бу унинг кўнглидагидек юз бермас экан, ўз-ўзи билан бўлиб, кечинмалари ичида ўралашиб қолади, фақат ким яхшию ким ёмонлиги ҳақида ўйлайди, ҳамма вазиятларда ўзини ҳақ деб билади. Бундай ҳаддан ортиқ араз асосида боланинг ўзига нисбатан ишончи камлиги ётади.

Муносабатни ўзгартиринг!

Кўпгина ота-оналар аразчи боланинг гап кўтара олмаслиги, кўнгли нозиклигини ҳисобга олиб, уни кўпроқ мақташга, тенгдошларидан устунлигини исботлашга ҳаракат қилишади. Бироқ бу билан муаммо тўлиқ ҳал бўла қолмайди. Ҳар қандай баҳо боланинг диққатини феълидаги у ёки бу хислатга қаратишга, ўзини ҳамиша бошқалар билан таққослашига сабаб бўлиши мумкин. Оқибатда фарзанд атрофидаги болаларни ўзига нисбатан рақобатдош сифатида қабул қилади.

Демак, аразчиликни енгишда ота-онанинг фарзандини нореал баҳоламаслиги ва ўзгалар билан таққосламаслиги энг биринчи шарт ҳисобланади. Бу гапиришга осон, аммо мақтов ва танбеҳ бериб туриш тарбиянинг одатий усулига айланиб бўлгани сабабли ҳам амал қилиш ниҳоятда қийин. Афсуски, кўпгина ота-оналар ўз меҳрини болани мақташ билан ифодалашга ҳаракат қилишади. Бу болакайни ҳамиша ўз қадрини билдириб қўювчи, афзаллигини кўрсатувчи тадбирларни юк сифатида қабул қилишига олиб келади.

Аразчи болаларнинг ота-оналари учун энг муҳим қоидалар:

  • Фарзандингиз билан ҳамкорлик ўрнатинг. Юрагидаги туғёнларни билдиришига рағбатлантиринг.
  • Бола билан дилдан гаплашинг. Аразининг сабабини ифодалашига кўмаклашинг, юз, кўзига диққат билан разм солинг. Хоҳишларини оғзаки ифодалашига ёрдам беринг.
  • Фарзандингиздаги таъсирчанликни сўндиришга ҳаракат қилманг. Керак вақти ўз ҳиссиётларини ташқарига чиқаришга имкон яратинг. Сўнг ўтириб, бафуржа гаплашинг.
  • Болани сабр билан эшитишга ўрганинг. Маслаҳат, танбеҳ беришга шошманг. Аввал қулоқ солинг. Баъзан «сени тушунаман. Менда ҳам шундай бўлиб туради», дейишнинг ўзи ҳам кифоя қилади.
  • Аввал вазиятни тўлиқ тушуниб олинг, сўнг тушунтиринг. Болага ола-бўжи аслида йўқлигини минг тушунтирманг, барибир улардан қўрқса, бу барча ҳаракатларингиз зое кетди, дегани. Аввал фарзандингизнинг ишончини қозонинг, сўнг мантиқий ваъзни бошлаш мумкин.

Шундай тарбия усулларини олиб борсангиз, фарзандингиз яқин орада аразчиликни ташлаб, оптимист ва хушмуомала бўлиб қолганини сезасиз.

Мақола амалиётчи руҳшунос Валентина КИМ билан ҳамкорликда тайёрланди.

Дилноза УМАРОВА

Манба: Darakchi.uz