Бехосдан бола бурни қонаганда нима қилиш керак? Айтишларича, болани ётқизиш ҳам акс самара бериши мумкин экан. Шу ростми?
Агар боланинг бурнидан қон оқаётган бўлса уни ётқизиш мумкин эмас. Чунки горизонтал ҳолатда қон бошга қуйилиши мумкин. Қаттиқ қон кетганда бурун-ҳалқум деворининг орқа қисмидан қон оқиб, бола тиқилиб қолиши мумкин. Бурундан қон оққанда қуйидагиларни бажариш мақсадга мувофиқ: 1. Болани ўриндиқ ёки каравотга ўтқазиб орқасига баланд ёстиқ қўйилади. 2. Бурнини яхшилаб қоқилади. Агар бурун бўшлиғида қон қолдиқлари қолиб кетса бурун шиллиқ қавати яхши қисқармай қон тўхтамаслиги мумкин. 3. Энди бурун бўшлиғига қон-томирларини торайтирадиган томчилар – нафтизин, санорин, галазолин кабилар томизиш мумкин бўлади. 4. Пахтани думалоқ шаклга келтириб 3% ли водород пероксид эритмасида намлаб, бурун бўшлиғига киритилади ва бош бармоқ ёрдамида бурун тешиклари бир оз сиқилади. 5. Тоза докани совуқ сувда намлаб ёки елим халтага муз бўлакчасини солиб қаншар (қовоқларнинг икки ўртасига) қўйиш ҳам яхши ёрдам беради. 6. 5 ёшдан катта бўлган болага 2-3 дона аскорбин кислота таблеткаси ва бир ош қошиқ 10% ли калсий хлор эритмасини ичириш лозим. Одатда, бундай муолажалардан кейин қон оқиши тўхтайди, лекин болани барибир шифокорга кўрсатиш зарур. Чунки қон оқиши қайталаши, ёки атрофдагиларга сезилмаган ҳолда (бурун бўшлиғининг орқа деворидан оқишда) давом этиши мумкин. Оқаётган қонни бола беихтиёр ютса қон қусиши, гоҳо эса кўп қон йўқотиш натижасида аҳволи оғирлашиши ҳам мумкин.
Тез-тез бурни қонашининг асл сабабини (қон ивишининг бузилиши ёки бошқа қон касалликлари, қизларда ҳайз даврининг бузилиши, қон-томирларнинг патологик кенгайиши, бурун ўсмаси, жигар, юрак ва ўпкалар патологияси бўлиши мумкин) албатта шифокор кўригидан ўтиб аниқлатиш керак. Агар қон оқиши оператсиядан кейин юзага келган бўлса дарҳол шифокорни чақириб, беморни касалхонага ётқизиш керак. Агар қон оқиши бурунга ёт жисмлар кириши натижасида вужудга келса, ўзбошимчалик билан уни олишга уннаш ярамайди. Чунки у бурун бўшлиғидан нафас аъзоларига ўтиб кетиб, тиқилиб, бўғилиб қолишга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Tib.uz нашри
Манба: Avitsenna.Uz