Тарбия

Боладаги "осуда қудрат"ни уйғотиш

"Сукунат: бетўхтов сўзлаётган дунёда интровертларнинг кучи". Бу бестселлер китоб ўзининг муаллифи – Сьюзен Кейнга шуҳрат олиб келди. Орамизда интроверт – ўз оламига ғарқ, ташқи олам билан у қадар ҳам чиқиша олмайдиган, аммо ич-ичида тенгсиз қудратга эга одамлар кўп. Айниқса, болалар орасида бу руҳий ҳолат тез-тез учрайди. Боиси, бу болалик муҳити оқибатида қолиб кетган хусусият.

Агар боладаги сукунат ўз вақтида “бузилмаса”, унга ўз оламини. яъни ички имкониятини юзага олиб чиқишга кўмак берилмаса, бола у ерда бир умр қолиб кетади. "Болалар – юракда, юракнинг марказида бўладилар," дейди муаллиф.

Сьюзеннинг фикрича, руҳиятида ўз феъл-атворини англашга бўлган мойиллик кучли бўлган "камгап"лар фавқулодда истеъдод эгалари бўлишади. Боиси улар ўз имкониятлари чегарасини, нимага қодир эканликларини, яъни ўзларини бошқаларга нисбатан яхшироқ билишади. Аммо қайсидир сабаб туфайли интровертлар ўзларини юксак натижаларга номуносиб деб ҳисоблашади. Бу камтаринлик, иккиланиш, тортиниш ва бефарқлик бўлиши мумкин. Ота-она ва ўқитувчи эса ана шу омилни бартараф этиши лозим.

Интроверт кишилар ўзларини ўз дунёларида – сукут ҳукмрон оламда эркин ва бахтиёр ҳис қилишади. Камгап ва кўп гапирадиган хушчақчақ инсонларни бир-бирларидан нейробиологик  тафовутлар ажратиб туради. Яъни, улардаги асаб тизими турли хилда бўлади.

Гап шундаки, интровертлар ташқи муҳитга жуда таъсирчан бўлган асаб тизимига эгалар. Улар атрофларида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кунлаб таҳлил қиладилар. Шунинг учун ҳам, яъни азобланмаслик учун улар ўзларини сершовқин ва қизғин муҳитдан йироққа олиб қочишади, кези келганида ютуқлардан ҳам воз кечишади. Экстроверт, яъни уларнинг ғирт тескариси бўлган одамлар ҳар қандай шароитда эркин бўладилар ва таваккал қилишдан чўчимайдилар. Уларнинг асаб тизими ташқи муҳитга чидамли бўлади ва бу тизим ҳар маълумот ёки воқеани ҳам ичкарига киришига йўқ қўймайди.

Интроверт бола шовқин-сурон жойда ҳам ўзи билан ўзи бўлади: бирор ўйинчоқ ёки машғулот билан банд бўлади. Нари борса, унинг ёнида 2 нафар ўртоғи бўлиши мумкин. Экстроверт эса ўзини омманинг орасига уради: тадбир ва туғилган кун, маросимларнинг, ҳатто муштлашувларнинг марказида бўлишни истайди. Чунки, бу унинг руҳиятига яхши таъсир қилади. Бу каби болалар кўпроқ бошқаларнинг улар ҳақидаги фикрларига қулоқ тутишади. Интроверт учун эса ўз хулосалари муҳимроқ.

Интроверт ва уятчан боланинг фарқи борми?

Бу икки феъл-атвор ўртасида фарқ бор экан. Уятчан болалар кўпроқ унинг ҳаракатига нисбатан бошқаларнинг қандай муносабатда бўлиши ва фикридан чўчийди. Бу кўпроқ ўз-ўзини англай олмаслик ва бошқаларнинг эътиборидан қўрқишга ўхшайди.

Интроверт болалар орасида ҳам уятчанлари бор. Аммо биз кўпинча камтар болаларни ҳам уятчанга чиқариб қўямиз. Агар сиз камтар бўлган интровертларни руҳлантира олсангиз, улар ўзларини нималарга қодир эканликларини кўрсата бошлайдилар. Уятчан боладан фарқли равишда, интровертларнинг ҳаракати ва сўзларида ишонч ва қатъий хулосалари бўлади. Бола тарбиясида буни аниқлаш жуда муҳим.

