Баъзи чақалоқлар эмган сутини маълум бир қисмини қусиб юборадилар. Қусиш сабаби нима? Бу ҳақда безовта бўлиш керакми? Аслида чақалоқнинг қусиши уни эмас кўпроқ онани безовта қилади. Одатда бола эмган сутининг арзимас қисмини қусиб юборади. Бир ош қошиқ қусиб юборилган сут кийимда кўпдек туюлиши ҳеч гап эмас.
Чақалоқнинг қусишига асосий сабаб:
- Чақалоқ эмаётганда ҳавони ютиб олади шунинг учун ошқозон ҳаво чиқариш мобайнида сутни ҳам чиқариб юборади;
- Сутни тез-тез шошиб ичган боланинг қорни тўлиб кетган бола овқатни қайд қилиб юборади.
- Эмиб бўлган боланинг қорнига ётқазса ёки уни сакратиб ўйнатса ошқозони қўзғалиб сутни қайд қилиб юборади.
Қусишни йўқ қилиш ёки камайтириш йўллари:
- Болани эмизаётганингизда шошилманг. Агар смес бераётган бўлсангиз, у ҳолда кам-камдан тез-тез бериб турганингиз маъқул;
- Болани эмизаётганингизда (смес бераётганингизда) ҳаво чиқариб туришига йўл беринг. Эмизикли бола бир кўкракдан иккинчи кўкракка ўтказаётганингизда болани елкангизга қўйиб орқасини аста-аста босиб қўйсангиз, кекириб ҳавони чиқариб юборади. Смес бераётганингизда ҳар 90 мл ичиб бўлганидан сўнг юқоридаги услубда ҳавони чиқартириб юборинг;
- Овқатланиб бўлган болани 20-30 дақиқа давомида вертикал (тик) ҳолатда ушлаб юринг;
- Овқатланиб бўлган бола билан камида 30 дақиқа давомида ўйнашманг;
- Агар болани бутилкадан овқатлантираётган бўлсангиз, соска учи жуда катта тешилган бўлмасин.
Одатда чақалоқ қусиши унинг 6-7- ойларига келиб йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун бу вақт мобайнида қусилган кийимдан бошқа безовта бўладиган нарса йўқ.
Қуйидаги ҳолатларда боланинг қусиши муаммо бўлиб, дарҳол врачга мурожаат этишини талаб қилади:
- Бола оғирлиги камайиб кетмоқда ёки бола вазни етарлича ошмаяпти;
- Қусиш сони ва миқдори ошиб бормоқда;
- Қусиш даражаси кучаймоқда (фонтан бўлиб отилиб чиқмоқда);
- Қайд қилинган массанинг ранги яшил ёки тўқ сариқ;
- Қусиш билан бир қаторда боланинг қорни оғриётгандек сезилмоқда;
- Бола овқатланиш жараёнида доим қақалиб, йўталмоқда.