Биласизми?

Болаларда уйқу бузилишининг сабаблари нима?

Бир ёшгача бўлган чақалоқларнинг уйқу сифати бузилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Нотўғри овқатлантириш

Бола «талабга қараб» овқатлантирилиши керак. Чунки бола тез-тез очиқиши ва очлигидан ухлай олмаслиги мумкин. «Талабга қараб» овқатлантирилган саккиз ёшли болаларнинг ақлий ривожланиши ва мактабда дарсларни ўзлаштириши яхшироқ эканлиги аниқланган. Баъзи болалар қоронғидан қўрққанларидан ухлай олмайди, баъзилари онасини қўйиб юборгиси келмайди.

Бурундан нафас олишнинг бузилиши

Бурундан ажраладиган ажралмалар, қуруқ ҳаво, шунингдек турли касалликлар (катталашган айрисимон без, бронхоспазмга олиб келадиган рефлюкс, бурун-ҳалқумнинг инфекцион ва аллергик касалликлари), танглайнинг ривожланмай қолиши сингари ҳолатлар чақалоқнинг бурундан эркин нафас олишига ҳалақит беради. Янги туғилган чақалоқлар улғайгани сайин бурун йўллари кенгая боради. Бордию улардаги туғма нуқсонлар (бурун йўлларининг туғма торлиги) уйқу бузилишларига олиб келса гўдакларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур бўлади.

Д3 витамини танқислиги

Бола ҳеч бир асоратларсиз дунёга келиб, иштаҳаси доимо яхши бўлсаю 2 3 ой мобайнида, айниқса қишда яхши ухламаса Д3 витамини етишмовчилиги рўй бергани эҳтимолдан ҳоли эмас. Бу витамин етишмаганда оёқ таги ва кафт нам бўлиб туради. Д3 танқислиги кўпроқ 6 ойликкача бўлган болаларда кузатилади. Организмда Д3 витамини ишлаб чиқарилиши учун қуёш нурлари керак. Шу сабабли, ҳаво яхши бўлганда гўдакни сайрга олиб чиқиб туриш лозим.

Лактоза етишмовчилиги

Кўкрак сути таркибидаги лактоза темир ва калсий сўрилишини таъминлайди, фойдали ичак микрофлораси ҳосил бўлишини рағбатлантиради. Лекин баъзи гўдаклар организмида сут қанди тўлиқ парчаланмаслиги оқибатида ичак санчиқлари, сутни қайт қилиб ташлаш ва қорин дам бўлиши кузатилади. Бу ноқулайликлар эса ўз навбатида уйқу сифатига салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Моро рефлекси

Бу ҳаракат рефлексидир, яъни шовқин бўлганда, ҳолат тез ўзгартирилганда бола қўли ва оёқларини ёйиб, сўнг яна асли ҳолатига қайтаради. Агар бола ухлаётганда бирданига қўлларини ёйиб юборса уйғониб кетиши мумкин. Бу муаммони «уя» шаклидаги махсус ёстиқ билан енгиш мумкин. Бундай ёстиқда ухлаганда бола ўзини яхши ҳис этади, ёстиқнинг юмшоқ четлари эса боланинг қўли ёйилишига йўл қўймайди. Агар бола бехос шовқиндан сесканса, уйқуга кетаётган ва уйқудан уйғонаётган вақт чўчиса, бу табиий ҳолат ҳисобланади. Бироқ бола ярим тунда сескана бошласа, бу ҳолат 2 3 ёки кетма-кет 5 6 марта такрорланса, невропатолог маслаҳати керак бўлади. Агар Моро рефлекси 5 ойдан сўнг ҳам кузатилса, болани неврологга кўрсатиш зарур. Бола асаб тизими хаддан ташқари қўзғалувчан бўлиши мумкин.

Посттоник рефлекси

Одатда чақалоқ олти ойликдан бошлаб ўтиради, туришга интилади. Баъзида ўтириш ва туриш истаги кучлилигидан чақалоқ ухлаётганида ҳам унинг бош миясида ўтириш ёки туришга ундовчи «сигнал» юзага келиши мумкин. Натижада бола ухлаган кўйи ўтириши ёки тик туриши ва уйғониб кетиши мумкин. Бундай вақтда болани тинчлантириб жойига ётқизиш керак.

