Тарбия

Чизиш-бола учун жуда муҳим!

Педиатрларнинг фикрича, соғлом бола деб яхши ўйнайдиган, яхши гапирадиган ва...яхши чизадиган болага айтилар экан. Худди тил ва ўйин каби расм боланинг ички дунёсини очиб берувчи восита экан. Шунинг учун, бола ўз ички кечинмаларини, ҳиссиётларини ифода эта олиши учун унга чизиш имкониятини яратиб бериш лозим.

Расм орқали бола ўз хурсандчилиги ва хафагарчилигини, қўрқувлари ва фантазияларини, атроф-муҳитга муносабатини ифода этиши мумкин. Психологлар фикрича, чизмайдиган бола бўлмайди, агар бола чизишни истамаса, демак унда маълум бир психологик стресс мавжуд.

Боланинг нима чизаётгани унинг ёшига боғлиқ экан. Қуйида боланинг ёшига нисбатан чизиш ҳаракатларининг ўртача кўрсаткичлари келтирилган. Албатта, бундан у ёки бу томонга чекиниш мумкин.

12-18 ой - ҳар хил тушунарсиз чизиқлар, айланага охшаш шакл ва маъносиз зигзаглар;

2 ёш - вертикал чизиқлар;

2.5 ёш - горизонтал чизиқлар, спирал;

3 ёш - доира, қуёш;

3.5 ёш - биринчи одамча, крестик;

4 ёш - квадрат, бола унга таниш бўлган нарсаларни чизишга ҳаракат қилади;

5 ёш - геометрик шакллар, кийим кийган одамча;

6 ёш - ҳаракатдаги ҳайвон ва одамлар, уй жиҳозлари, боғча.

Мутахассислар чизиш даврини 5 асосий босқичга ажратадилар:

  • 2 ёшгача - ажи-бужи хат. Бу босқич бола қаламни ушлай олиш давридан бошланади (1 ёш атрофида). Боланинг кўзи чизаётганини кузатади, қўллари қоғозга ёпишган ҳолатда бўлади. Кейинчалик қўли бўшашиб эркинроқ ҳаракат қила бошлайди.
  • 2 ёшдан 3 ёшгача - ўйлаб топиш. Бола ўзи билмаган ҳолда бир нималар чизиб, атроф-муҳитдаги буюмлар билан солиштиради ва ўз расмларига ном беради.
  • 3 ёшдан 4 ёшгача - янги ҳаракатлар. Бола билган буюмини ҳақиқатдан ўйлаб тўқимасдан тасвирлай олишни бошлайди.
  • 4 ёшдан 10 ёшгача - хаёлий чизиш. Бола буюмни кўрганидек эмас, у ҳақда билганидек чизади. Яъни уй чизса, кўриб турган уй биносинигина эмас, балки уйни ичидаги одамлар ва буюмлари билан тасвирлайди.
  • 10 ёшдан кейин - ҳақиқат. Бу босқичда боланинг чизиши катталарнинг чизишига тенглашади. Унда у буюм ва одамларни ранг ва шаклларни ҳақиқатдагидек тасвирлашга, рангларни маълум бир қоида асосида ишлатишни бошлайди.

Болада чизиш қобилияти кучлими, боламдан буюк рассом чиқадими? Афсуски, болани расмларига қараб унинг чизиш қобилиятига баҳо бериб бўлмайди, чунки, биринчидан, боланинг чизишига катталарнинг қарашлари катта таъсир кўрсатади, демакки у ўз қарашларини ифода этмайди; иккинчидан, боланинг расмларини психология нуқтаи назаридангина баҳолаш мумкин; учинчидан, бола чизаётганда қандайдир ажойиб нарса яратиш истагида бўлмайди, у шунчаки ўзини ички туйғуларини ифода этади холос. Лекин ҳаётда бу қоидадан мустасно ҳолатлар учрайди ва фарзандимиз кичик Picasso бўлиши мумкин, аммо бу жуда ҳам кам учрайдиган ҳолат.

Чизиш, ёзиш учун биринчи қадам.

  • Чизишни ўрганаётган бола қаламни ушлашни ўрганади, қўл ҳаракатларини назорат қилишни бошлайди;
  • Бола 3-4 ёшга келиб катталар ёзувини ўхшатишга ҳаракат қилади, бу ёзувларда қандайдир маъно бор эканлигини тушуна билади;
  • Бола айрим ҳарфларни ўрганиб олгач, у кўпинча расмлар билан ҳарфларни бирга чизади.

Расм орқали:

1. Болани ақлий ривожланиши аниқланади: бола чизаётган нарсаси ўртача нормал кўрсаткичлар билан солиштирилади ва унинг ривожланиш даражаси кўринади;

2. Боланинг психологик ҳолати аниқланади: психологик ҳолати заиф бўлган болалар чизишни истамайди ёки чизган буюмлари қайта-қайта чизилаверади;

3. Боланинг кайфияти аниқланади: бола танлаётган ранглар, шакллар, уларнинг катта кичиклиги боланинг ички кечинмаларига баҳо беради. Масалан, хафа ёки касал бўлган болалар тўқ рангларни ишлатишни яхши кўради.

Қачон боланинг расмига қараб она безовта бўлиши мумкин?

Расмлар орқали боланинг ҳолатига баҳо бериш фақат мутахассисларнинг қўлидан келади. Лекин оналар ҳам ўз фарзанди расмларида қуйидагиларни кузатишса, болани назорат қилиш талаб этилади:

  • Бола чизган расмига қараб йиғлаб юбориши;
  • Одамча чизаётган бола ҳар доим, онаси тушунтирса ҳам, одамча танасининг бир қисмини чизмай қолдиради;
  • Чизган одамчани кўзлари қоп-қора ёки ичи бўш доира шаклида бўлади;
  • Керагидан кўра кўпроқ ўткир чизиқлар;
  • Деярли барча расмларни қора ранг билан бўяш;
  • Расмлар жуда кичик бўлиб, қоғознинг кичик бир қисмини эгаллайди;
  • Бола расм чизишни истамайди ёки чизган расмларини ҳаммасини йиртиб ташлайди;
  • Ойма ой фақат битта расм чизилмоқда;
  • Бўш шакллар чизиш;
  • Тугатилмаган шакллар чизиш.