Мактабда бундай болалар билан алоҳида шуғулланишмайди. Ҳаттоки, бу каби болалар мавжудлигини билишмайди. Кўпчилик ўқитувчилар учун баҳо беришда жавоб ва фаоллик муҳим.

Синфдаги фаол, қўлларини баланд кўтарган болалар кўпроқ устознинг диққат-марказида бўлади. Аммо ўқитувчи дарснинг моҳиятини болаларнинг фаоллиги билан эмас, жавобларнинг тўғрилиги ва бунга жалб қилинган ўқувчилар миқдори билан ўлчаши керак.

Ўқитувчи боланинг ўқув мавзуларига ва дўстларига муносабатини аниқлаши ва ҳар бир бола ҳақида ўз хулосасига эга бўлиши шарт.

Мисол учун, интоверт болага савол берган ўқитувчи "Жавоб бер! Тезроқ!" дейишдан кўра, "ўйлаб олишинг учун 1 дақиқа вақт бераман," деса, бола ички ва ташқи оламнинг мувозанатини тенглаштира олади ва кўнгилдагидек жавоб қайтаради. Бунинг учун эса устоз ўқувчиларини фарқлай билиши керак.

Яна бошқа бир усул мавжуд. Ўқитувчи ўқувчиларга савол бергандан сўнг интроверт ўқувчини бошқа бир синфдоши билан шерик қилиб, иккаловидан савол юзасидан ўзаро фикр алмашишларини сўрайди. Жуфтликлар савол бўйича бир тўхтамга келишгач, улар жавобни ўқитувчига эмас, аввало бир-бирларига айтишади. Шундан сўнг улар жавобни бутун синфга айтишади. Интроверт болага бу орқали ўзини руҳан тайёрлаш ва фикрини баланд овозда ифодалаш учун имкон берилади.

Медиа технологияларидан фойдаланиш ҳам боладаги нуқсонли феъл-атворни ўзгартиришга ёрдам беради. Интроверт бола учун овозли жавобдан кўра, компьютер ёки бошқа мобиль қурилма ёрдамида жавобни синфхонасининг бош экранига ёзиб юборгани қулайроқ. Сўнг ўқувчининг виртуаль иштирокини реал суҳбатга айлантириш мумкин бўлади. Интровертларнинг ўзларини онлайн тармоқда, виртуал суҳбатларда эркинроқ ҳис қилишлари руҳшунослар томонидан исботини топган. Демак, таълимда янги технологиялардан фойдаланиш боланинг иқтидорини юзага чиқаришда муҳим восита экан.

Интроверт болаларни мактабдаёқ жамоат ишларига, тадбирларга жалб қилиш керак. Уларни шу орқали эҳтиёткорлик билан ўз оламларидан ташқарига чиқишга мажбур қилиш лозим. Бундай болага бирор вазифа, дейлик ўрганиш учун шеър берилса, уни ёд олганидан кейин бирор дўстига айтиб берсин. Ундан кейин уни 2-3 кишилик кичик жамоага айтиб беради ва шу орқали уни жамоат олдидаги муваффақиятли чиқишига эришиш мумкин. Бу тажрибани уй шароитида ҳам ўтказиш мумкин. Болалар аввал опа-акаларига, кейин ота-она ва бобо-бувидан иборат каттароқ жамоага шеърларини айтишлари ёки дарс вазифаларини тушунтиришлари, бирор тадбирдаги чиқишларини кўрсатиб беришлари мумкин.

Болаларни улар яхши кўрган мавзулар бўйича суҳбатга тортинг. Бу биокимёвий ҳолатни фаоллаштиради. Мисол учун, агар сиз ҳаётингизни яхши томонга ўзгартирган бирор муҳим воқеа ҳақида гапиришни бошласангиз, танингиздаги фаоллик тизими ошиб, у мия тизимидаги одатий тормозланишлар, яъни сизни гапиришдан тўсиб қўядиган феъл-атвордан устун келади. Ҳар бир боланинг ўз севимли мавзуси бўлади. Буни билиш учун эса уни тинглаш керак.

Ҳар болада истеъдод бўлади, ҳар мурғак қалбда нимагадир қизиқиш ва хоҳиш бор. Яъни, сирли оламда бизга номаълум сокин қудрат яширин. Уни намоён бўлишига ёрдамлашиш учун юқоридаги усулларни ҳам ишга солиш мақсадга мувофиқ.