Суюқлик ичиш тартибининг бузилиши

6 ойдан ошган болалар 6 соатгача овқат ва суюқликсиз ўзларини яхши ҳис этадилар. Шу сабабли уларни кечаси овқатлантирмаслик ва суюқлик бермаслик лозим. Акс ҳолда, боланинг ошқозон-ичак йўли ва буйраклари дам олмайди, бу эса уйқу сифатига таъсир қилади, бола тиниқиб ухламайди.

Барча соматик касалликлар

Теридаги ўзгаришлар, дерматит, қориндаги оғриқлар, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ), ўткир респиратор касалликлар (ЎРК) ва бошқа асаб тизимига алоқадор бўлмаган касалликлар ҳам уйқунинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларда уйқу бузилишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Масалан:

Ҳаракат тартибининг ўзгариши

Бир ёшдан ошган болалар анча серҳаракат бўлиб қоладилар. Агар кундузи боланинг ҳаракатларини чекласангиз, кечқурун у шўхлик қилиб, ухламайди. Шунинг учун болани ухлатишдан аввал кўчада кўпроқ сайр қилиш лозим. Бунда болани аравачада эмас, пиёда сайр қилдиринг. Тунги уйқудан 1,5 соат олдин барча зўриқтирувчи ўйинларни тўхтатинг. Болани хотиржам, тинч ўйинлар билан чалғитишга ҳаракат қилинг.

Гижжа инвазиялари

Гелминтлар кўпинча 2,5 ёшдаги болаларда учрайди. Бу ёшда улар қўлларига тушган нарсани оғизларига солиб ялайдилар. Кечаси гижжалар орқани қичиштириб, болани безовта килади.

Кундузи ухламаслик

Бола кундузи 45 дақиқадан кам ухласа, уни кундузи икки маҳал эмас, бир маҳал ухлатиш керак.

Бруксизм

Уйқуда тишни ғижирлатиш болаларнинг 15 32 %да учрайди. Асаб бузилиши, чайнов мушакларининг ҳаддан ташқари зўриқиши, пародонтопатия, оғиз бўшлиғининг қуруқшаши, интоксикациялар, хусусан гижжалар бунга сабаб бўлиши мумкин

Крампи синдроми

Болдир мушакларининг кучли қисқариши оқибатида оғриқ пайдо бўлади, бу эса уйқу бузилишига олиб келади. Мушакни ушлаб кўрганда у таранглашган ва оғриқли бўлади.

Ваҳимали тушлар

Жойнинг ўзгариши, турли касалликлар, кучли кечинмалар (қурқув, ғазаб, хурсандчилик) ёки ёмон тушлар кўриш оқибатида бола уйқусидан қаттиқ қўрқиб уйғонади.

Хўш, ота-оналар нималарга эътибор беришлари керак?

  • боланинг умумий уйқу вақти кескин камайганда;
  • бола узок вакт ухлай олмаслиги;
  • бир хил ҳаракатлар, масалан у ёқдан бу ёққа тебраниш, кўрпани ўгириш тез-тез такрорланса;
  • тунда бақириш ва йиғлаш, боланинг уйғонганида ота-онасини танимаслиги, ўзига яқинлаштирмаслиги, тинчлантиришнинг иложи йўқлигида;
  • уйқу вақтида нотабиий тана ҳолати – эгилиш, оёқ тиззаларини букиб олишида;
  • талваса (тиришиш) ва тунда сийиб куйиш каби ҳолатлар кузатилганда.

Юқоридаги ҳолатлар рўй берганда болани мутахассис шифокор кўригига олиб бориш зарур. Шунингдек уйда гўдакни ухлатишга ҳаракат қилиб кўринг. Масалан, қуйидаги усуллар бунга ёрдам беради:

  • гўдак билан бир вақтда уйқуга ётинг;
  • бола доимо ўз ўрнида ухласин;
  • чақалоқ уйқусини келтириш учун бешигини тебратиб алла айтинг;
  • бола ухлайдиган хонада осойишталикни таъминланг.

Баъзи оналар бола ухламаганда унга тинчлантирувчи дорилар беришади. Бу нотўғри, чунки дори табиий уйқуни келтирмайди, аксинча уйқу босқичлари кетма-кетлигини бузади. Кўпинча уйқу дорининг таъсири эртасига ҳам давом этади, бола уйқусирайди, бўшашади. Шунингдек, мунтазам дори ичиб ухлаганда бола организми унга ўрганиб қолади.

Манба: Avitsenna.Uz