Биласизми?

Боғчалар учун мобил телефон орқали тўлаш мумкин бўлди

Ўзбекистон Молия вазирлиги ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида яна бир хизматни жорий қилди. Эндиликда, ота-оналар фарзандларининг болалар боғчасидаги тарбияланиши учун тўловни мобил телефонларидаги махсус иловалар воситасида «online» пластик карточкаларидаги маблағлари ёрдамида тўлаши мумкин бўлади.

Бу хизматдан фойдаланиш учун, мактабгача таълим муассасаси ҳисобчиси ҳар бир болани UzASBO дастурий мажмуасига киритиши лозим бўлади. Ота-оналарга вақтларини тежашга имкон бериш мақсадида ҳар бир тарбияланувчи учун тўланган маблағ ёки қарздорлик бўйича ҳисоб юритишга имкон беради.

Молия вазирлиги хабарида айтилишича, бу хизмат нафақат ота-оналарга зарур, балки ҳисобчиларнинг меҳнатини ҳам енгиллаштиради. UzASBO мажмуасига ўтказилган маблағ онлайн тартибида акс этади, бу эса ҳисобчига тўлов қайси тарбияланувчи учун қачон ва қанча миқдорда амалга оширилганини кўрсатади. Ўз навбатида, тўлов амалга оширилаётган вақтда юз бериши мумкин бўлган хатолар ва ортиқча қоғоз айланмасига чек қўяди.

Таъкидланишича, бу Молия вазирлиги томонидан таклиф этилаётган биринчи хизмат эмас. Бюджет ташкилотлари ходимларининг UzASBO дастуридан Telegram мессенжери ва қисқа хабарлар юбориш тизими орқали иш ҳақларига оид маълумотларни олишига имконият яратилганди.