Болага антибиотик ичиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг, бунга ҳақиқий эҳтиёж борми? Антибиотикнинг бееҳтиёж ичилиши боланинг иммунитетини пасайиб кетишига олиб келади.
Болага антибиотик ичиришдан олдин қуйидагилар билан танишиб чиқиш керак:
1. Болага антибиотик уколи биринчи бор қилинаётган бўлса, уни уй шароитида қилмаслик тавсия этилади. Чунки болада антибиотикка нисбатан аллергияси йўқлигига амин бўлиш керак. Буни эса поликлиникада махсус тест орқали билиб олса бўлади.
2. Болага антибиотикни фақат шифокор тавсия қилсагина ичириш керак. Чунки антибиотиклар гуруҳи турлича бўлиб болага қайси гуруҳга мансуб антибиотик берилиши кераклиги ҳақида фақат педиатр, керак бўлса анализлар топширтириб қарор қабул қилиши мумкин.
3. Ҳеч қачон антибиотик ичиришни ўз хоҳишингизга кўра тўхтатманг. Боланинг ҳолати яхшиланган тақдирда ҳам шифокор айтган муддатга қадар айтилган миқдорда антибиотик ичиришни давом эттиринг. Акс ҳолда касаллик кучлироқ авж олиб кетиш эҳтимоли бор.
4. Вирусли касалликлар (грипп, қизамиқ, қизилча ва бошқалар)'да антибиотик билан даволанилмайди. Вирусли кассаликлар билан организмнинг иммун тизими курашади. Антибиотиклар эса иммунитетини пасайтиради.
5. Антибиотик билан даволанишни бошлаганда ҳеч қачон кучли антибиотиклардан бошламанг. Организм кучли антибиотикка ўрганиб қолса, ҳар касал бўлганида янада кучлироқ, бу дегани бола организмига бўлган салбий асорати ёмонроқ антибиотикка ёки уколга ўтишга тўғри келади.
6. Агар болада олдин маълум бир антибиотикка нисбатан аллергик реакция намоён бўлган бўлса, бу ҳақда шифокорга ҳар сафар эслатишни унутманг. Кейинги реакция унданда кучли ва хавфлироқ бўлиши мумкин. Бундан шифокор хабардор бўлиши керак.
7. Ҳеч қачон шифокор ёзган антибиотик миқдорини ва ичиш интервални ўзгартирманг. Агар антибиотик кунига 3 маҳал ҳар 8 соатда 1 таблеткадан ичиш тавсия этилган бўлса, бола ухласа ҳам анитибиотик ичиш вақти келган бўлса, уни уйғотиб керакли миқдордаги дорини ичиринг.
8. Ёши 1 ёшдан ошмаган болаларга антибиотик бермасликка ҳаракат қилинг. Бир ёшгача бўлган болалар иммунитети антибиотик ичиш натижасида жуда пасайиб кетади. Кейинчалик бола кўп касал бўлиб, касалликлар оғир ва узоқ давом этадиган бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун 1 ёшгача бўлган болалар саломатлигини ниҳоятда эҳтиёт қилиш лозим. Бола бактериал касалликка учраса, фақат шифокор маслаҳати билан керакли антибиотикни бериш керак бўлади. Имкон қадар болага антибиотикларнинг энг енгил гуруҳидан ичиришни бошлаш ҳақида шифокор билан маслаҳатлашинг.
9. Маълумки, антибиотиклар нафақат касаллик бактерияларини, балки организмга керакли "яхши" бактерияларни ҳам ўлдирадилар. "Яхши" бактериялар эса бола иммунитетини кучайтириб туради. Шунинг учун узоқ вақт антибиотик ичилганда болада имунитет пасайиши, молочница каби касалликлар вужудга келиши мумкин. Бу асоратларнинг олдини олиш мақсадида болага кўпроқ қатиқ ичиринг. Қатиқ организмдаги "яхши" бактерияларни кўпайишига ёрдам беради.
10. Шифокор маълум бир антибиотик ёзиб аптекада у бўлмаса, ҳеч қачон аптека ходимининг тавсиясига биноан бошқа антибиотикни олманг. Айнан шифокор ёзиб берганини топиб ичиринг. Аптека ходими маслаҳат берган антибиотик ичириш натижасида бола кейинчалик кучли антибиотикка ўрганиб қолиши, унда антибиотикка нисбатан аллергия намоён бўлиши ёки умуман ундан фойда бўлмай касаллик кучайиб кетиши эҳтимоли бор.
Шуни унутмангки, антибиотик вирусли касалликларни даволамайди!
Ота-она боланинг саломатлиги учун ҳаммадан кўра кўпроқ маъсулиятлидир. Шифокор антибиотик ичиришни тавсия қилаётган бўлса, нега шундайлигини, нега айнан шу гуруҳ антибиотик кераклигини, қандай тарзда ичириш лозимлиги ҳақида барча маълумотларни батафсил сўраб олиш сизнинг ҳақ ва бурчингиздир. Агар шифокор сизга керакли маълумот бера олмаётган бўлса, у ҳолда бошқа шифокорга учранг. Шифокорнинг маъсулиятсизлиги туфайли сизнинг фарзандингиз қийналмаслиги керак.