Вақти келиб, болани кўкракдан айиришга тўғри келади. Бу жараён болалар учун қанчалик азоб бўлса, оналар учун ҳам шунчалар изтиробли… Аммо бунинг ҳам ўз сабаби ва омиллари бор. Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
Оналар нима учун болани кўкракдан айирадилар:
- Бола икки ёшга етиб, кўкрак сутига эҳтиёж сезмагани учун;
- Тишлари чиқиб, тишлаб олиш ҳолатлари кўпайгани учун;
- Қорни очмаса ҳам эмишга ружу қўйгани учун;
- Она яна ҳомиладор бўлиб қолса ёки режалаштирса;
- Она ишга чиқса;
- Сутга таъсир қиладиган баъзи дориларни қабул қилишни бошласа ва ҳоказо.
Кўкракдан айириш учун нималарга эътибор қилиш лозим?
Табиийки, вақти келиб, болани сутдан айиришга тўғри келади. Кўкрак сутини эмишга ўрганиб қолган бола осонликча бунга кўнмайди. Кўкрак сутини талаб қилиб йиғлашга тушади. Бу пайтда оталар кўмакка келиши зарур. Бир муддат пюре, бўтқа ва шўрва каби кўшимча овқатларни отаси едириб турсин. Шунда бола онасига тирмашавермайди ва сал бўлсада кўкракни унутади. Кечқурун ҳам ёнингизда олиб ётманг. Сут ҳиди унинг «хумор»ини қўзғайди. Агар ёлғиз ётишдан қўрқса, отасининг ёнига қўйинг.
Баъзида эса болаларни янги ўйинчоқлар билан чалғитиб, кўкракдан айириш мумкин. Янгиликка қизиққан бола уч-тўрт кун ичида кўкракни унутади. Дам олиш кунлари бирор дугона ёки қариндошингизникига олиб боринг. Уларнинг болалари билан ўйнаб, чалғиган болакай сизга кўп ҳам талпинмайди. Отаси билан кўчага сайрга чиқариб юборинг. Сизни қанча кам кўрса, айириш шунча осон бўлади.
Қачонгача эмизиш мумкин?
Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар озиқланиши миллий комиссияси маслаҳатига кўра, болани ярим ёшгача кўкрак сути билан боқиш шарт. Сўнгра мева ва сабзавотли пюре, бўтқалар бериш мумкин. Агар кўкракдан айириш учун ҳеч қандай жиддий сабаб бўлмаса, эмизишда давом эттираверинг. Фарзандингизни икки ёшгача эмизсангиз, у турли касалликлардан ҳимояланади. Ҳатто уч ёшгача эмизиш ҳам мумкин: чунки она сути бола учун энг фойдали озуқадир. Она сути иммунитетни кўтаради, инфекцияли касалликлардан сақлайди ва аллергия чақирмайди.
Дори қабул қилиш мумкинми?
Сут келишини тўхтатиш учун махсус таблеткалар ишлаб чиқарилган. Аммо буни фақат мутахассис маслаҳати билан қабул қилиш керак! Чунки кўпинча дорилар ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Маврак (шалфей) дамламасини (бир ош қошиқ мавракка қайноқ сув қуйилади ва 15 дақиқа дамланади) кунда бир маҳал ичиш ҳам сутни камайтиради.
Қачон айириш керак?
Боланинг тиши чиқаётганида, касал бўлиб қолганида ёки эмланганда кўкракдан чиқариш тавсия этилмайди. Чунки она сути бу паллада уни тинчлантиради ва оғриқни босади. Салқин кунларда жумладан, кузнинг охири ва қишда кўкракдан айириш мақбул пайт. Ёзда айириш эса ичакларда муаммолар келтириб чиқаради. Одатда 16 20 соат ўртасида сут кам ишлаб чиқарилади. Шу паллада болага кўкрак тутиб, камроқ эмдириб, уни кўкракдан айириш мумкин.
Бирданига айириш тўғрими?
Болани бирданига эмишдан тўхтатиш тўғри эмас. Эмиш соатларини камайтириб боринг ва кундан-кунга камроқ кўкрак тутинг. Сутингизни тўлиқ соғиб ташламанг, бироз қолсин. Йўқса, организм сут тугагани ҳақида «сигнал» олгач, яна сут келишни бошлайди.
Агар бола кўкракни рад этса…
Бу боланинг ёшига боғлиқ. Агар бир ёшдан ўтган бола эмишни истамаса, уни ўз ҳолига қўйган маъқул. Агар ёшга тўлмаган бўлса, педиатр кўригига олиб боринг. Бунинг сабаби бўлиши керак. Балки унинг тили оғриган бўлиши мумкин. Эҳтимол, сепган атирингиздан «бегонасирагандир». Ёки бўлмаса сутингизнинг таъми ўзгаргандир. Масалан, саримсоқпиёз ейиш ҳам сутни тахирлаштиради. Шунингдек, ҳайз кўриш ҳам сут таъмига таъсир қилади. Бундай паллада сутингизни соғиб, қошиқча ёки пиёлада ичиринг.
Кўкракдан айириш усуллари:
Одатларни ўзгартиринг! Аввал ўнг томонга ёнбошлаб эмдиришга ўрганган бўлсангиз, энди чап томонга ўтинг. Бундай ноқулайлик болага ёқмай, кўкракни олмаслиги мумкин.
Соатга қараб эмдирган бўлсангиз, энди вақтни ўзгартиринг. Кечаси иложи борича эмдирманг.
Ҳидингизни ўзгартиринг! Бошқача ифорли атир, лосион, талкларни ишлатинг. Доимий ҳидингизга ўрганган бола кўкракдан бегонасирайди.
Кўпроқ эмизишнинг фойдаси:
- Она боласини қанчалик кўп эмизса, кўкрак ва тухумдон саратони хавфи шунча камаяди.
- Кўкрак сути билан озиқлантириш остеопороз касаллигининг олдини олади.
- Икки ёшгача эмган болаларда асаб касалликлари кам учрайди.
- Ярим ёшдан кўкракдан айирилган болалар диабет ва қулоқ касалликларига тез йўлиқишади.
Манба: Avitsenna.Uz