Биласизми?

Болалар мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилади

Қонунчилик ҳужжатларини баҳолаш тизими порталида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдим этилди.

Унга кўра, таълим ва фан соҳасини ривожлантиришда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлини давом эттириш, сифатли таълим хизматларига имкониятларни ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлаш; таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш орқали уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни кўриш назарда тутилган, деб ёзади Kun.uz.

Бундан ташқари, болалар мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун мактабгача таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини жиддий ошириш ва унинг қулайлигини таъминлаш, педагог ва мутахассисларнинг малака даражасини юксалтириш; умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика, математика, физика, химия, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган предметларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш; болаларни спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилиш, уларни мусиқа ва санъат олами билан боғлаш мақсадида янги болалар спорти объектларини, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш борасидаги ишларни такомиллаштириш; таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш; илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш ҳам назарда тутилган.