Саломатлик

Чақалоқнинг кўзи ғилай бўлиб қолиши

Кўпинча янги туғилган чақалоқнинг кўзи икки четга ёки ўртага қараб силжиб қолади. Шунда кўзлари ғилай бўлиб қолганидан ота-она чўчиб кетади. Кўзи ҳар хил томонга кетиб қолиши бир неча сония давом этади.

Янги туғилган чақалоқда кўз мушаклари яхши ривожланмаган бўлгани туфайли бу нормал ҳолатдир. Кўз мушаклари боланинг барча бошқа мушаклари сингари ўз маромига етиши лозим. Албатта кўз мушаклари тез ривожланади.

1. Агар ҳомиладорлик ёки туғиш жараёнида она ёки бола маълум шикаст еса, у ҳолда бола миясида кўз мушакларига жавоб берувчи айрим қон сосудлари ёрилиб, бола туғилиши билан кўзи ғилай бўлиши мумкин. Агар вақт ўтган сайин бу ғилайлик ижобий томонга ўзгармаса, у ҳолда окулистга учранг. Лекин кўпинча бундай туғма ғилайлик ўз-ўзидан ўтиб кетади.

2. Чақалоқнинг кўзини ғилай ёки бир томонга силжиб кетгандек кўринишига яна бир сабаб - бу юз мушакларининг ҳам бир оз катталарникидан фарқли (етарлича ривожланмаган) эканлигидан келиб чиқиши. Бу ҳолат ҳам ҳеч қандай муолажани талаб қилмайди ва бола юзи катталашган сари ғилайлик ўз - ўзидан йўқ бўлиб кетади.

3. Икки ойга тўлган гўдак қўлидаги ўйинчоқни кўзларига яқин келтирса, кўзи бурун томон ўртага силжиб кетади. Бу ҳолат ҳам ўткинчи ва безовта бўлишни талаб этмайди. Одатда 3-4 ойгача ўтиб кетади.